Трамп самолёти учун Туркияда аэропорт 120 миллион долларга янгиланди

Трамп самолёти учун Туркияда аэропорт 120 миллион долларга янгиланди

Туркия НАТО саммити олдидан Анқарадаги собиқ Этимесгут ҳарбий аэропортини тўлиқ реконструкция қилиш учун 120 миллион доллардан ортиқ маблағ сарфлади. Саккиз ой давом этган кенг кўламли қурилиш ва модернизация ишлари Қатар томонидан АҚШга совға қилинган Boeing 747-8 самолётини қабул қилиш имкониятини яратиш мақсадида амалга оширилди. Бу ҳақда Luxurylaunches нашри хабар берди.

Маълум қилинишича, қиймати тахминан 400 миллион долларга баҳоланадиган ушбу Boeing 747-8 компания томонидан ишлаб чиқарилган энг йирик йўловчи самолётларидан бири ҳисобланади. Унинг узунлиги 76 метрдан ортиқ бўлиб, максимал учиш оғирлиги 442 тоннагача етади. Ана шундай улкан ҳаво кемасини қабул қилиш учун мавжуд инфратузилмани сезиларли даражада такомиллаштиришга тўғри келган.

Шу муносабат билан Анқарадаги Этимесгут ҳарбий аэропорти НАТО саммити арафасида дипломатик хаб сифатида қайта ишга туширилди ва унда қатор муҳим ўзгаришлар амалга оширилди.

Хусусан, учиш-қўниш йўлаги узунлиги 2450 метрдан 3000 метргача оширилди, кенглиги эса 42 метрдан 60 метргача кенгайтирилди. Бу ўзгаришлар туфайли аэропорт Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ICAO)нинг Boeing 747-8 ҳамда Airbus A380 каби улкан самолётлар учун талаб қилинадиган энг юқори — “F” тоифасига мослаштирилди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, Анқаранинг денгиз сатҳидан баланд жойлашгани ва ёз фаслидаги юқори ҳарорат самолётларнинг учиш хусусиятларига таъсир қилади. Шу боис ҳаво кемасининг оғирлиги ва ўлчамлари ҳисобга олиниб, аэропортни реконструкция қилиш зарур деб топилган.

Лойиҳа доирасида янги рулёж йўлаклари барпо этилди, навигация ҳамда ёритиш тизимлари тўлиқ янгиланди. Шунингдек, протокол бинолари кенгайтирилди ва бир вақтнинг ўзида 44 та самолётни қабул қила оладиган 160 минг квадрат метрли перрон қурилди.

Маълумотларга кўра, мазкур Boeing 747-8 аввал Қатар амирининг шахсий самолёти сифатида хизмат қилган. Кейинчалик у АҚШга совға қилинган ва ҳозирда эскирган VC-25A ўрнига АҚШ президентининг янги Air Force One самолёти сифатида қайта жиҳозланиши режалаштирилмоқда. НАТО саммити вақтида айнан ушбу лайнер тадбирга келган энг йирик ҳаво кемаси бўлган.

Аввалроқ Дональд Трампга Туркия сафари чоғида эҳтимолий суиқасд тайёрланаётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Маълумотларга кўра, разведка огоҳлантирувидан кейин унинг Анқарадан учиб кетадиган самолёти алмаштирилган. Бироқ қайтиш йўлида Трамп ўзининг аввалги самолётидан фойдаланиб, бу қарорини «носталгия» билан изоҳлаган. Кейин у Буюк Британиядаги Милденхолл авиабазасига қўниб, у ердан Қатар томонидан тақдим этилган Boeing 747-8 самолётига ўтириб АҚШга парвоз қилган.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар