09:02 / 01.06.2018
4 408

БМТ Қирғизистон расмийларини келин ўғирлаш одатини бартараф қилишга чақирмоқда

БМТ Қирғизистон расмийларини келин ўғирлаш одатини бартараф қилишга чақирмоқда
БМТ агентлиги Қирғизистонда баёнот қилди. Баёнотда мамлакат расмийлари келин ўғирлаш одатини бартараф қилиш бўйича чоралар кўришга чақирилган. Бу ҳақда Дарё хабар берди.

Баёнот яқинда юз берган ва кенг баҳсларга сабаб бўлган фожиа сабабли қилинган. 27 май куни милиция бўлимида 19 ёшли Бурулай Турдалиева ўлдирилган. Бундан аввал эса унинг отаси Турдали Кожоналиев милицияга мурожаат қилиб, унинг қизи ўғирлаб кетилгани ва унинг хоҳишига қарши турмушга беришмоқчи эканлиги ҳақида хабар берилган.

Бир неча соатдан сўнг Чу вилоятининг Сосновка қишлоғида ЙПХ ходимлари ичида Бурулай ва икки нафар эркак бўлган машинани қўлга олган. ИИВ ходимлари ҳужжатларни расмийлаштираётган вақтда қўлга олинганлардан бири, 29 ёшли куёв Бурулай ўтирган фуқаролар қабули хонасига ўтган ва ичкаридан эшикни ёпган. Жанжал овозини эшитган милиция ходимлари эшикни бузган ва «куёв» қизга ва ўзига пичоқ урганини кўрган. Улар шифохонага олиб борилган. Қиз у ерда ўзига келмаган ва вафот этган. Куёв эса омон қолган ва айни вақтда шифохонада ётибди.

«Келин олиб қочиш, мажбурий никоҳ Қирғизистон маданияти ва анъаналарига ҳеч қандай боғлиқ эмас ва ожиз кишиларнинг ҳуқуқларини бузиш ҳисобланади». — дейилади баёнотда.

БМТ тузилмалари бу ноқонуний амалиётни бартараф этишни тўлиқ қўллаб-қувватлашини маълум қилган ва бу ташкилот фаолиятида Қирғизистон билан 2022 йилгача имзоланган келишувларга мувофиқ устувор йўналиш бўлишини қайд этган.

Қирғизистон омбудсмани Қубат Оторбаев Жиноят кодексидаги келин олиб қочганлик учун жазони қаттиқлаштириш ва уни беш йилдан ўн йилгача чўзишни таклиф қилган.

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг ҳисоб-китобига кўра, Қирғизистонда ҳар йили 8—12 минг нафар аёл ўғирланади. Ўғриликларнинг учдан икки қисми келишилмаган ҳолатлар бўлади. Ўғирланган аёлларнинг тахминан икки минг нафари зўрлашга дучор бўлади. 2012 йилда келин ўғирлаганлик учун жиноий жавобгарликни белгиловчи қонун қабул қилинган, бироқ у илдиз отиб кетган амалиётни ҳали ҳам тўхтата олгани йўқ. Бундан ташқари, ҳуқуқ ҳимоячилари томонидан қайд этилишича, мамлакат милицияси баъзан бундай ҳодисаларга етарлича эътибор бермайди ва жиноий иш қўзғатмайди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » БМТ Қирғизистон расмийларини келин ўғирлаш одатини бартараф қилишга чақирмоқда