20:06 / 08.10.2018
3 352

10 миллион уйғур учун концлагерь: Шинжон (5-қисм)

10 миллион уйғур учун концлагерь: Шинжон (5-қисм)
Паст рейтингли одам

Қошғарда нафақат минг йиллардан бери сақланиб келган моддий маданият, балки тарихнинг ўзи ҳам йўқ қилинибди. Бир неча кундан кейин бир йигит билан суҳбатлашдим, икки-уч саволдан кейин у аранг илғаб бўладиган имо билан камералар кўрмайдиган жойда ўтиришга таклиф қилди. Мени бу ерда одамлар Биринчи Шарқий Туркистон республикасини ва уни йўқ қилишда совет қўшинларининг ролини қанчалик эслашлари қизиқтирди. Менинг саволим кутилмаганда Аҳмадни руҳлантириб юборди – у тарих бўйича ўқир экан.

Қошғарда ҳали ҳам бепул тарқатиладиган кўк чойли финжонни бир четга қўяр экан, Аҳмад шундай деб шивирлади: “Менинг уйимда бу одамлар ҳақида ёзилган эски қўлланмалар ҳали ҳам сақланади”.

Бу эски китобларни эгасига зарар етказмаган ҳолда қандай кўриш мумкинлиги ҳақида ўйлар эканман, улардан энг эскиси ўн йилдан сал аввалроқ чоп этилгани маълум бўлди.

“2009 йилгача чоп этилган қўлланмаларни бир йил аввал мусодара қилишди, – деди Аҳмад. – Уйма-уй юриб, биз ёқишга улгурмаган китобларни йиғиб олишди”.

У университетда ишлатилган иккита қўлланмани яширишга улгурибди, ҳақиқатан эски бўлган китобларни эса ёқишга тўғри келибди, акс ҳолда етти йилгача лагерга ҳукм қилиниш мумкин.

Одатда полициячилар ёки Коммунистик партия аъзолари ва ақалли битта уйғурдан иборат фаол фуқаролар гуруҳи Шинжонда ҳаётни ўзгартирган янгиликлардан биридир. Суҳбатдошимнинг айтишича, улар мунтазам равишда уйғур оилаларига келиб, “ғалати саволлар” беришади, уйда тақиқланган буюмлар ва китоблар бор-йўқлигини текширишади. Бундай текширувлар бир неча соат ёки бир неча кун давом этиши мумкин.

“Улар ўзларига қулай вақтда – исталган пайтда келишлари мумкин, – дейди Аҳмад. – Бир йилча аввал улар Ислом, Қуръон ўқишимиз ёки ўқимаслигимиз ҳақида сўрай бошлашди. Ўшанда – бир йилча аввал китобларни олиб қўйишганида ва танишларимиз ғойиб бўла бошлагач, кўп нарса баллар билан боғлиқ экани маълум бўлди”.

Расман “ижтимоий кредитлар тизими” деб аталувчи содиқлик баллари жорий этилиши ҳақида тўрт йил муқаддам эълон қилинган эди. Тизим айнан қандай ишлашини ҳеч ким аниқ билмайди, аниғи шуки, рейтинг давлатнинг фуқаролар ҳақида тўплаган маълумотларига асосланган ҳолда ҳисобланади. Натижага банкдан қарздорлик, йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарималар, ножўя хатти-ҳаракатлар (жумладан, “нотўғри” шоппинг) ва жамоат жойларида чекиш таъсир қилади. Қон донори бўлиш, хайрия лойиҳасида иштирок этиш ёки Коммунистик партияга қасида ёзиш орқали балларни кўпайтириш мумкин. Бироқ видеоўйинларни кўпроқ ўйнаш ёки масжидга тез-тез бориш билан баллардан маҳрум бўлиш мумкин, нотинч ҳудудларга бориш ва исталмаган одамлар билан суҳбатлашиш ҳам рейтингни пастлатади.

Юқори балл меҳмонхонада депозитсиз қолиш, коммунал хизматлар учун чегирмалар ва банкдан пастроқ фоиз билан кредит олишга имкон беради. Паст балл билан иш топиш ҳам, уйни ижарага олиш ҳам қийин. Баллар янада пасайиб кетса, жиддийроқ муаммолар билан юзлашиш мумкин: ҳаракатланиш эркинлиги чекланади, яхши дўконларга кириш тақиқланади, ҳатто танишув сайтларида рўйхатдан ўтиш ҳам ман этилади. Ота-онасининг балли паст бўлгани учун болани мактабга қабул қилмаслик ҳолатлари ҳам учраган. Тизим 2020 йилда тўлиқ ишга тушади, аммо ҳозирданоқ миллионлаб фуқаро рейтинги паст бўлгани учун ички рейсларга билет ололмаяпти.

Ҳар бир фуқаро деярли мунтазам равишда кузатиладиган Шинжонда ушбу футуристик даҳшат тезгина қонли антиутопия хусусиятини касб этди. Маълумотларни қайта ишлаган сунъий онг жамиятни учга бўлди: “хавфсиз”, “нормал” ва “хавфли” фуқаролар. Бунда фуқаронинг дини, судланганлиги ва хорижликлар билан алоқалари эътиборга олинади. Келгусида натижаларга ДНК намуналари ҳам таъсир кўрсатиши эҳтимоли бор.

2016 йилнинг сентябрида интернетда полиция эҳтиёжлари учун генотиплаш жамланмасига очиқ тендер пайдо бўлди. Икки ойдан кейин эса Human Rights Watch ташкилоти Шинжонда паспорт олиш учун ДНК намунасини топшириш мажбурий бўлганини маълум қилди. Намуналар мактабда ва иш жойида олиниши, полиция ходимлари уйга ҳам келиши мумкин. Хорижга қочганларнинг деярли бари оиласига таҳдид бўлаётганини айтади: генетик материалнинг ҳаммадан тўпланиши қариндошларни таъқиб қилиш учун кенг имконият яратади.

Суҳбатдошимнинг қатъий ишонч билан айтишича, ҳар қандай уйғур миллати туфайлигина ўнлаб баллдан маҳрум бўлиши мумкин. Унинг ўзи ҳам, миллионлаб миллатдошлари сингари давлат томонидан ташкил этилган бепул тиббий кўрик чоғида сўлак ва қон намуналарини топширган.

“Сиз буларни тушунмасиз, – дейди Аҳмад. – Ҳаммаси бу йил жиддийлашди. Мотоциклда шлемсиз юрсанг – балл йўқотасан. Бир йўловчи ўрнига иккитаси ўтқизсанг – балл йўқотасан. “Экстремистлар” яшайдиган кўчада тез-тез пайдо бўлсанг – балл йўқотасан ва турмага равона бўласан. Камера олдида нотўғри одам билан туриб қолган бўлсанг – бир дунё саволга жавоб беришга тайёр тур. Бу рақамга нега қўнғироқ қилдинг? Нима учун камерага фалончи билан тушиб қолдинг? Яхшилаб тушунтириб беришинг керак”.

Биз суҳбатлашар эканмиз, қўшни майдонда формага ўхшаш оқ кўйлак кийган аёллар гуруҳи пайдо бўлди. Улар узун иероглифлар ёзилган доска қаршисидаги стулларга ўтиришди. Мажбурий хитой тили дарси бошланди – бундай машғулотлар бутун мухтор ҳудуд бўйлаб ўтказилади ва уларда қатнашиш ҳам содиқлик баллига таъсир кўрсатади. Қўлига қизил боғич боғланган бир нечта ходим машғулотни кузатиб борар эди, улар кўриниши билан Аҳмад суҳбатни тўхтатишга уринди.

Хайрлашар эканман, унга ўз манзилимни бермоқчи бўлдим – биринчи бўлиб мен ёзишим маъқул эмас.

– Раҳмат, манзил керак эмас, (агар) топиб олишса, бу ҳам ортиқча савол-жавобга сабаб бўлади: у одам ким эди, нима ҳақда гаплашдинг? Қачондир бу нарсалар тугаганида биз манзилсиз ҳам учрашаверамиз.

Мен унинг сўзларида ишончни ҳис қилмадим.

Аҳмад мени растада қолдирганча ўтиш жойи томон кетди. Кўчанинг бурчагида уни тўхтатишди: ҳар бир уйғур сингари бир мавзедан иккинчисига ўтаётганида у текширувдан ўтиши лозим.
Давоми бор...

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » 10 миллион уйғур учун концлагерь: Шинжон (5-қисм)