Zara болалар костюми билан боғлиқ танқидларга учради

Zara болалар костюми билан боғлиқ танқидларга учради
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • Зара бренди Ҳалловеен байрами учун мўлжалланган болалар костюми туфайли танқид остига олинди, чунки унинг дизайни Холокост давридаги Освенсим конслагери маҳбуслари кийган формаларни эслатган.
  • Костюмдаги вертикал чизиқлар, эскиртирилган кўриниш ва бичими конслагер маҳбуслари формаларига ўхшашлиги сабабли харидорлар норозилик билдиришди.

Zara бренди болалар учун Halloween байрамига мўлжалланган костюми туфайли танқидлар марказида қолди. Айрим харидорлар мазкур кийим дизайни Холокост давридаги Освенцим (Auschwitz) концлагери маҳбуслари кийган формаларни эслатишини таъкидлаган.

Гап Zara’нинг Kids’ Halloween Groom Costume деб номланган болалар костюми ҳақида кетмоқда. Нархи 39,99 фунт стерлинг бўлган икки қисмли кийим кулранг ва кўк рангларда таклиф этилган.

Танқидчилар костюмдаги вертикал чизиқлар, эскиртирилган кўриниш ва кийимнинг бичими концлагерь маҳбуслари формаларига ноқулай даражада ўхшаш эканини билдирган. Айрим фойдаланувчилар ҳатто кийимдаги нақшларнинг баъзи қисмлари тиканли симни ҳам эслатишини айтган.

Need To Know хабар беришича, Zara эса мазкур кийимни «вертикал чизиқли дизайн, декоратив тикишлар, лацкандаги гул ва эскиртирилган эффектга эга болалар костюми» сифатида тавсифлаган.

Икки қисмдан иборат костюм кардиган ва шортидан ташкил топган бўлиб, пахта ҳамда полиэстер аралашмасидан тайёрланган.

Костюм дизайни ижтимоий тармоқларда ҳам фойдаланувчиларнинг кескин муносабатига сабаб бўлди. Улардан бири Zara’га мурожаат қилиб: «Бу иш қандай қабул қилинади, деб ўйлаяпсизлар?» дея савол қолдирган.

Яна бир харидор эса: «Агар бу ҳақиқат бўлса, умид қиламанки, ҳеч ким, мутлақо ҳеч ким Zara’дан бошқа ҳеч нарса сотиб олмайди», дея ёзган.

Учинчи фойдаланувчи эса бренд агар бу кийимни Освенцимда бўлган бобоси кийган костюмга «якун ясашни» истаган бўлса, энди унга фақат маҳбусларга берилган рақамни қўшиш қолганини киноя билан таъкидлаган.

Бироқ барча харидорлар ҳам костюмни концлагерь формасига ўхшатмаган. Айримлар уни «Beetlejuice» фильмидаги машҳур оқ-қора чизиқли костюмга кўпроқ ўхшатиш мумкинлигини айтган.

Исроил ахборот ва ҳужжатлаш маркази директори Наоми Меструм ҳам мазкур дизайн Холокост билан боғлиқ ассоциацияни уйғотиши ва бу ҳолат оғриқли эканини таъкидлаган.

«Мен бундай ҳолатдан норози бўлган одамларнинг муносабатини жуда яхши тушунаман», — деди у.

Меструм Zara’ни костюмни албатта савдодан олиб ташлашга чақирмаган. Шунингдек, у кийим дизайни ортида қасддан қилинган ёки ёвуз ният бор, деб ҳисобламаслигини билдирган.

«Агар сиз ўзингизда бундай оғриқли хотирани ҳис қилмасангиз, бу ўхшашликни ҳам тезда пайқамаслигингиз мумкин. Менимча, Zara дўконидан ўтаётган оддий харидор ҳам буни дарҳол сезмайди», — деди у.

Мазкур ҳолат Zara’нинг шунга ўхшаш танқидларга биринчи марта дуч келиши эмас.

2014 йилда бренд болалар учун ишлаб чиқарилган, концлагерь маҳбуслари кийимига ўхшатилган чизиқли устки кийимни савдодан қайтариб олган эди. Ўша кийимдаги юлдузсимон нишон ҳам харидорларнинг эътирозига сабаб бўлган.

2007 йилда эса Zara сумка дизайнидаги нақш свастикани эслатиши ҳақидаги танқидлардан сўнг мазкур маҳсулотни ҳам савдодан олиб ташлаган.

Сўнгги костюм юзасидан шикоят қилган мижозга Zara вакиллари: «Юзага келган ноқулайлик учун самимий узр сўраймиз. Биз бу ҳолатдан хабардормиз ва масалани имкон қадар тез ҳал қилиш учун ички тартибда тегишли бўлимга етказдик», мазмунида жавоб берган.

2 октябрь эрталаб ҳолатига кўра, мазкур костюмни Zara’нинг Буюк Британиядаги расмий сайтидан топишнинг иложи бўлмаган.

Шу билан бирга, компания ҳозирча ушбу ҳолат юзасидан расмий оммавий баёнот бермаган.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар