20:40 / 13.01.2019
3 009

Трамп Путин билан музокаралари тафсилотларини яширадими?

Трамп Путин билан музокаралари тафсилотларини яширадими?
Washington Post газетаси АҚШ президенти Дональд Трамп россияликлар президенти Владимир Путин билан музокаралари тафсилотларини яширгани, ҳатто таржимондан учрашувлардан бирига оид ёзувларни олиб қўйгани ҳақида маълумот берди. Оқ уйдагилар бунга жавобан, мақолада ноаниқликлар кўплигини айтиб, унга изоҳ беришни маъқул кўрмаган.

Газетанинг ёзишича, Трамп АҚШнинг аввалги президентларидан фарқли равишда Путин билан музокараларга ўзи билан Оқ уйнинг бошқа юқори мартабали вакилларини олиб бормаган ва ҳеч ким билан бу музокаралар тафсилотлари ҳақида суҳбатлашмаган.

Кейинги икки йил давомидаги бешта жойда бўлиб ўтган суҳбатларнинг бирорта ҳам батафсил ёзуви мавжуд эмас.
Эндиликда АҚШ Вакиллар палатасининг хорижий ишлар бўйича қўмитаси Дональд Трамп ва Владимир Путин ўртасидаги учрашувлар бўйича тингловлар ўтказишни режалаштирмоқда.

«Трамп ҳар сафар Путин билан учрашганида мамлакатга ҳеч гапни маълум қилмайди. Америка ҳақиқатни билишга лойиқ ва вакиллар палатасининг хорижий ишлар бўйича қўмитаси бунинг тагига етмоқчи. Биз Трампнинг Путин ва унинг атрофидагилар билан ғалати муносабатлари атрофидаги сирлар ва бу яширин муносабатлар миллий хавфсизлигимизга қай даражада таъсир қилиши бўйича тингловлар ўтказамиз», дейилади қўмита сайтида эълон қилинган баёнотда.

Washington Post нашри тасдиқлашича, 2017 йили Ҳамбургда «Катта йигирматалик» саммити доирасида Путин билан учрашувидан кейин Трамп таржимондан музокаралар вақтига оид ёзувларни олиб қўйган ва ундан бу суҳбат мазмуни бўйича ҳатто Оқ уйда ҳам ахборот бермасликни сўраган.

Ўша учрашувдан кейин юқори мартабали амалдорлар музокараларнинг умумий якунлари билан танишишган, улардан икки нафари тўлиқ тафсилотларни билишни исташган ва таржимонга юзланишган. Шунда у Трампнинг тақиқи туфайли гапиришдан бош тортган.

Ҳамбургдаги учрашув вақтида Трамп, Путин ва таржимонлардан ташқари америкаликлардан яна бир неча киши бўлган. Аммо Трамп ва Путин Ҳамбургда зиёфатдан кейин ҳам алоҳида учрашишган, бу учрашувда уларга фақат россиялик таржимон ҳамроҳлик қилган.

Washington Post мақоласида қайд этилишича, бу биринчи ҳолат эмас. Нашр маълумотига кўра, 2018 йилда Ҳелсинкида Путин билан музокараларга Трамп ўзи билан таржимондан бошқа ҳеч кимни олиб кетмаган. Ҳатто Оқ уйда ҳеч ким бу учрашув стенограммаси билан таниш эмас.

Оқ уйнинг бир неча ходимлари газета билан суҳбатда Трампнинг россияликлар президенти билан музокараларига оид тўлиқ тафсилотлар махфий ҳужжатларда ҳам мавжуд эмас. АҚШ президентининг бундай ҳаракатлари Оқ уйдагилар учун ҳам ғалати кўринади.

Нашрнинг қайд этишича, АҚШ президентлари одатда музокараларга ёрдамчилар ва таржимонларни олиб борарди. Бу асосан суҳбатдошнинг сўзлари хато талқин қилинишининг олдини олиш мақсадида қилинарди.

Бундан ташқари, ёрдамчилар ва амалдорлар одатда музокараларда айтилган сўзлардан келиб чиққан ҳолда кейин амалга оширилажак ҳаракатлар бўйича ёзувлар қайд этиб боришади.

Оқ уйдагилар мақолани изоҳлашни истамаган, улар мақолада ноаниқликлар кўплиги, шу туфайли муҳокамага ҳожат йўқлигини билдиришган.
Ўз навбатида, Washington Post нашрининг АҚШ президенти маъмуриятидаги манбаси Трамп Путин билан учрашувларга ўз ёрдамчиларини олиб кетмасликка ҳаракат қилиши ҳақидаги фактни тасдиқлаган.

Ўз шахси сир қолишини сўраган манбанинг сўзларига кўра, Трамп бегоналар бўлиши Путин билан ишончли муносабатлар ўрнатилишига халақит беради, деб ҳисоблайди. Стенограммаларнинг йўқлиги эмас, Оқ уйдан маълумотлар сизиб чиқмаслигини кафолатлаш учун.

Тил бириктириш бўйича айблов

Дональд Трамп 2017 йилнинг январида АҚШ президенти лавозимига киришганди. У ўз сайловолди кампанияси вақтида бир неча марта Россия билан муносабатларни яхшилашни ваъда қилган. Ўшанда кўпчилик уни Путин билан тил бириктиришда айблаганди.

Трамп АҚШ президентлиги учун сайловларда ғалаба қозонгач, унинг сайловолди штаби Россия билан алоқалар ўрнатгани бўйича текширувлар бошланди. Бундан ташқари, Америка махсус хизматлари Россияни сайлов жараёнига аралашишда айблади.

Трамп ўз президентлиги вақтида Путин билан жами 5 марта учрашган, аммо шундан 3 мартасида халқаро саммитлар доирасидаги кичик суҳбатлар билан кифояланилган. 2017 йил Ҳамбургдаги ва 2018 йил Ҳелсинкидаги учрашувлар эса икки президентнинг узоқ вақт давом этган учрашувлари ҳисобланади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Трамп Путин билан музокаралари тафсилотларини яширадими?