date
views 3 503

Қирғизистон собиқ президенти Алмазбек Атамбоевнинг уйи олдида юздан ортиқ киши тўпланди

Қирғизистон собиқ президенти Алмазбек Атамбоевнинг уйи олдида юздан ортиқ киши тўпланди
Қирғизистон собиқ президенти Алмазбек Атамбоевнинг Қўй-Тош қишлоғидаги дала ҳовлиси олдида юздан ортиқ киши тўпланди. Бу ҳақда Sputnik хабар қилди.

Собиқ президент уйи яқинига одамлар машиналарда келмоқда. Ҳовлига матраслар олиб келинди. Бир сутка давомида Атамбоевнинг уйи девори бўйлаб бетон плиталар пайдо бўлди. Катта юк машинада тошлар олиб келинди.

Бу ҳолат ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларида кўп саволлар пайдо бўлишига сабаб бўлди. Атамбоев қўлга олинадиган бўлса, унинг тарафдорларига бу тошлар қаршилик кўрсатиш учун керак бўлиши мумкин деган тахминлар билдирилмоқда.

Атамбоевнинг маслаҳатчиси Кундуз Жолдубаеванинг сўзларига кўра, уй ҳовлисида таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда ва пойдевор қуриш учун тошлар олиб келинди.

Бундан ташқари уй яқинида журналист ва тарафдорлар учун штаб ташкил этилди.

Ўтган шанба, 22 июнь куни 300 га яқин тарафдор Атамбоевнинг Қўй-Тош қишлоғидаги дала ҳовлисида тўпланишганди. Тўпланган фуқаролар асосан Жуқорғу Кенеш ишини танқид қилди.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон парламенти 13 июнь куни махсус комиссияни ташкил этган ва у олиб борган иш якунида Атамбоев олтита жиноятга алоқадор бўлиши мумкинлиги ҳақида хулоса қилинган.

Жуқорғу Кенеши 20 июнда хулосани тасдиқлаб, бош прокуратурага юборди.

25 июнь куни мамлакат бош прокурори Ўткурбек Жамшитов собиқ президент эҳтимол беш жиноятларга алоқадор бўлиши мумкинлиги ҳақида баёнот берди. Хулоса кўриб чиқиш учун парламентга юборилди. Бироқ бугун бу масала кун тартибига кирмади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Қирғизистон собиқ президенти Алмазбек Атамбоевнинг уйи олдида юздан ортиқ киши тўпланди