Россиялик депутат ўзбекистонлик қизчани асраб олди (видео)

  • 10 декабрь 2019, 19:01
  • 1 275
  • Дунё
  • Россиялик депутат ўзбекистонлик қизчани асраб олди (видео)
    Кадр: «НТВ»
    Россия Давлат думаси депутати Виталий Милонов НТВ каналининг «Секрет на миллион» («Миллионлар сири») дастури орқали намойиш этилган кўрсатувда ўз фарзандлари, хусусан, асраб олган ўзбекистонлик қизчаси ҳақида гапириб берди.

    Депутатнинг таъкидлашича, фарзандларидан уч нафарини асраб олган (жами олти нафар фарзанди бор). Болалардан бири – чиройлигина қизчани ОАВда эълон қилинган хабар орқали топиб олган. Унинг онаси фарзандини ҳожатхонада дунёга келтириб, хиёбондаги ўриндиққа ташлаб кетган.

    «Ўйлайманки, ҳимоясиз қолган болаларни чет элга юбормасдан ўзимиз асраб олиб, катта қилишимиз керак. Уларни америкаликларга сотиб юборишмоқчи бўлганида тортиб олганман. Мен асраб олган фарзандларимни жуда яхши кўраман. Уларнинг барчаси менинг ўз фарзандим», — дейди Милонов.

    Кўрсатув давомида депутат қизи Евдокиянинг қаерда туғилганини айтишни хоҳламади. Шу вақтда кўрсатув доирасида бу қизчанинг ўтмиш тақдири ҳақидаги аввал олинган лавҳа қўйиб берилди. Унда қизча 2014 йилнинг декабрида туғилганлиги, онаси ўзбекистонлик эканлиги ҳақида сўз боради.

    Бу аёл Петербургдаги ресторанлардан бирида қоровул бўлиб ишлаган. Чақалоқни дунёга келтиргач, 8 соат кўчада айланиб юрган ва хиёбонларнинг бирида совуқда қолдириб кетган. Бу лавҳани кўрган Милонов воқеа жойига бориб, мурғак қизчани асраб олишини айтган. Шундан буён бу қизча депутатнинг оиласида яшамоқда.

    » » Россиялик депутат ўзбекистонлик қизчани асраб олди (видео)