Владимир Путин ўз касбини ўзгартирадими?

  • 16 январь 2020, 17:45
  • 2 770
  • Дунё
  • Владимир Путин ўз касбини ўзгартирадими?
    Россия президенти Владимир Путиннинг мамлакат конституциясига ўзгартиришлар киритиш борасидаги таклифи ортидан бош вазир Дмитрий Медведев кутилмаганда истеъфо берди. Воқеалар ривожи жадаллашиб кетди: кечанинг ўзида бош вазирликка Федерал солиқ хизмати раҳбари Михаил Мишустин номзоди илгари сурилди. Технократ арбоб президентнинг бу таклифини зўр мамнуният ила қабул қилди.

    Хўш, Путиннинг конституцияга ўзгартириш киритишдан кўзлаган мақсади нима? У 2024 йилги президент сайловида яна ўз номзодини қўядими? Ё ўзига ворис тайёрлашни маъқул кўрадими? Жаҳон матбуотида бу борада турли тахминлар илгари сурилмоқда.

    Россия сиёсий кемаси кутилмаган эмас, балки кутилган ўзанда ҳаракатланмоқда, деб ҳисоблайди Лондон Кингз коллежи ҳузуридаги Россия институти директори, доктор Сэм Грин.

    «Биз аввалдан ҳукуматда «қўйлар ҳам тирик қоладиган, бўрининг ҳам қорни тўқ бўладиган» сиёсий эврилиш бўлишини кутаётган эдик», дейди С.Грин. Қайд этилишича, Кремль ҳар қандай ҳолатда ҳам Владимир Владимировичнинг сиёсий етакчилигини сақлаб қолиш йўлларини қидирмоқда. Бу борада турли вариантлар бўлиши мумкин, аммо шаклдан қатъи назар, моҳият ўзгармайди: Путиннинг таъсири ҳозиргидан камаймайди.

    Ҳукуматнинг расман тарқатиб юборилиши жамоатчиликнинг Путин шахсиятига эътиборини чалғитиш йўлидаги қадам ҳам бўлиши мумкин. Россиялик журналист Константин Эггертга кўра, мамлакатда иқтисодий муаммолар кўпайиб, бўҳрон хавф солмоқда. Амалдаги сиёсий ўзгаришлар эса халқаро ва маҳаллий жамоатчилик эътиборини асосий муаммолардан чалғитишга уриниш, холос.

    2004-2008 йилларда Буюк Британиянинг Россиядаги элчиси вазифасида ишлаган Тони Брентонга кўра, сўнгги пайтларда Медведев ҳукуматининг рейтинги кескин тушиб кетди. Путиннинг Беларусь билан ягона иттифоқдош давлат таъсис этиш йўлидаги уринишлари ҳам муваффақиятсизликка учради. Шу боис Путин 2024 йилдан кейин ўзини муҳофаза этиш чораларини кўрмоқда.

    Айрим ғарблик таҳлилчиларга кўра, Владимир Путин «Қозоғистон cценарийси»ни такрорламоқчи: яъни у Давлат кенгаши раҳбари сифатида мамлакат бошқарувини сақлаб қолмоқчи. Хабарингиз бор, Қозоғистон раҳбари Нурсултон Назарбоев 2019 йилда президентликдан истеъфо берди ва Миллий хавфсизлик кенгаши раиси лавозимига ўтди. Шу йўл билан у бошқарув жиловини сақлаб қолди. Путин ҳам Назарбоев усулидан фойдаланиши эҳтимоли мавжуд.

    Президент ваколатлари қисқартирилиб, ҳукумат раҳбари ваколатлари кенгайтирилиши эса Путин 2024 йилдан бош вазир сифатида фаолият юритиши мумкин деган тахминга сабаб бўлмоқда.

    Путиннинг вориси масаласи кўпдан буён муҳокама этиб келинади. Айни пайтда мудофаа вазири Сергей Шойгу, бош вазир ўринбосари Дмитрий Козак, Москва мэри Сергей Собянин ва яна талай арбоблар ворис бўлиши эҳтимоли муҳокама этилмоқда. Аммо Россиянинг амалдаги раҳбари, собиқ жосус ўз одатига содиқ қолиб, қўлидаги қартани сўнгги дақиқаларгача очмасликни маъқул кўрмоқда.

    Колумбия университети профессори Тимоти Фрайга кўра, Путин томонидан бош вазирликка тавсия этилган Михаил Мишустин сиёсий амбициялардан йироқ менежер саналади. Бу эса мамлакат сиёсатида ҳукумат раҳбарининг роли рамзий маъно касб этишини англатади.

    Россиялик сиёсатшунос Николай Петровга кўра, мамлакатда ҳокимиятнинг бир неча тармоққа бўлиниши рўй бериши мумкин. Президент ваколатлари қисқаради, бош вазир ва Давлат кенгаши ваколатлари кенгаяди. Шу тариқа бошқарувнинг ўзига хос тақсимоти рўй беради. Сиёсатшуносга кўра, ваколатлар қайта тақсимланган тақдирда ҳам сўнгги сўзни айтиш ҳуқуқи Путинга тегишли бўлади.

    Эслатиб ўтамиз, 67 ёшли Владимир Владимирович 2000 йилдан буён Россияни идора этиб келмоқда. Конституциявий чеклов туфайли у 2008-2012 йилларда давлат раҳбари курсисини Дмитрий Медведевга бўшатиб, ўзи бош вазир лавозимида фаолият юритган. 2018 йил 18 мартда у 4-муддатга президент этиб сайланган. Путиннинг давлат раҳбарлигига яна бир бор ўз номзодини кўрсатиши Россиянинг амалдаги Конституциясига зиддир.

    С.Салим

    » » Владимир Путин ўз касбини ўзгартирадими?