17:17 / 20 января 2020
856

Ливиядаги уруш: Берлин саммитида нималарга келишилди?

Ливиядаги уруш: Берлин саммитида нималарга келишилди?
Фото: Reuters
19 январь куни Берлинда Ливиядаги вазиятни муҳокама қилиш учун бошланган саммитда ушбу мамлакатга қурол етказиб беришга эмбаргога амал қилиш ҳамда можаронинг турли томонларида туриб уришаётган гуруҳларга ҳарбий ёрдам кўрсатмаслик бўйича келишиб олишди. Бу ҳақда Германия канцлери Ангела Меркель маълум қилди.

«Биз ушбу конференцияда иштирок этган барча делегатларнинг Ливиядаги урушаётган томонларни қўллаб-қувватламаслик ҳамда барча ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиб, ўт очишни тўхтатиш бўйича сулҳга риоя қилиш бўйича ваъдасини олдик», деган Меркель.

Берлиндаги саммитда Ливияда ўзаро урушаётган икки томон - Триполининг халқаро миқёсда тан олинган Миллий келишув ҳукумати раҳбари Фоиз Сарож ва унинг рақиби, Ливия миллий армияси қўмондони генерал Халифа Хафтар ҳам иштирок этган, аммо улар ўзаро учрашув ўтказиш бўйича келиша олишмаган.

Конференция қатнашчилари қаторида мезбон Германия раҳбаридан ташқари, россияликлар президенти Владимир Путин, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған, Франция президенти Эммануэль Макрон, Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон, Италия бош вазири Жузеппе Конте ва АҚШ давлат котиби Майк Помпео бор. Шунингдек, БАА, Миср, Жазоир, Хитой ва Конго вакиллари ҳамда БМТ, Европа иттифоқи, Африка иттифоқи ва Араб давлатлари лигаси раҳбарлари иштирок этмоқда.

Германия канцлерининг сўзларига кўра, саммит иштирокчилари ўтган ҳафта давомида Триполида ўрнатилган тинчлик доимий бўлиши ва сиёсий музокараларни давом эттириш кераклигига келишишган. Меркель хонимнинг аниқлик киритишича, тинчликка амал қилиниши махсус қўмита томонидан назорат қилинади, унинг таркибидан зиддиятли томонларнинг вакиллари бўлган 5 нафар ҳарбий вакил ўрин олади.

Шу билан биргаликда, Россия ташқи ишлар вазири в.б Сергей Лавров Ливияда ўзаро урушаётган гуруҳлар ярашишдан узоқлигини тан олган. «Умуман, биз бу конференцияни фойдали деб ҳисоблаймиз, - деган Лавров Берлин саммитидан кейин. - Ўз-ўзидан тушунарлики, алал-оқибат барчасини ливияликларнинг ўзлари ҳал қилишади, ҳозирча эса улар ўртасида мулоқот ўрнатилмади, уларнинг масалага ёндашувлари бир-биридан жуда фарқли».

Ташқи кучлар зиддияти
Ливиядаги зиддиятга барҳам берилиши унинг барча ташқи иштирокчиларига, шу жумладан Россияга ҳам боғлиқ, деди Берлинга келган Борис Жонсон.

«Гап ташқи кучлар томонидан олиб борилаётган воситачилик можароси ҳақида кетмоқда: бир томонда Россия, Миср ва бошқа давлатлар, иккинчи томонда Туркия ва бошқа давлатлар, учинчи томонда Европа иттифоқи давлатлари. Бундай можаро фақат ташқи кучлар ўз аралашувини тўхтатса якун топиши мумкин. Британия барчани шунга чақиради, бу ҳолат жуда узоқ вақт сақланиб қолмоқда ва бу шармандаликдир», деган Жонсон журналистларга.

Фото: Reuters
Шанба куни генерал Хафтар кучлари мамлакатдаги асосий портлардан нефть экспортини тўсиб қўйишганди.
«Биз мулоқот давом этиши ва можарога ечим топилишига умидимизни йўқотмаймиз», деди Россия президенти Путин конференция доирасида Туркия президенти Эрдўған билан учрашувдан кейин.

Саммит арафасида Ливияга Триполидаги ҳукуматни қўллаш мақсадида туркиялик ҳарбийларни юборишга рухсат берган Эрдўған эса генерал Хафтарнинг агрессив позициясига чек қўйиш вақти келганини яна бир бор таъкидлаган.

Москвадаги учрашув барбод бўлиши

EPA
13-14 январь кунларида Москва шаҳрида ташкиллаштирилган музокараларда Ливиядаги можаро томонлари тинчлик сулҳи бўйича келишувга эриша олишмаганди.
Музокаралар Путин ва Эрдўған томонидан келишилган ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги битимнинг тасдиқланиши билан якунланиши кутилган, аммо Хафтар бу битимни имзолашдан бош тортиб, Москвадан кетиб қолганди.

Аввалига музокараларда воситачилик қилган томонлар бўлмиш Россия ва Туркия ТИВ раҳбарлари Сергей Лавров ҳамда Мавлуд Човушўғли музокараларда «маълум силжиш» кузатилаётганини қайд этиб, душман томонлар бир стол атрофида ўтиришини билдиришганди.

Лекин «Коммерсант» нашрининг Москвадаги музокаралар якунлари бўйича ёзган мақоласида келтирилишича, Хафтар ва Сарож барибир бир стол атрофида ўтиришмаган, туркиялик ва россиялик дипломатлар уларнинг сўзларини бир-бирига етказиб туришган.

Sky News Arabia телеканали маълумотига кўра,томонларнинг келиша олмаслигига асосий сабаб, генерал Хафтар ўз ҳарбийлари Триполига киритилишини талаб қилмоқда, Миллий келишув ҳукумати раҳбари эса Хафтар қўшинлари 2019 йилнинг 4 апрелигача бўлган позициясига (айнан ўша куни генерал Ливия пойтахтини олиш учун юриш бошлаганди) қайтишини истамоқда.

Хафтар имзолашдан бош тортган битимда БМТ ва Россия шафеълигида ўт очишни тўхтатиш режимини жорий этиш, Ливия миллий келишув ҳукумати ва Ливия миллий армияси иштирокида ярашув ҳукумати тузиш, шунингдек, Ливия соҳиллари ва нефт-газ конлари хавфсизлиги халқаро назорат остида бўлиши кўрсатилганди.

Ким аслида ким?

Фоиз Сарож ва Халифа Ҳафтар / Фото: AP
76 ёшли генерал Халифа Ҳафтар кўп йиллар давомида 2011 йили ўлдирилган ливиялик диктатор Муаммар Қаззофийнинг сафдоши бўлган. 1969 йилда у Қаззофий ҳукуматга келиши билан якунланган давлат тўнтаришида иштирок этган. Қаззофий ҳукмронлиги даврида у СССРда таҳсил олган, полковник лавозимигача кўтарилган, 1980-йиллар охирида эса Ливиянинг Чад билан урушидаги муваффақиятсизликлари ортидан мухолифатга ўтган. 1990-йиллар бошида Америка фуқаролигини олган Хафтар 20 йилга яқин вақт АҚШда яшаган, аммо Қаззофий ҳалок бўлиб, Ливияда фуқаролик уруши бошлангач ватанга қайтган.

2014 йилда у мамлакатда яна бир ҳарбий тўнтарув амалга оширишга уриниб кўрган, уруш давомида армиядаги мақомини аввал генерал-лейтенант даражасига, кейин фельдмаршал даражасигача етказган. Уруш йилларида Хафтар бир неча марта Москвага сафар қилиб, бу ерда Сергей Лавров ва Сергей Шойгу билан учрашувлар ўтказган. Ўтган йиллар мобайнида у Миср, Франция ва БМТ шафеълигида ҳам бир неча марта Фоиз Сарож билан музокаралар ўтказган, аммо бу музокаралар самарасиз қолмоқда.

Айни вақтда 59 ёшда бўлган бош вазир Фоиз Сарож Муаммар Қаззофий ҳукмронлиги даврида Ливияда қурилиш вазирлигида ишлаган. 2015 йилда Миллий келишув ҳукумати тузилгани эълон қилинган ва уни Сарож бошқара бошлаган. Бу ҳукумат маълум вақт давомида бош вазир Халиф ал-Гави бошқарувидаги Миллий қутқарув ҳукумати билан параллел ишлаган, аммо 2016 йилда Миллий қутқарув ҳукумати тарқатиб юборилган ва унинг барча ваколатлари Миллий келишув ҳукуматига ўтказилган.

Генерал Хафтар қўшинлари айни вақтда Ливия ҳудудининг қарийб 90 фоизини назорат қилади ва уни Россия, Миср, Иордания ҳамда БАА қўллаб-қувватлайди, Франция ҳам ушбу ҳукуматга ёрдам бериб келади, Сарож ҳукумати эса БМТнинг аксар аъзолари томонидан қонуний орган деб тан олинган ва Туркия томонидан фаол равишда қўллаб-қувватловга эга.

Ливияда нималар бўлмоқда?

Триполини Хафтардан мудофаа қилаётган кучлар / AFP
Ливияда 2011 йилда полковник Муаммар Қаззофий ҳокимиятдан ағдарилгач бошланган фуқаролар уруши ҳамон давом этмоқда.

Ўзини Ливия миллий армияси қўмондони деб эълон қилган генерал Хафтар мамлакат шарқини қўлга олган. 2019 йил апрелида у Триполидаги Миллий келишув ҳукуматига содиқ бўлган кучлар устига юриш бошлаганди.

Унинг ҳарбийлари ҳозиргача пойтахтни қўлга ололмади, аммо улар январь ойи бошларида катталиги бўйича мамлакатда учинчи ўринда турувчи, стратегик нуқтайи назардан ўта муҳим бўлган порт шаҳар Сиртни эгаллашди.

Ўшанда урушувчи томонлар ўртасида вақтинча ўт очишни тўхтатиш бўйича битим имзоланганди. Аммо икки томон ҳам бир-бирини сулҳни бузишда айблади. Бу айбловлар Москвадаги музокаралар барбод бўлишига олиб келганди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)