13:15 / 13.10.2020
1 311

Дунёда коронавирус билан такроран касалланганлар орасида илк ўлим қайд этилди

Дунёда коронавирус билан такроран касалланганлар орасида илк ўлим қайд этилди
Фото: Peter Dejong / AP
Нидерландияда коронавирусга такроран чалиниш ҳолатидан кейин дунёдаги илк ўлим қайд этилди. Гап 89 ёшли аёл ҳақида бормоқда.
BNO News ахборот агентлигининг хабар беришича, саратондан азият чеккан аёл июлда шифохонага етказилган ва унда коронавирус аниқланган. 5 кундан кейин кекса аёл шифохонадан соғайиб чиққан.

Бироқ аёл 2 ойдан кейин юқори тана ҳарорати ва йўтал билан яна шифохонага тушиб қолган. Аёлнинг бу сафар коронавирусга топширган тести ҳам мусбат чиққан. Даволанишнинг 8-куни аёлнинг аҳволи оғирлашган, икки ҳафтадан кейин эса у вафот этган.

Олимлар аёлнинг коронавирусга топширган иккала тести натижаларини таққослаб, улар давомида аниқланган вирусларнинг генетик таркиби бир-биридан фарқланишини аниқлашган. Бу эса аёлнинг такроран касалланганини англатади.

BNO News маълумотларига кўра, айни вақтда дунёда коронавирусга қайта чалиниш бўйича 23 та ҳолат қайд этилган. Бундай илк ҳолат 24 августда Ҳонгконгда аниқланган. Айни вақтда қайта касалланган беморлардан 20 нафари соғайиб кетган, яна 2 киши даволанишни давом эттирмоқда.

Охирги ой давомида Нидерландияда янги касалланиш ҳолатлари тобора кўпайиб бормоқда. 12 октябрда коронавирус 6854 кишида аниқланган ва бир кун аввалги касалланганлардан деярли 500 нафар кўп бўлган. Вазият мамлакат раҳбариятида жиддий хавотир уйғотган. Бир ҳафта аввал мамлакатда бир қатор чекловлар киритилган, 13 октябрдан улар янада қатъийлаштирилиши кутилмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)