14:05 / 20.01.2021
1 822

Навальний «Путиннинг қасри» ҳақидаги суриштирувни эълон қилди (видео)

Навальний «Путиннинг қасри» ҳақидаги суриштирувни эълон қилди (видео)
Фото: BBC
Асосчиси мухолифатчи Алексей Навальний бўлган Коррупция қарши кураш фонди 19 январь куни «Путин учун қурилган қаср» ҳақида катта тадқиқотни эълон қилди, деб ёзади Meduza.

Материалнинг бир қисми Германияда тайёрланган, Навальний заҳарланганидан кейин ўша ерда даволанган эди. 17 январь куни Москвага етиб келганидан кейин у аэропортда қўлга олинган. Эртаси куни полиция бўлимида мажлис ўтказган суд уни 30 суткага қамоққа олди. Мухолифатчининг ўзи судни «қонунбузарликнинг энг юқори даражаси» деб атади.

Алексей Навальний иддао қилишича, Россия президенти Геленжик яқинида, Қора денгиз соҳилида «бутун бошли қироллик»га эгалик қилади, унинг ҳажми «Монакодаги 39 та князликка тенг».

Фонд хабар беришича, мажмуанинг қурилишини бир қатор компаниялар, шу жумладан, «Роснефть» ва «Транснефть» давлат компаниялари қалбаки ижара тўловлари ва бошқа коррупциявий схемалар ёрдамида молиялаштирган.

Тадқиқот муаллифлари бу схемани «дунёдаги энг катта пора» деб атаб, қаср ва узумзорларга сарфланган жами пул қийматини камида 100 миллиард рубль (1,35 миллиард доллар)га баҳоламоқда.

«Россиядаги энг махфий ҳамда энг қаттиқ қўриқланадиган объект, ҳеч қандай муболағасиз. Бу шаҳар ташқарисидаги уй эмас, дала ҳовли эмас, қароргоҳ эмас — бутун бошли шаҳар, аниқроғи эса қироллик. Бу ернинг мустаҳкам деворлари, ўз порти, ўз қўриқлаш хизмати, черкови, ўз ўтказиш режими, учиш тақиқланган ҳудуди ва ҳатто ўз чегара пункти ҳам бор», — дейилади видеода.

Ҳужжатларга таянган ҳолда Алексей Навальний маълум қилишича, «қаср»нинг майдони — 17 691 метр² га тенг бўлиб, бу мамлакатдаги энг катта шахсий турар жойдир.

Қаср ҳақида биринчи марта 2010 йилдаёқ маълум бўлган — у ҳақда бизнесмен Сергей Колесников гапириб берган, у қурилиш лойиҳасига жалб қилинганини айтганди. Бизнесмен қурилиш билан боғлиқ сметалар, шартномалар ва бошқа ҳужжатларни эълон қилиб, лойиҳага бизнесмен Николай Шамалов Владимир Путиннинг манфаатлари йўлида раҳбарлик қилганини билдирди. Бу ОАВда катта шов-шувга олиб келди ва бир неча ойдан кейин Шамалов қасрни бизнесмен Александр Пономаренкога сотди, у эса лойиҳани меҳмонхона мажмуаси сифатида қуриб битказишини маълум қилди.

Коррупцияга қарши кураш фонди даъво қилишича, олди-сотди сохталаштирилган — Пономаренко қаср учун бор-йўғи 350 минг доллар (ОАВларда айтилган нархдан минг марта пастроқ). Шамаловнинг фирмаларидан бири тез орада объектда бошқарувчи компанияга айланди.

Президент матбуот котиби Дмитрий Песков Навальнийнинг тадқиқотини шундай изоҳлади: «Пластинка жуда чайналиб кетди. Кўп йиллар олдин биз Путиннинг ҳеч қанақа қасри йўқлигини тушунтириб бўлганмиз».

Алексей Навальний 2020 йил августдан бери Германияда эди. У Томск—Москва самолётида ўзини ёмон ҳис қилгани сабабли даволаниш учун олиб кетилган. Таҳлиллар натижасига кўра, Навальний «Новичок» гуруҳидаги модда билан заҳарлангани маълум бўлди. Декабрь ойида Bellingcat ва The Insider сиёсатчини Федерал хавфсизлик хизматининг саккиз нафар ходимидан иборат махсус гуруҳ заҳарлагани таъкидланган текширув натижаларини эълон қилди.

14 январь куни Жазоларни ижро этиш федерал хизмати сиёсатчи 29 декабрь куни департамент ташаббуси билан қидирувга берилганини хабар қилди. Хизмат уни «Ив Роше» иши бўйича режимни бузган, унга мувофиқ Навальний ойда икки марта Жазоларни ижро этиш федерал хизмати органларига бориб, рўйхатдан ўтиши керак бўлган. Даволанишдан кейинги реабилитация, хизматнинг фикрича, рўйхатга олишга келмаслик учун асос бўлолмайди.

Навальний 17 январь куни кечқурун Берлиндан Москвага қайтиб келди. Шереметьево аэропортида сиёсатчи «Ив Роше» иши доирасида ҳибсга олинди ва Химки шаҳридаги полиция бўлимига олиб кетилди. Химки шаҳар суди Алексей Навальнийни 15 февралга қадар қамоққа олиш бўйича ҳукм чиқарди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)