10:15 / 21.03.2021
678

Россия чет эллик талабаларга ўз чегараларини очди

Россия чет эллик талабаларга ўз чегараларини очди
РФ ҳукумати коронавирус инфекцияси тарқалиш даражаси паст бўлган мамлакатлар талабаларига Россияда кундузги таълимга қайтишга рухсат берди.

Россия ҳукумати шу вақтгача амал қилиб келинган чет эллик талабаларнинг мамлакатга киришига қўйилган таъқиқни бекор қилди, деб хабар бермоқда Sputnik Тожикистон нашри "Известия"га таянган ҳолда. Аммо кундузги таълим шаклига фақатгина эпидемиологик "тинч" мамлакатлардан бўлган талабаларгина қайтишлари мумкин.

Россияга кириш рухсат берилган мамлакатлар рўйхати чет эллик талабаларга университетлар томонидан шахсий кабинетлар орқали, шунингдек, таълим муассасаларининг ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлардаги расмий саҳифалари орқали етказилади. Россия таълим вазирлиги чет элдан келадиган талабалар учун чегарани кесиб ўтиш тартибини ишлаб чиқди.

Шу тарзда, Россия ўз чегараларини очган давлатларнинг талабалари ўз таълим муассасасини режалаштирилаётган санадан ўн кун олдин олдиндан огоҳлантиришлари шарт. Шунингдек улар Россияга кириб келишдан уч кун олдин коронавирусга ПЦР-тест топширишлари зарур бўлади.

Бундан ташқари, Россияга келгандан кейин талабалар такроран тест топширишлари керак бўлади, тест натижалари чиққунча эса ўз-ўзини яккалаш тартибига амал қилиш зарур этиб белгиланган. Шунингдек, ўқув жараёни ҳозирча аралаш таълим шакли асосида олиб борилади. Ўқиш ҳам онлайн, ҳам офлайн форматда бўлиб ўтади.

Кундузги таълим санитар нормалар ва ижтимоий масофа талабларига қатъий амал қилинган ҳолатда бўлиб ўтади. РФ Таълим вазирлиги изоҳига кўра, респираторли касаллик белгилари бўлган талабаларга ўқишга келиш ман қилинган.

Эслатиб ўтамиз, Россия ОТМлари 2020 йилнинг ноябрида коронавирус пандемияси ва шаҳарларда касаллар сони кескин ортгани туфайли масофавий таълим шаклига ўтиш қарорини қабул қилган эди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Дунё » Россия чет эллик талабаларга ўз чегараларини очди