22:53 / 23.05.2021
2 498

Россияда баъзи муҳожирлар учун махсус ҳуқуқий режим жорий қилинади


Фото: «ТАСС»
Россияда баъзи муҳожирлар учун мамлакатда «Назорат қилинган ҳолда бўлиб туриш» деб аталувчи махсус ҳуқуқий режимни жорий қилиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда «ТАСС» Россия Ички ишлар вазирлигига таяниб хабар берди.

Янги режим Россияда бўлиб туриш учун ҳуқуқий асосга эга бўлмаган, аммо юзага келган шароит туфайли мамлакатда қолишга мажбур бўлган чет элликларга нисбатан ўрнатилади. Масалан, гап коронавирус туфайли ўз-ўзини яккалаш ҳақида бормоқда.

ИИВ аниқлик киритишича, янги ҳуқуқий режим, масалан, мамлакатдан чиқариб юбориш ҳақидаги қарорнинг ижро этилиши тўхтатилган ёки белгиланган жазоларнинг ижро этилиши зарур бўлгани, суд ишларида қатнашаётгани сабабли Россиядан чиқиб кетишига чеклов қўйилган чет элликларга нисбатан қўлланилади.

Россия ИИВ маълумотларига кўра, коронавирус эпидемияси бошланган вақтда — 2020 йил мартидан буён 1,6 миллионга яқин муҳожирлар Россияда бўлиш муддати тугаганидан кейин мамлакатдан чиқиб кетмаган. Қабул қилинган чоралар 400 мингга яқин одамнинг ҳуқуқий мақомини тартибга солиш имконини берган.

Аввалроқ Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Россияда COVID-19 пандемияси туфайли сезиларли даражада камайган меҳнат муҳожирларининг сони мамлакатдаги йирик лойиҳаларни амалга ошириш учун етарли эмаслигини айтган эди.

Аммо кейинроқ Россия ички ишлар вазири ўринбосари Александр Горовой Россияда бир миллиондан ортиқ одам ноқонуний бўлиб турганини маълум қилди. Вазир ўринбосари келтирган Ички ишлар вазирлигининг статистик маълумотларига кўра, бугунги кунда Россияда 332 мингдан зиёд Ўзбекистон фуқароси, 247 минг Тожикистон фуқароси, 152 минг Украина фуқароси, 120 минг Озарбайжон фуқароси, 115 минг Қирғизистон фуқароси, 61 минг Арманистон фуқароси, 56 минг Молдова фуқароси, 49 минг Қозоғистон фуқароси ноқонуний мигрант ҳисобланади.

Россия Ички ишлар вазирлиги МДҲ давлатларидан келиб, Россияда ноқонуний равишда юрган муҳожирларни 15 июнга қадар мамлакатни тарк этишларини талаб қилмоқда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россияда баъзи муҳожирлар учун махсус ҳуқуқий режим жорий қилинади