17:49 / 03.08.2021
2 432

Афғонистон ҳукумати «Толибон» билан тинчлик сулҳи тузишга тайёрлигини маълум қилди


Фото: Reuters
Афғонистон ҳукумати бир қанча шартлар эвазига «Толибон» вакиллари билан тинчлик музокаралари ўтказишга тайёр. Бу ҳақда Афғонистон Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Муҳаммад Ҳаниф Атмар «Известия» нашрига берган интервьюсида айтиб ўтди.

Афғонистон ҳукумати «Толибон»ни ҳокимиятни тақсимлаш бўйича битимга қўшишга ҳамда у билан биргаликда ишлашга тайёрлиги ҳақидаги саволга Атмар шундай жавоб берди. «Биз ‘Толибон’ билан ишлашга, уларни ҳукуматга олишга тайёрмиз, улар билан сулҳ тузишга ва ҳокимиятни бўлишишга тайёрмиз. Бунинг учун кўп шарт қўймаймиз».

Вазирнинг сўзларига кўра, асосий шарт — фуқаролар ўз мамлакатининг келажаги ҳақидаги хоҳиш-иродасини эркин ифода этишига рухсат бериш ва Афғонистоннинг ташқи чегараларида бошқа давлатларга хавф туғдирмаслик. «Бизнинг ҳукумат ‘Толибон’ни террорчиликни қўллаб-қувватлашни бас қилиш шарти билан ўзининг бир қисми сифатида қабул қилишга тайёр», — деди вазир.

Дипломат, шунингдек, илгари «Толибон» «Ал-Қоида» ҳамда Марказий Осиё, Хитой ва Россиядаги бошқа қатор террорчилик ташкилотлари билан яқиндан ишлаганини эслатиб ўтди.

«‘Толибон’ ҳозир улар билан фаол ишламоқда ва келажакда ҳам шундай бўлмаслигига ҳеч қандай кафолат йўқ. ‘Толибон’ бошчилигидаги Афғонистон халқаро террорчилар учун бошпана ва унинг атрофидаги давлатларга таҳдид бўлмайди, деб ўйлаш катта хато. Шундай бўлиши аниқ», — дея қўшимча қилди у.

Бундан ташқари, Атмар хорижий давлатларнинг «Толибон» билан мулоқот ўрнатишга бўлган уринишларини олқишлади, фақат агар бу ҳаракатлар жангариларни зиддиятни тинчлик ва сиёсий йўл билан ҳал қилиш зарурлигига ишонтиришга қаратилган бўлса. Лекин Атмар «‘Толибон’ни зўравонлик ва хорижий террорчилар билан ҳамкорликни давом эттиришга ундаш мақсадида»ги мулоқотларни қоралайди.
Аввалроқ «Толибон» Афғонистон ҳудудининг ярмида ўз назоратини ўрнатгани хабар қилинганди.

Июль ойида АҚШ ўз қўшинларининг катта қисмини Афғонистондан олиб кетди. Шундан кейин мамлакатда «Толибон» жангариларининг ҳужумлари бошланди. Айни пайтда «Толибон» Афғонистон чегараларининг, тахминан, 90 фоизини назорат қилмоқда ва йирик шаҳарларга ҳужум уюштирмоқда.

«Толибон» Ашраф Ғани ҳукумати истеъфога чиқсагина, ўт очишни тўхтатишга рози бўлишини маълум қилди. Афғонистон Ички ишлар вазирлиги мамлакатдаги 34 та вилоятнинг 31 тасида комендантлик соати эълон қилди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Афғонистон ҳукумати «Толибон» билан тинчлик сулҳи тузишга тайёрлигини маълум қилди