15:30 / 11.08.2021
2 371

«Толибон» Бадахшон вилояти маркази эгалланганини эълон қилди


Фото: AP

Афғонистон шимоли-шарқидаги Бадахшон вилояти маркази - Файзобод шаҳри чоршанбага ўтар кечаси «Толибон» ҳаракати томонидан эгалланди. Бу ҳақда ҳаракат матбуот котиби Забиҳулла Мужоҳид хабар берди, деб ёзмоқда «Интерфакс».


«Кеча тунда ҳал қилувчи ва тизимли операция натижасида Бадахшон вилояти маркази - Файзобод шаҳри эгалланди. Толиблар губернатор қароргоҳи, полиция штаби, разведка бошқармаси ва барча давлат идораларини назорат қилмоқда», дейилади Мужоҳиднинг «Твиттер»даги хабарида.

Бадахшон вилояти Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон мухтор вилояти ва Хатлон вилояти билан чегарадош ҳисобланади (шимолда ва шимоли-ғарбда).

Унинг сўзларига кўра, толиблар куни кеча тунда Бағлон вилояти маркази - Пули-Хумрини ҳам ўз назоратига олган. 
«Ҳукуматнинг барча бинолари, вилоят полицияси бош қароргоҳи ва асосий ҳарбий ҳамда фуқаролик муассасалари эгалланди», дейилади хабарда.

Афғонистон ҳукуматининг музокаралар гуруҳи аъзоси ва Афғонистондаги «Ўзгариш тўлқини» сиёсий партияси раҳбари Фавзия Куфий ҳам «Толибон» Файзобод шаҳрини ўз назоратига олганини маълум қилди, деб хабар берди Туркиянинг «Anadolu» агентлиги.
 
«Толибларнинг кенг кўламли ҳужумларидан сўнг, Файзобод шаҳри бу гуруҳ қўлига ўтди ва хавфсизлик кучлари шаҳарни тарк этди», дея Куфийнинг сўзларидан иқтибос келтирган агентлик.

Куни кеча толиблар Афғонистон шимолидаги Саманган вилоятининг маъмурий маркази - Айбак шаҳрини ҳам эгаллаб олгани маълум бўлди.

Мужоҳиднинг сўзларига кўра, бу охирги уч кун ичида мамлакатдаги 34та маъмурий марказдан ҳаракат назоратига ўтган тўққизинчиси бўлди. Толиблар вакилининг айтишича, энди ҳаракат Нимруз, Жузжон, Сарипул, Қундуз, Тахор, Саманган, Фараҳ, Бағлон ва Бадахшон маъмурий марказларини назорат қилмоқда.

Афғонистон расмийлари рўй бераётган воқеалар юзасидан ҳозирча изоҳ бермади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » «Толибон» Бадахшон вилояти маркази эгалланганини эълон қилди