Валюта айирбошлаш шохобчаси. Санкт-Петербург, 2022 йил 1 март
Ғарб мамлакатлари Украинада бошланган урушга жавобан Россияни ҳар томондан сиқувга олиб, оғир санкцияларни қўллай бошлади. Рубль курси қулади, Россия банклари SWIFT тизимидан узилди. Марказий банкнинг хориждаги олтин-валюта захиралари блокланди. Meduza ўз обуначиларидан санкциялар (ва жавоб чоралари) уларнинг ҳаётига қандай таъсир қилгани, бундан кейинги режалари ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашишни сўраб, бир қанча жавоб хатлари жамланмасини эълон қилганди. «Дарё» уни ўзбек тилига ўгирди.
Анатолий
Москва
Уруш бошланганидан сўнг санкциялар рўйхатига тушган компаниядаги раҳбарлик лавозимидан кетишга қарор қилдим. Яхшигина даромад манбаидан айрилдим.
Даҳшат. Оиламда парокандалик — рафиқам Россияни тарк этишни истамаяпти. Мен эса кетишни истайман. Тўрт фарзандимнинг таълимига қаердан пул топаман, билмадим.
Ҳозирча миграцияни режалаштиряпман. Агар уддалай олмасам, ишимни ҳарбий саноат комплексига алоқадор бўлмаган бирорта соҳага ўзгартираман.
Сергей
Санкт-Петербург
Рус акцияларига пул тикканим учун барча жамғармаларимни йўқотдим. Яқин вақтгача Россиядан чиқиб кетишни истамаётгандим, лекин ҳозир бошқа чора йўқдай кўриняпти. Шимолий Кореядаги каби изоляция ичида яшамаслик учун шундай қилишга тўғри келади.
Андрей
Москва
Мен ўйинлар ишлаб чиқариш билан шуғулланаман, компьютер ўйинларини яратиб, Steam орқали тарқатаман. Платформа ҳисоб рақамга фақат SWIFT орқали пул ўтказади. SWIFT ишлайдиган банкда ҳисоб очтиришга тўғри келади. Акс ҳолда, сотилган ўйинлар учун пул ололмайман.
Катя
Москва
Мен спиртли ичимликлар импорт қилувчи кичикроқ компанияда ишлайман. Рубль курсидаги ўзгаришлар туфайли бугундан бошлаб барча етказиб беришлар тўхтатилди. Раҳбарият жим.
Ишимни аввалгидай давом эттираман. Қаттиқ меҳнат қиламан, ўзимга нисбатан ростгўй бўламан, яқинларимни севиб, ғамхўрлигимни аямайман.
Полина
Москва
Кафеда Apple Pay ишламади, зайтун мойи доим сотиб оладиган еримда 20 фоизга қимматлади, май ойида Будапешт таътилига бора олмайдиган бўлдим.
Бу кайфиятимга ёмон таъсир қилиши аниқ, «Мир» картасидан фойдалана бошлайман, чиқимларни эса камайтираман.
Катерина
Германия
Мен Германияда яшайман, лекин уй ҳайвонларим Россияда қолган. Май ойида олиб кетишим керак эди, лекин энди «осмон ёпилиб», улар Россияда қолиб кетди, мен эса олиб келолмай қолдим. Ҳозир бу жуда қимматга тушади. Тартибсизликлар тугашини кутишга мажбурман.
Мария
Москва
Ишим халқаро маданий лойиҳалар билан боғлиқ. Ҳозир у бутунлай тўхтаб қолди. Ташкилотимиз ёпилиши мумкин: чет эллик иштирокчилар Россияга келишга тайёр эмас. Мамлакатдан чиқиб кетиш ҳақида ўйлаяпман.
Виктория
Қрим, Симферополь
Маошим Россиядаги кўчмас мулклар билан узвий боғлиқ. Нарх ва ипотека ставкалари энди кескин кўтарилиб кетса, иш берувчилар маошимни тўлай олиши эҳтимоли камаяди. Қочқинлик мақомини олиб, мамлакатни тарк этмоқчиман.
Диана
Санкт-Петербург
Менга санкцияларгина эмас, балки хорижий хизматлар блокланиши ва чекланиши ҳам таъсир қилди. Мен талабаман, эрталабдан бери Google Slides ва бошқа кўплаб зарур нарсаларга киролмаяпман. Уруш илм-фанга таъсир қилмаслиги керак.
Ноқулайлик туғдирса ҳам, VPN ва бошқа муқобил хизматлардан фойдаланишга тўғри келади.
Наталя
Ставрополь
Руҳиятимга қаттиқ таъсир қилди, ваҳимага тушиб, эртанги кун қўрқуви билан яшаяпман. Хитойга кетмоқчиман.
Артём
Краснодар
Севимли брендимдаги сули ёрмаси бир ярим баравар қимматлашди... Сули ёрмаси! Россия маҳсулоти! Кўзларимга ишонмадим. Компьютердаги ўзгаришлар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади — ССD диск сотиб олишга якшанба куни базўр улгуриб қолдим. Эртаси куни нархи икки баравар ошиб кетди. Steam’дан ўйинлар ва умуман хорижий сайтлардаги рақамли контентни сотиб олишни тўхтатдим. Ахир уни исталган вақтда олиб қўйишлари мумкин.
Кўпроқ ишлайман ва арзонроқ сули ёрмасини сотиб ола бошлайман.
Мария
Санкт-Петербурглик, ҳозир Европа Иттифоқида
Ҳозир Европа Иттифоқидаман, йигитим шу ерда яшайди. У билан учрашдим, энди эса уйга қандай қайтишни билмаяпман. Агар қайтсам, қачондир у билан яна учраша оламанми? Рублда олинадиган маош билан энди Европада яшаб ҳам бўлмайди. Уйга қайтишга иккиланяпман.
Александр
Новосибирск
Тинчлантирувчи дорилар икки баравар қимматлашди (Россия маҳсулоти бўлишига қарамай). Ҳатто тушкунлик кайфиятини енгиш ҳам қийинлашди. Ортиқча ташвишланмасликка ҳаракат қиляпман.
Владимир
Санкт-Петербург
Мен фитнес кийимлари савдоси билан шуғулланаман. Маҳсулотни Европадан олиб келаман. Украина билан чегарада вазият оғирлашганидан сўнг европалик ҳамкорлар барча кредит линияларини узиб, ҳамкорлик шартларини оғирлаштирди. Энди эса санкциялар кучайган ва валюта курси кескин ошган шароитда маҳсулотим таннархини ҳам оширишга мажбур бўляпман. Қайта оёққа туришга бир неча ой керак бўлади.
Ҳозирча юзага келган муаммоларни бартараф қилишга уриняпман. Энди товарларни хориждан қандай олиб кираман, билмадим. Янги коллекциялар ҳақида орзу ҳам қилмай қўйдик. Бу даҳшатлар тезроқ ўтиб кетсайди.
Александр
Ростов-Дон
Мен хорижий онлайн хизматда ишлайман. Қаердадир Россиядан туриб тўлов қилиш имконияти аллақачон ўчирилди, яна қаердадир рус тили йўқолиб қолган. Олган буюртмаларимнинг бир қисми бекор қилинди, чунки одамлар танлови кескин ўзгарди.
Бир неча кун қўлимни қовуштириб ўтирдим. Бир ҳафта ичида қимматли қоғозлар ва бошқа воситалардаги жамғармаларим 30 фоизга камайди. Москвага, севган аёлимнинг ёнига, самолётда етиб боролмадим. Поездда бориш ҳақида ўйлаяпман, лекин у қиммат ва кўпроқ вақтни олади. Лекин буларнинг барчаси, албатта, уруш зонасидаги одамлар бошидан кечираётган нарсалар ёнида айтишга ҳам арзимайди.
Зиммамдаги барча масъулиятларни бажаришда давом этаман. Талаб ва айниқса хизматлар даражасини максимал даражада сақлаб қолишга ҳаракат қиламан. Дўстларим ва яқинларим билан алоқани мустаҳкамлайман.
Анна
Самара
Мен иллюстраторман, анчадан бери фрилансер сифатида фаолият юритиб, хориждан буюртмалар қабул қилиб келаман. Соҳадаги кўплаб фрилансерлар айнан шундай қилади. Эндиликда деярли барчамиз қўшимча, баъзилар эса асосий даромад воситасини бой беряпмиз.
Вазиятдан чиқиш учун бошқа чоралар ҳам етарлича бор, лекин мен вақтинчалик ечим излаяпман.
Марина
Москва
Қанчалик даҳшатли бўлмасин, биз учун энг ёмони жавоб санкциялари бўлди. Эрим иккимиз Европа ва Америкадан маош оламиз. Кейинги маошни қачон олишимиз номаълум, шу сабабли энди биз ўз хизматимизни давлатга сотишимизга тўғри келади. Лекин қанчага, балки, текингадир?
Артур
Сахалин вилояти
Ҳудудимизда нархлар анча кўтарилди. Маиший техника ва электроника сотиб олиш ҳақида орзу қилмаса ҳам бўлаверади. Бунга сабаб — нархлар ошиши ва дўконлар етишмаслиги. Ҳаёт қўрқинчли тус олди, келажакка нисбатан барча умидларимиз пучга чиқди. Янги воқеликка мослашамиз, Украина можароси тез орада барҳам топади деган умиддамиз. Даф бўлсин уруш!
Татяна
Москва
Доллар курси энг оғриқлиси бўлди: энди эрим билан ҳар иккимиз яна минг долларга етмаган маош оламиз. Қанчалик уринма, бу мамлакатда инфляция ва ҳукуматнинг ақл бовар қилмас даражадаги ўзига ишончини енгиб ўтолмайсан. Бу йил биз икки йил ичида биринчи марта таътилга чиқмоқчи эдик — аввал пандемия халал берганди, энди эса уруш.
Бу ердан кетишга қарор қилдик. Эрим бувиси томонидан еврей, Исроилга борамиз.
Руслан
Воронеж
Мен Воронежда тураман, шу сабабли Европа Иттифоқи ва АҚШдан кўра, Кремлнинг жавоб санкцияларидан қўрқаман. Жиддий айтганда, ўтган ҳафтадаги деярли барча харидларим учун афсусдаман, ҳаммасини аввалроқ сотиб олиб қўйсам бўларкан. Рубль курси ачинарли аҳволга тушди. Гарчи айримлар санкциялар билан иши йўқлигини айтиб, мақтанса ҳам, ишончим комил, бу иқтисодиётнинг барча жабҳаларига ва аҳолининг барча қатламларига тааллуқли. Турмуш сифатига таъсир қилувчи ҳақиқий зарарни тасаввур қилиш ҳозирча қийин. Эндигина пастга қараб шўнғий бошладик.
Иш жойимни ўзгартириб, қўшимча иш изламоқчиман. Мамлакатни тарк этмоқчи эмасман. Шевчуков айтгандай, «У кўримсиз бўлса ҳам, кўзимизни қувнатар». Дунёда юз бераётган воқеаларни она шаҳримдан туриб кузатишни истайман.
Артём
Сочи
Мен ошпаз бўлиб ишлаган ресторан ёпилди, чунки асосий таомимиз корейсча қовурилган товуқ эди. Панировка, маринад, соуслар — барчаси Кореядан келтириларди. Ҳа, ҳатто қиздирилган мойни ҳам ўша ёқдан олиб келардик. Рубль курси тушиб кетгани учун чет элдан маҳсулот сотиб олишга имкон қолмади.
Бошқа иш қидиряпман. 2024 йилда турмуш ўртоғим билан чет элга кўчиб кетмоқчимиз.
Анастасия
Москва
Иккита фарзандимиз бор. Квартирамиз торлик қилиб, кенгроғини олмоқчи бўлдик.
Сотиб олмоқчи бўлган квартирамизни танлаб, ухлашга ётдик, тонгда келишув бўлиши керак эди, лекин уйғонсак, уруш бошланибди. Харидни бекор қилдик, яшаш учун ҳеч вақосиз қолишдан хавотирдамиз. Эрим ишлайдиган кичкина банк фаолиятини бир неча кунга тўхтатди. Энди қаерда ишлаши номаълум.
Ҳозирча фақат кузатяпмиз, мия карахт, юрак орқага тортяпти. Қаергадир бош олиб кетгим келяпти, лекин ўзимизни қўлга олиб, ҳеч бўлмаса оилада бир-биримизни қўллашга ҳаракат қиляпмиз.
Елена
Самара вилояти
Ўғлим билан онкология бўлимида ётибмиз, у тез орада операция қилинади, бизга эндопротез жуда зарур. У фақат хорижда ишлаб чиқарилади, ҳар бири алоҳида буюртма асосида тайёрланади. Энди нима қиламиз, номаълум. Шифокорлар буюртма қилиш мумкинми ёки йўқлигини билмайди. Мумкин бўлган тақдирда ҳам, улар буюртмани вақтида тайёрлаб, етказиб бера оладими? Ахир операция қатъий белгиланган вақт ичида амалга оширилиши керак.
Бу вазиятда қўлимдан ҳеч нима келмайди. Шифокорлар саратонга чалинган болалар мутлақо беайб эканлигини у ердагилар тушунади деган умидда.
Анна
Таганрог
Мен Pfizer компанияси ишлаб чиқарадиган қимматбаҳо дорини қабул қилиб юраман. Кеча бир нечта пачкани шаҳардаги турли дорихоналардан базўр топдим. Нархлар энди нима бўлиши ҳақида бир нима дейиш қийин. Сифатли дори билан даволаниш имконияти йўққа чиқмаса бўлди.
Константин
Калининград, Омск
Бизнесим фалаж бўлди. Фақат санкцияларни деб эмас, эртага нима бўлиши номаълумлиги учун ҳам. Бугун ишчиларга бир амаллаб маош тарқатдим. Лекин ҳаммасини эмас, атиги бир қисмини.
Кутишдан бошқа ҳеч қандай чора қолмади! “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Иммунитетни кўтариш учун 6 та энг яхши витамин
НАТО собиқ қўмондони: “Путин Украинанинг тахминан 20 фоизини қўлга киритади”
АҚШ Исроилга пули тўланган бульдозерларни бермади
Трампнинг ўғли Зеленский яқин орада «нафақадан» маҳрум бўлишини ёзди
Трамп Путинга қўнғироқ қилиб, Украинадаги урушни муҳокама қилди
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Учта вилоятда “валютчик”лар қўлга олинди