22:49 / 08.03.2022
2 363

«Украина Қрим ва Донбасс келажаги борасида музокаралар олиб боришга тайёр» — Зеленский

«Украина Қрим ва Донбасс келажаги борасида музокаралар олиб боришга тайёр» — Зеленский
Фото: 247 News Agency
Украина президенти Владимир Зеленский Россия билан Қрим масаласида, шунингдек, Донецк ҳамда Луганск Халқ Республикалари мустақиллигини тан олиш масалаларида келишув имкониятлари мавжудлигини маълум қилди. У бу ҳақда ABC News телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтган. Зеленскийнинг журналист билан суҳбат давомида айтган жавоблари Украина президентининг расмий сайтида украин тилида келтирилган.

- "Мен учун у ерда Украина таркибида бўлишни истайдиган одамларнинг яшаши жуда муҳим. Айни вақтда Россия фуқаролигини олишни истайдиганларнинг хаёлидан қандай фикрлар ўтаётгани ҳам мен учун қизиқ. Аммо мазкур масалаларни, жумладан, Қрим масаласидаги келишувларни муҳокама қилиб олишимиз керак. Биз Қримнинг Россия ҳудуди эканини тан олмаймиз. Россия Федерацияси ҳам уни Украина ҳудуди деб тан олиши қийин. Мазкур икки масала ечимини топишда ички жамиятларимизда исёнлар кузатилмаслиги учун оқилона қарор қабул қилишни уддалашимиз, ушбу ҳудудларда яшовчилар, Украина фуқаролари қониқадиган йўлни топишимизга ишонаман", - деди Владимир Зеленский.

Зеленский юқорида қайд этилган муҳим масалаларни ҳал қилиш йўлида Путинни яна музокараларга чақирди. Украина президентининг сўзларига кўра, уни сайлаган халқ урушда таслим бўлишга ва ультиматумларга тайёр эмас, лекин Россия ҳамда Украина Қрим ва Донбасс келажагини муҳокама қилиш мумкин.

Бундан ташқари, Зеленский Украина қўшнилари, қолаверса, АҚШ, Франция ва Германия каби дунёнинг етакчи давлатлари билан хавфсизлик юзасидан коллектив шартнома имзолаши кераклигини билдирди. Унинг қайд этишича, бу нафақат Украина, балки Москва доимий равишда баёнот билдирадиган Россия учун ҳам хавфсизлик кафолатлари бўлади.

- "НАТО ҳақида ҳам кўп марта гапирганман ва омма олдида Россияга – президент Путинга мессеж ҳам берганман: тегишли давлатларнинг мамлакатимиз хавфсизлиги юзасидан ҳар қандай кафолатларига тайёрмиз. Россия ҳам ушбу давлатлар қаторида, сабаби Россия — бизнинг яқин қўшнимиз", - деди Владимир Зеленский.

Москва ва Киев делегациялари Украинада уруш бошланганидан бери жами уч марта ўзаро учрашди. Музокараларнинг биринчи раунди – 28 февралда, 2-раунди 3 мартда, 3-раунди эса 7 март куни ўтказилган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » «Украина Қрим ва Донбасс келажаги борасида музокаралар олиб боришга тайёр» — Зеленский