00:13 / 12.07.2018
5 081

Энди солиқлардан қочишга ҳожат йўқ

Энди солиқлардан қочишга ҳожат йўқ
“Бу дунёда ўлим ва солиқлардангина қочиб қутулиб бўлмайди”. Бенжамин Франклиннинг ушбу машҳур ибораси солиқнинг ҳаётдаги аҳамияти, иқтисодиётдаги ўрни нақадар мислсиз эканлигини яққол англатиб турибди. Зеро, ҳар қандай мамлакат бюджетига тушумларнинг асосий қисми ҳам, ижтимоий соҳалар ривожи ҳам солиқлар эвазига таъминланади. Ҳамма замонларда унинг йиғимига жиддий эътибор қаратилгани боиси ҳам шундан.

Ҳозирги пайтда дунёнинг кўплаб ривожланган давлатларида солиқларни тўламаслик, ҳақиқий даромадни яшириш жиноят сифатида баҳоланиб, солиқдан қочган одам давлат мулкини ўзлаштирганлик, керак бўлса, халқига хиёнат қилганлик даражасида айбланади. Шунинг учун ҳам ҳар бир фуқаронинг давлат олдидаги биринчи вазифаси солиқларни вақтида тўлаш ҳисобланади.

Бизда-чи? Барча бирдек солиқларни вақтида тўлайдими? Даромадимни яширмаганман, деган мард тадбиркорлар сафи кенгми? Ёки қайси дўкон эгаси олган даромадларини банк орқали тўла кирим қиляпти? Тан олиб айтганда, кўпчилигимиз истеъмолчи сифатида сотиб олган маҳсулот ёки хизматимизнинг юздан бирига ҳам чек талаб қилмаймиз. Шу тариқа ноқонуний пул айланишига сабабчи бўлиб қоламиз.

Аммо солиқ сиёсати ҳақида сўз борганда аксариятимиз ставкаларнинг юқорилиги ва чалкашлигини рўкач қиламиз. Тан олиш керакки, солиқлардан қочишга уринишимизнинг сабаби ҳам айнан унинг мураккаб ва тушунарсизлигидадир.

Бизнес-ҳамкор ва маслаҳатчи

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 26 июндаги “Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан солиқ маъмуриятчилиги тизимини такомиллаштиришнинг энг муҳим йўналишлари белгилаб берилди. Хусусан, давлат солиқ хизмати органларини солиқ тўловчиларнинг бизнес-ҳамкори ва маслаҳатчиси сифатидаги янги имиджини яратиш орқали хизмат кўрсатишга йўналтирилган идорага айлантириш вазифаси қўйилди. Бунда экстерриториаллик принципи асосида солиқ тўловчилар ўз солиқ мажбуриятларини ихтиёрий бажариши талаб этилади. Бизнесни қонуний, шаффоф ва қулай юритиш учун мақбул шарт-шароитлар яратилади. Солиқ маъмуриятчилиги ва назоратининг мутлақо янги тизимига асос солинади.

Шунингдек, коррупциявий омилларга йўл қўймаслик бўйича превентив ва олдини олиш чоралари қўлланилади. Солиқ тўловларининг ўз вақтида, бир хилдаги тушуми таъминланиб, маъмурий тартиб-таомиллар максимал даражада камайтирилади, соддалаштирилади. Солиқ солинадиган базани кенгайтириш ва иқтисодиётда хуфиёна айланмаларни қисқартириш ҳисобига бюджетларнинг даромад қисми барқарор шакллантирилади. Бундан ташқари, текширувдан олдинги таҳлил ва масофавий назорат-таҳлил ишларини амалга ошириш учун маълумотларни тўлиқ йиғиш ва қайта ишлашни таъминлайдиган замонавий, илғор ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш чоралари янада кучайтирилади. Давлат солиқ хизмати органлари ходимларига корпоратив этика сингдирилиб, уларнинг стратегик мақсад ва вазифаларига эришиш учун ўз хизмат фаолияти самарадорлигини ошириш мотивацияси тизими жорий этилади.

1245 нафар ходим нега ишдан олинди?

Президентимиз томонидан солиқ тизимида коррупциянинг авж олиб кетганини, солиқ тўловчиларнинг аксарияти ўз ҳақ-ҳуқуқини билмаслиги, солиқчиларнинг ноинсофлиги, айниқса, бозорларимиздаги аҳволнинг жуда ёмон эканлиги кўп бора кескин танқид қилинди. Қарорда ҳам бу жиҳатлар алоҳида қайд этилиб, солиқ назоратининг эскирган услуб ва принциплари мазкур орган олдига қўйилган янги вазифаларни ҳал қилиш, жумладан, солиқ солинадиган базани кенгайтириш ва солиқлар йиғилувчанлигининг оширилишини таъминлаш имконини бермаслиги, ўз ечимини топмаган сезиларли муаммоларнинг мавжудлиги ушбу ҳолатни янада оғирлаштираётгани таъкидланди.

— Солиқ сиёсатини издан чиқарадиган ҳолатлардан бири бу давлат солиқ хизмати органлари ходимлари фаолиятига коррупция ва алдовларнинг аралашишидир, — дейди Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Беҳзод Мусаев. — Бу ҳол, айниқса, чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида жуда авж олиб кетган эди. Бундай салбий ҳолатларга барҳам бериш мақсадида мазкур соҳадаги ҳуқуқбузарликларни профилактика қилиш бош бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари тугатилди ва уларда ишлайдиган жами 1245 нафар ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди. Янгидан барпо этилаётган тизимга ҳалол ва Ватанни севадиган кадрларни танлаб олишни мақсад қилганмиз.

Адолат ва тенглик тамойили

Аслида, солиқлар нималарга сарфланади? Биз нима учун ҳалол меҳнат қилиб тўплаган даромадимиз, хусусий мулк ва бойлигимизнинг бир қисмини давлатга беришимиз керак? Бунинг жавоби оддий. Давлат хизматчиларининг ойлик маоши, пенсия ва нафақа тўловлари айнансолиқлар ҳисобига қопланади. Бундан ташқари, мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун биз тўлаётган солиқлар асосий манба ҳисобланади. Ана шу нарсани халқимиз тўла тушуниб етсагина солиқларни ўз вақтида тўлашдан оғринмайди. Бунинг учун эса солиқлар ҳаммага тушунарли ва оғирлик қилмайдиган бўлиши керак. Адолат ва тенглик асосида ундирилиши лозим.

Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида”ги Фармони билан айнан шу масалалар ўз ечимини топди. Хусусан, унга кўра, 2019 йил 1 январдан бошлаб барча фуқаро учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ягона ставкаси 12 фоиз миқдорида жорий этилади. Шундан 0,1 фоизи шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига йўналтирилади. Бунда айрим тоифадаги фуқароларнинг энг кам ойлик иш ҳақининг 4 баравари миқдоридаги даромадларини солиқ солишдан озод қилишнинг амалдаги тартиби сақлаб қолинади. Шунингдек, фуқароларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш туридаги даромадларидан бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ушлаб қолинадиган суғурта бадаллари бекор қилинади. Пенсия тизимининг барқарорлигини таъминлаш мақсадида бюджет ташкилотлари, давлат корхоналари, устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан кўпроқ миқдорда бўлган юридик шахслар ҳамда уларнинг таркибий тузилмалари учун ягона ижтимоий тўлов миқдори 25 фоиз этиб белгиланди. Бошқа юридик шахслар учун ушбу тўлов ставкаси 15 фоиздан 12 фоизгача пасайтирилди.

— Бундай ўзгаришлар аҳоли даромадларининг ошишига олиб келади, — дейди Давлат солиқ қўмитаси бош мутахассиси Музаффар Назаров. — Чунки аввал аҳолининг даромад солиғи тўртта шкала бўйича мураккаб тизим асосида ҳисобланарди. Энди эса ҳамма бир хилда — олган даромадидан 12 фоиз солиқ тўлайди. Шунингдек, давлат мақсадли жамғармаларига юридик шахсларнинг обороти (тушуми)дан ундириладиган мажбурий ажратмалар ҳам бекор қилинмоқда. Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ставкаси 14 фоиздан 12 фоизга, тижорат банклари учун 22 фоиздан 20 фоизга пасайтирилади. Мобиль алоқа хизмати кўрсатаётган юридик шахслар (уяли алоқа компаниялари) учун рентабеллик даражасидан келиб чиқиб, улар учун қўшимча фойда солиғи ҳисоблаш тартибини бекор қилган ҳолда 14 фоиздан 20 фоизгача ошириш назарда тутилган. Дивидендлар ва фоизлар кўринишидаги даромадлар бўйича тўлов манбаидан ушлаб қолинадиган фойда солиғи ставкаси эса 10 фоиздан 5 фоизгача пасайтирилади.

Соддалашаётган тизим

Президент Фармонига кўра, ўтган йил якунлари бўйича йиллик айланма маблағи 1 миллиард сўмдан ошган ёки йил давомида белгиланган чегаравий миқдорга етган корхоналар умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтказилади. Бунда йиллик тушумнинг 1 миллиард сўм этиб белгиланган чегаравий миқдори 3 йилда камида бир марта қайта кўриб чиқилади. Барча тадбиркорлик субъектлари, жумладан, обороти (тушуми) 1 миллиард сўмгача бўлган юридик шахслар учун юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тўлайди.

Солиқ тизими соддалаштирилар экан, аввало, аҳолига салбий таъсирини камайтириш чоралари кўрилмоқда. Бунинг учун юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкаси, бино ва иншоотлардан, шу жумладан, илгари хусусийлаштирилган объектлардан самарасиз фойдаланаётган юридик шахслар учун оширилган ставкада солиқ ҳисоблаш тартибини сақлаб қолган ҳолда 5 фоиздан 2 фоизга пасайтирилмоқда. Йиллик айланмаси 1 миллиард сўмгача бўлган солиқ тўловчилар учун тушумдан солиқни 4 фоиз миқдордаги базавий ставкадан келиб чиқиб ҳисоблаш ва тўлаш тартиби ҳамда қўшилган қиймат солиғини ихтиёрий равишда тўлаш имконияти белгиланади.

Ҳар биримиз ҳисса қўшайлик!

— Солиқ сиёсатини такомиллаштиришни биз, аввало, солиқларнинг йиғилувчанлигини оширишдан бошлашимиз керак, — дейди Беҳзод Мусаев. — Бунинг учун солиқ тўловчиларга иложи борича енгиллик бериш, солиқ хизмати ходимларининг малака ва тажрибасини ошириш, шунингдек, аҳолининг истеъмол маданиятини юксалтиришимиз талаб этилади. Ҳар биримиз сотиб олган маҳсулотимиз, бизга кўрсатилаётган иш ва хизматлар учун чек талаб қилишни ўргансак, бозорлар ва хизмат кўрсатиш шохобчаларидаги пулларнинг қонуний айланишига ҳисса қўшган бўламиз. Ёки ҳар бир солиқ хизмати ходимининг ундирган солиғи учун фоиз ҳисобида мукофот пулини жорий этишни ҳам режалаштиряпмиз. Бу ҳам солиқларнинг ўз вақтида йиғилиб, давлат ғазнасининг бойишига хизмат қилади.

Қисқача айтганда, юқоридаги Фармон билан солиқ сиёсатида катта ўзгаришлар бўлмоқда. Янгидан ишлаб чиқилаётган Солиқ кодекси эса тизимнинг барча жиҳатини ўзида акс эттирган янгича ҳуқуқий ҳужжат бўлиши, шубҳасиз.
Бекзод ИБРАГИМОВ.

Манба: "Халқ сўзи"

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Энди солиқлардан қочишга ҳожат йўқ