Ретинол шаклидаги А витамини қариш жараёнини секинлаштириш мақсадида ишлаб чиқариладиган косметик воситаларнинг энг машҳур компонентларидан бири ҳисобланади. Аслида у биз истеъмол қилаётган кўплаб табиий маҳсулотлар таркибида ҳам бор. Айрим маҳсулотлар таркибидаги ретинол миқдори нафақат саломатликка, балки ташқи кўринишингизга ҳам ижобий таъсир кўрсатиш учун етиб ортади.
Бизга болаликдан А витамини сабзи, қовоқ, ёрқин рангдаги сабзавот ва мевалар таркибида бўлишини уқтириб келишган. Буни қисман тўғри дейиш мумкин: мева ва сабзавотларнинг тўқ сариқ ранги учун каротиноидлар – А витаминини ҳосил қилувчи моддалар жавоб беради. Бироқ бета-каротин ва бошқа турдаги каротиноидлар А витамини (ретинол)га айланишдан аввал узоқ давом этадиган жараёндан ўтиши керак.
1 мкг ретинол ҳосил бўлиши учун ўртача ҳисобда 6 мкг каротиноид зарур. Айнан шунинг учун ҳам баланслаштирилган таомномада нафақат каротиноидларга бой мева ҳамда сабзавотлар, балки таркибида аллақачон шаклланган А витаминини сақловчи маҳсулотлар ҳам бўлиши лозим.
Қуйидаги маҳсулотлар таркибида катта миқдорда ретинол сақланади. Уларнинг айримларини ҳар куни, айримларини эса ҳафтада 1-2 марта истеъмол қилиш тавсия этилади.
Жигар
Мол жигари таркибида А витаминини сақлайдиган маҳсулотлар орасида етакчи саналади. 100 г жигар таркибида 8000 мкг ретинол бор десак, ишонасизми? Бу катта ёшли одамларнинг А витаминига бўлган бир кунлик эҳтиёжидан 3 баробар катта кўрсаткич. Шунинг учун ҳам мол жигарини ҳафтада бир мартадан кўп истеъмол қилиш тавсия этилмайди. Айтгандай, товуқ жигарида жорий кўрсаткич 2,5 баробарга пастроқ, шунинг учун ҳам уни кундалик таомнома таркибига киритиш мумкин.
Балиқ маҳсулотлари
Балиқ мойи таркибида ҳам катта миқдорда ретинол сақланиши кўпчиликка маълум. Иккинчи ўринда треска жигари, кейинги ўринда эса икра ва балиқ филеси туради.
Қаттиқ пишлоқ
Пишлоқнинг ёғлилик даражаси қанчалик юқори бўлса, бу унинг таркибидаги ретинолнинг шунчалик кўп эканлигидан дарак беради. Шундай экан, пишлоқнинг А витаминига бой бўлган қаттиқ турларини ҳар куни иккиланмай истеъмол қилаверинг.
Сут ва сут маҳсулотлари
Таркибида А витамини кўп бўлган сут ва сут маҳсулотларини пишлоқдан алоҳида таъкидлаш жоиз: лактозага нисбатан сезувчанлиги юқори бўлмаган инсонлар учун сут маҳсулотлари айни муддао. Шу ўринда муҳим қоидани ёдда тутинг: маҳсулотнинг ёғлилик даражаси қанчалик юқори бўлса, бу унинг таркибидаги А витамини миқдори ҳам шунча катталигини билдиради. Сариёғ, қаймоқ каби маҳсулотларни эса ҳаддан ташқари кўп истеъмол қилманг, улар ўта калорияли маҳсулот ҳисобланади. Сметана ва творогнинг ёғлироқ турини танласангиз, шунинг ўзи ҳам организмга яхшигина фойда келтиради.
Тухум
Бу ерда гап тухум сариғи ҳақида бормоқда, А витамини айнан унинг таркибида сақланади. Кунига 1 дона қайнатилган тухум истеъмол қилиш ретинолга бўлган кундалик эҳтиёжнинг тўртдан бир қисмини қоплаш учун етади.
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг