15:13 / 06.01.2025
109

Тадқиқот: озиш учун қанча вақт машқ қилиш керак?

Тадқиқот: озиш учун қанча вақт машқ қилиш керак?
Фото: independent.co.uk
Буюк Британия олимлари эронлик ҳамкасблари билан ҳамкорликда катта тадқиқот ўтказди. Натижада, аэробик машқлар семизликдан азият чекаётган одамларга ёғ тўқимаси ва умуман тана вазнини сезиларли даражада камайтиришда ёрдам бериши тасдиқланди.

Тадқиқот кўрсатишича, ҳафтасига 150 дақиқа ёки ундан кўпроқ мунтазам машқ қилиш тана кўрсаткичларининг клиник даражада яхшиланишига олиб келади.

Сўнгги ўн йилликларда бутун дунё бўйлаб семизликдан азият чекаётган одамлар сони уч баробарга ошган. Бу эса сайёрамиздаги катта ёшли аҳолининг ярмидан кўпроғида ортиқча вазн ёки семизлик муаммосини пайдо қилган. 2019 йилдаги Global Burden of Disease тадқиқоти натижаларига кўра, бу ҳолат ўлимга олиб келадиган касалликлар хавфини энг юқори даражага етказган. Шу сабабли аэробик машқлар аллақачон вазн назоратининг муҳим тавсиясига айланган бўлиб, ҳафтасига камида 150 дақиқалик машғулот асосий меъёр сифатида қабул қилинган.

Тадқиқотчилар аэробик машқлар давомийлиги билан тана вазнининг камайиши, шунингдек, бел айланаси ва ёғ тўқимаси ҳажмининг камайиши ўртасида тўғридан тўғри боғлиқлик мавжудлигини аниқлаш мақсадида мета-таҳлил ўтказди. Бунинг учун улар 6 880 киши иштирокидаги 116 та клиник синов натижаларини таҳлил қилди. Иштирокчиларнинг ўртача ёши 46 да бўлган, уларнинг 61 фоизи аёллар эди. Аэробик машқларни бажарган иштирокчилар саккиз ҳафта мобайнида кузатувда бўлган.

Натижалар шуни кўрсатдики, машғулотлар вақтини ҳафтасига бор-йўғи ярим соатга кўпайтириш сезиларли яхшиланишларга эришиш имконини беради. Бунда синов иштирокчиларининг тана вазни ўртача 0,52 килограммга, бел айланаси 0,56 сантиметрга, танадаги ёғ тўқимаси миқдори эса 0,37 фоизга камайган. Ҳафтасига 150 дақиқа давом этган машғулотларда ушбу кўрсаткичлар янада яхшиланган: тана вазни ўртача 2,79 килограммга, бел айланаси 3,26 сантиметрга ва ёғ массаси 2,08 фоизга камайди.

Энг самарали натижа эса юкламани икки баробарга ошириб, ҳафтасига 300 дақиқа машқ қилинганда кузатилди. Бунда тана вазни 4,19 килограммга, бел айланаси 4,12 сантиметрга камайди, ёғ миқдори 1,78 фоизга пасайди.

Шундай қилиб, тадқиқот натижалари ҳафтасига ўртача ёки фаоллик билан 150 дақиқа аэробик машқлар бажариш сезиларли натижалар бериши ҳақидаги аввалги тавсияларни тасдиқлайди. Қолаверса, тадқиқот машғулотлар давомийлигини ошириш янада самарали натижаларга олиб келиши мумкинлигини кўрсатмоқда. Ушбу маълумотлар ортиқча вазн ва семизликка қарши курашиш бўйича мавжуд тавсияларни қайта кўриб чиқиш ва янги ёндашувларни ишлаб чиқиш учун асос бўлиши мумкин.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун