
Товуқ тухумини мунтазам истеъмол қилиш кексалар орасида юрак-қон томир касалликларидан ўлим хавфини пасайтириши мумкин, дейилади янги тадқиқотда.
Австралиянинг Монаш университети тадқиқотчилари 70 ва ундан катта ёшдаги 8700 дан ортиқ одамни кузатди.
Ҳафтасига биттадан олтитагача тухум истеъмол қилганлар орасида ҳар қандай сабабга кўра вафот этиш хавфи, ойига икки марта ёки ундан камроқ тухум ейдиган кишиларга нисбатан 15 фоиз пастроқ экани аниқланди.
«Нутриэнтс» журналида эълон қилинган натижаларга кўра, уларда юрак-қон томир касалликларидан ўлим хавфи ҳам 29 фоизга пасайган.
«Бу натижалар кексалар учун овқатланиш бўйича илмий асосланган тавсияларни ишлаб чиқишда фойдали бўлиши мумкин», — деди университетининг эпидемиология ва профилактик тиббиёт ўқитувчиси Холли Уайлд.
Тухум истеъмол қилишнинг фойдаси
Мутахассис тухум оқсил ва асосий озиқ моддаларнинг манбаи эканини қўшимча қилди. Булар жумласига B гуруҳи витаминлари, фолат, тўйинмаган ёғ кислоталари, ёғда эрийдиган витаминлар (E, D, А ва K), холин ҳамда кўплаб минераллар киради.
Аммо узоқ вақт давомида олимлар тухум истеъмолини холестерин даражаси юқори бўлган одамлар учун хавфли деб ҳисоблашган. Холестерин қон томирларида тромбга олиб келиши мумкин, бу эса ўз навбатида юрак касалликлари ёки инсулт хавфини оширади.
Шунинг учун жамоа юқори холестерин ташхиси қўйилган одамлар орасида қўшимча тадқиқот ўтказди.
«Бундай ташхисга эга ва ҳар ҳафта тухум истеъмол қиладиган иштирокчиларда юрак-қон томир касалликларидан ўлим хавфи, тухумни камдан кам ёки умуман истеъмол қилмайдиган иштирокчиларга нисбатан 27 фоиз паст эканини аниқладик. Бу эса ушбу гуруҳдаги одамларга тухум истеъмоли хавф туғдирмаслигини англатади», — деди Уайлд. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар