
Фото: AP
Сайёрамизда 100 йил ва ундан ортиқ умр кўрувчи одамлар сони бошқа ҳудудларга нисбатан анча юқори бўлган 5 та жой мавжуд. Мутахассислар бундай жойларни “Мовий ҳудудлар” деб атайди. Улар қаторига Окинава (Япония), Икария (Греция) ва Сардиния (Италия) ороллари, Никоя яримороли (Коста-Рика), шунингдек, Лома-Линда шаҳри (АҚШ) киради. Олимларнинг фикрича, узоқ умр кўришнинг сири ҳаёт тарзида, жумладан, овқатланиш рационида яширинган. Шу муносабат билан тадқиқотчилар узоқ умр кўрувчиларнинг дастурхонида энг кўп учрайдиган 10 та озиқ-овқат маҳсулотини аниқлади.
1. Дуккаклилар
Узоқ умр кўрувчилар ловия, ясмиқ ва нўхатни ёқтиради ҳамда уларни тез-тез истеъмол қилади. Дуккакли экинлар оқсил, толалар, витаминлар ва минералларга бой бўлиб, шу билан бирга гликемик индекси паст ҳисобланади. Бу дуккакли таомлардан сўнг қондаги қанд миқдори барқарор туради. Бу нафақат диабетнинг олдини олиш, балки узоқ вақт тўқликни сақлаб қолиш учун ҳам муҳим. Бундан ташқари, дуккакли маҳсулотлар организмни яллиғланишдан ҳимоя қилувчи ва қариш жараёнларини секинлаштирувчи кўплаб антиоксидантларга бой.
2. Баргли кўкатлар
Исмалоқ, рукола, салат, манголд, ҳатто укроп ва петрушка — витаминлар ва бошқа биологик фаол моддаларнинг ҳақиқий хазинасидир. Улар лютеин, фолат кислотаси ва бета-каротин каби моддаларни ўз ичига олади, шунингдек, озиқ-овқат толалари манбалари ҳисобланади. Кўкатлар овқат ҳазм қилишни яхшилайди, иммунитетни кучайтиради, юрак фаолиятини меъёрлаштиради ва миянинг қариш жараёнини секинлаштиради. Кўкатларни мунтазам истеъмол қилиш когнитив қобилиятларни яхшилаши ва деменция хавфини камайтиришига алоқадор экани илмий жиҳатдан тасдиқланган.
3. Ёнғоқлар ва уруғлар
Ёнғоқ, бодом, писта, шунингдек, зиғир ва чиа уруғлари таркибида фойдали ёғлар, жумладан омега, оқсил, клетчатка, витаминлар ва минераллар мавжуд. Ёнғоқларни мунтазам истеъмол қилиш холестерин ва қон босимини пасайтиришга ёрдам беради, бу эса диабет ва юрак-қон томир касалликларининг ривожланиш хавфини камайтиради.
4. Бутун донли маҳсулотлар
Бутун донли ундан тайёрланган нон, киноа ва жигарранг гуруч узоқ вақт тўқлик ҳиссини таъминлайдиган мураккаб углеводлар манбаидир. Бутун донли маҳсулотлар таркибидаги толалар овқат ҳазм қилишга, қондаги қанд миқдорини меъёрлаштириш ва холестерин даражасини пасайтиришга ёрдам беради.
5. Зайтун ёғи
Бу Ўрта ер денгизи диетасининг асоси бўлиб, юрак саломатлиги учун ижобий таъсир кўрсатиши билан машҳур. Монотўйинмаган ёғларга бой зайтун ёғи зарарли холестерин даражасини пасайтиради ва эркин радикаллар билан курашиб, яллиғланиш жараёнларининг олдини олади. Зайтун ёғини мунтазам равишда истеъмол қилиш жигар, буйрак ва мия саломатлигини қўллаб-қувватлайди.
6. Куркума
Бу зиравор узоқ умр кўрувчиларнинг ошхонасида тез-тез учрайди. Уни шўрваларга, асосий таомларга қўшишади ва ҳатто куркума асосида ичимликлар тайёрлашади. Унинг фаол бирикмаси куркумин яллиғланишга қарши таъсир кўрсатади, миянинг фаолиятини рағбатлантиради, хотирани яхшилайди ва асаб тизими заифлашувини секинлаштиради.
7. Батат (ширин картошка)
Окинавада батат асосий озиқ-овқат маҳсулоти саналади. У толага, антиоксидантларга ва углеводларга бой бўлиб, узоқ вақт тўқлик ҳиссини беради ҳамда қувват даражасини сақлаб туради.
8. Денгиз маҳсулотлари
Балиқ ва денгиз маҳсулотлари соҳилбўйи аҳолисининг овқатланиш таркибида тез-тез учрайди. Булар юрак саломатлигини қўллаб-қувватлайдиган, яллиғланишни камайтирувчи ва ақлий қобилиятларни сақлаб қолишга ёрдам берадиган оқсил ҳамда омега-3 ёғ кислоталари манбалари ҳисобланади. Ҳафтада камида икки марта балиқ ва бошқа денгиз маҳсулотларини истеъмол қилиш тавсия этилади.
9. Мевалар
Мевалар антиоксидантлар, толалар ва соғлиқ учун муҳим витаминларга бой. Кундалик овқатланиш таркибига мунтазам равишда меваларни киритиш қондаги қанд миқдорини меъёрлаштиради, юрак-қон томир тизими фаолиятини яхшилайди ва тана вазнини бошқаришга ёрдам беради.
10. Чой
Кўк ва ўтли чойлар таркибида яллиғланишга ва микробларга қарши таъсир кўрсатувчи кўплаб антиоксидантлар мавжуд. Чойни мунтазам истеъмол қилиш қандли диабет, артрит, юрак-қон томир касалликлари ва ҳатто айрим турдаги саратон каби сурункали касалликлар хавфини камайтиради.
Тўғри, бу маҳсулотларни мунтазам истеъмол қилувчи ҳар бир киши 100 ёшга кириши кафолатланмаган. Узоқ умр кўриш фақат овқатланишга боғлиқ бўлмайди. Бироқ шуни ишонч билан айтиш мумкинки, “узоқ умр кўрувчилар таоми”ни ўз ичига олган рацион умумий соғлиқни яхшилаш, узоқ ҳамда соғлом умр кўриш имкониятини сезиларли даражада оширади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар