06:20 / 26.03.2025
437

Магнийга бой мевалар: асабийлик ва чарчоққа табиий ечим

Магнийга бой мевалар: асабийлик ва чарчоққа табиий ечим
Замонавий ҳаёт тарзи кўпчиликни доимий чарчоқ, асабийлик ва уйқу бузилишлари билан юзма-юз қилади. Бу муаммоларга дори воситалари орқали ечим излаш урф бўлган бўлса-да, мутахассислар табиий манбалар, хусусан, магнийга бой маҳсулотлар истеъмолини тавсия этадилар.

Магний – инсон организми учун муҳим минерал бўлиб, у қон босимини меъёрлаштиради, асаб тизимини мустаҳкамлайди, стресс ва чарчоқни камайтиради. Шунингдек, магний тишлар ва суяклар саломатлигини қўллаб-қувватлайди, қон таркибидаги глюкоза миқдорини назорат қилади.

Магний етишмовчилиги чарчоқ, асабийлик, уйқусизлик ва мушаклар таранглигига олиб келиши мумкин. Уни табиий йўл билан тўлдиришнинг энг яхши усули магнийга бой меваларни ратсионга киритишдир. Қуйида магний манбаи бўлган энг фойдали мевалар ҳақида маълумот берамиз.

1. Авокадо
Авокадо нафақат магний, балки В гуруҳи витаминлари, омега-ёғ кислоталари ва клетчаткага ҳам бой.

Бир пиёла (кубик шаклида тўғралган) авокадода 43,5 мг магний мавжуд бўлиб, бу кунлик меъёрнинг қарийб 10% ни ташкил этади.

Шунингдек, у юрак саломатлигини яхшилашга ва метаболизмни меъёрлаштиришга ёрдам беради.

2. Қуритилган ўрик
Қуритилган ўрик – қон босимини назорат қилиш ва юрак-қон томир тизими саломатлигини сақлаш учун ажойиб маҳсулот.

100 грамм қуритилган ўрикда 105 мг магний бор. У калий ва темирга ҳам бой бўлиб, анемиянинг олдини олади.

3. Банан
Банан – спортчилар ва фаол турмуш тарзи олиб борувчилар учун ажойиб энергия манбаидир.

200 грамм оғирликдаги битта банан 55 мг магний сақлайди (кунлик норманинг 13% и). 100 грамм қуритилган бананда эса 108 мг магний мавжуд.

Банан серотонин ҳосил бўлишини рағбатлантиради, бу эса кайфиятни кўтаришга ва стрессни камайтиришга ёрдам беради.

4. Қуритилган олхўри
Қуритилган олхўри ичак фаолиятини яхшилайди, организмни шлак ва токсинлардан тозалайди.

100 грамм қуритилган олхўрида 41 мг магний бор. Шунингдек, у калий, темир ва антиоксидантларга бой.

5. Хурмо
Хурмо асаб тизимини мустаҳкамлайди ва умумий тонусни оширади.

100 грамм хурмода 56 мг магний мавжуд. У, шунингдек, синк ва темир манбаи бўлиб, қон ҳосил қилиш жараёнини яхшилайди.

6. Маракуйя
Маракуйя – тропик мевалар ичида магний миқдори бўйича етакчилардан бири.

100 грамм маракуйяда 29 мг магний бор. Унинг таркибидаги антиоксидантлар иммунитетни мустаҳкамлайди, уйқу сифати ва асаб тизимига ижобий таъсир кўрсатади.

7. Араб хурмоси
Араб хурмоси – табиий энергетик бўлиб, организмни куч билан таъминлайди.

100 грамм қуритилган араб хурмоси 69 мг магнийга бой. У, шунингдек, жигар фаолиятини яхшилайди ва организмни токсинлардан тозалашга ёрдам беради.

Магний инсон организми учун жуда зарур минерал бўлиб, унинг танқислиги стресс, чарчоқ ва асабийликка олиб келиши мумкин. Табиий равишда магний миқдорини ошириш учун авокадо, банан, хурмо, қуритилган ўрик ва араб хурмоси каби меваларни ратсионга киритиш тавсия этилади.

Бу мевалар нафақат асаб тизимини мустаҳкамлаш, балки юрак-қон томир тизими, суяклар ва мушаклар саломатлигини сақлаш учун ҳам фойдали. Улардан мунтазам фойдаланиш орқали организмни табиий йўл билан қўллаб-қувватлаш ва соғлиқни мустаҳкамлаш мумкин.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Фойдали