
Тўғри ва мувозанатли овқатланиш соғлом ҳаётнинг энг асосий пойдеворларидан бири ҳисобланади. Айниқса, гўшт маҳсулотларини тўғри миқдорда истеъмол қилиш — болалардан то кексаларгача, ҳар бир инсоннинг умумий саломатлиги, фаоллиги ва кундалик ҳаёт сифатини белгилаб беради.
Ёш гуруҳлар ва болалар учун гўшт миқдори
Инсон организми ўсиш ва ривожланиш даврида ақл-руҳий ҳамда жисмоний тараққиёт учун озуқа моддаларига, айниқса, оқсил манбаи сифатидаги гўштга эҳтиёж сезади. 1-3 ёшдаги болалар учун тавсия этилган меъёр кунига тахминан 75 граммни ташкил этади. 4-6 ёшда бу кўрсаткич 100 граммга, 7-10 ёшда эса 120 граммга кўтарилади.
11-13 ёшли болалар учун эса жинс бўйича фарқ сақланади: ўғил болалар учун 140 грамм, қизлар учун эса 130 грамм. 14-17 ёшли ўсмирлар учун мос равишда 150 ва 140 грамм гўшт миқдори тавсия этилади.
Катталар учун нормалар — касб ва ҳаёт тарзига қараб
Гўшт истеъмол қилиш меъёри фақат ёшга эмас, балки инсоннинг ҳаёт тарзи ва меҳнат фаоллигига ҳам чамбарчас боғлиқ. Ақлий меҳнат билан шуғулланадиган эркаклар учун кунига 140 грамм, аёллар учун эса 120 грамм гўшт миқдори етарли деб топилади.
Енгил жисмоний меҳнат билан шуғулланувчи инсонлар учун 130–150 грамм, ўртача оғирликдаги меҳнат билан шуғулланадиганлар учун 140–160 грамм гўшт истеъмол қилиш тавсия этилади. Оғир меҳнат билан банд бўлганлар эса ҳар куни 160–190 граммгача гўшт еб туришлари керак. Албатта, ўта оғир меҳнат билан шуғулланадиганлар учун бу кўрсаткич 220 граммгача етиши мумкин.
Кексалар ва ёши улуғлар учун махсус меъёрлар
Саломатликка эътибор қаратиш кексайган даврда янада муҳим аҳамият касб этади. 60–74 ёшдаги инсонлар учун кунига 110 грамм гўшт истеъмол қилиш мақсадга мувофиқ. 75 ёшдан ошганлар эса 100 грамм меъёрга амал қилишлари тавсия этилади.
Хулоса ва мутахассислар тавсияси
Гўшт — оқсил, темир, цинк ва В гуруҳи витаминларига бой муҳим маҳсулот. Лекин унинг меъёридан ортиқ ёки кам истеъмол қилиниши саломатликка таъсир кўрсатиши мумкин. Шу сабаб ҳар бир инсон ёш, жисмоний фаоллик ва умумий соғлиғидан келиб чиққан ҳолда гўшт истеъмол қилиш миқдорини тўғри белгилаб олиши керак.
Соғлом овқатланиш ва фаол турмуш тарзи — сифатли ҳаёт кафолати! Мазкур меъёрларга амал қилган ҳолда, ҳар куни ўз саломатлигингизга эътибор беринг. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар