date

Жазирамада қандай кийиниш керак? Мутахассислардан муҳим тавсиялар

Жазирамада қандай кийиниш керак? Мутахассислардан муҳим тавсиялар
Жазирамали ёз мавсумида инсон организми жиддий синовларга дуч келади. Ҳарорат 40 даражадан ошиб кетадиган бу даврда танани иссиқдан ҳимоя қилиш нафақат қулайлик, балки соғлиқ учун ҳам жуда муҳимдир. Шу муносабат билан Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ҳар бир инсон билиши лозим бўлган тўрт муҳим тавсияни эълон қилди.

Кенг ва ёпиқ кийим – саломатлик гарови

Кўпчилик иссиқда енгил ва очиқ кийинишни афзал кўради. Бироқ мутахассислар таъкидлашича, бу ёндашув 37 даражадан юқори бўлган ҳароратда самарасиз. Очиқ тер тезда буғланиб кетади ва организмни совутишга улгурмайди. Бундан ташқари, тер билан қопланган танада SPF ҳимояси ҳам узоқ сақланмайди. Шу боис, узун, кенг ва ҳаво ўтказувчи либослар, жумладан узун кўйлаклар, юбкалар ва енгил шляпалар фойдалидир.

Табиий мато ва оч ранг — ёз тафтини енгади

Сунъий матолардаги либослар нафақат ҳаво ўтказмайди, балки терни ҳам тўплаб, ноқулайликка олиб келади. Қўмита мутахассислари ёз мавсумида фақатгина пахта, линон, ипак каби табиий матолардан тикилган кийимларга устувор аҳамият бериш кераклигини уқтирди. Қора ва тўқ ранглар иссиқни сингдиради, аксинча оч, оқ ранглар қуёш нурларини қайтариб, салқинликни сақлайди.

Қатламли либос – Осиёдан илҳомланган ҳимоя

Бир қарашда ноодатий туюлса-да, Осиё халқларининг миллий кийимларидаги қатламли услуб – ёзда иссиқдан ҳимоя қилишнинг ажойиб йўлидир. Енгил майка ёки футболка устидан кенг нимча ёки узун кўйлак кийиш организм ва ташқи муҳит ўртасида ҳаво қатлами ҳосил қилиб, тана ҳароратини барқарорлаштиради.

Бош кийим — қуёш уришидан асосий ҳимоя

Ёзнинг ёрқин қуёши тўғридан тўғри бошга таъсир қилса, танада иссиқ зарбаси (тепловой удар) юзага келиши мумкин. Шу боис енгил шарф, шляпа ёки пахтадан тикилган панамалар бошни соялашда қўл келади. Қолаверса, бош кийимни озроқ намлаб, терлашдан халос бўлиш ва танани салқинлаштириш мумкин.

Хулоса ўрнида:
Жазирамали фаслда бефарқлик ёки нотўғри кийиниш саломатликка жиддий таҳдид солади. Ўйламасдан танланган гардероб юрак фаолиятида узилиш, иссиқ зарбаси ёки терининг қуёшдан ёнишига олиб келиши мумкин. Мутасаддилар тавсияларига риоя қилиш орқали нафақат ўзингизни, балки яқинларингизни ҳам жароҳат ва саломатлик муаммоларидан асраб қолиш мумкин.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Фойдали » Жазирамада қандай кийиниш керак? Мутахассислардан муҳим тавсиялар