date

Эрталабки одатларингиз терингизни тез қаритиши мумкин

Эрталабки одатларингиз терингизни тез қаритиши мумкин
Ҳар бир инсоннинг куни қандай бошланиши унинг кайфияти, ташқи кўриниши ва ҳатто саломатлигига жиддий таъсир кўрсатади. Айниқса, теримиз — эътиборга лойиқ жиҳатлардан бири. Эрталабги одатларимизни ўйламасдан автоматик тарзда бажариш туфайли, кўзга кўринмас хатоларга йўл қўяётганимизни англамай қоламиз. Айниқса, баъзи одатлар нафақат терининг ҳолатига, балки унинг эрта қаришига ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Қаҳва билан бошланган кун

Кўпчилик учун уйғонишнинг асосий сабаби – қаҳва ҳиди. Биринчи чашкадан сўнг, кўчада иккинчи стакан… Кейин эса ишда яна бир бор. Аммо шифокорлар ва дерматологлар бу одатнинг теримизга унчалик яхши таъсир қилмаслигини таъкидлашмоқда. Кофеин сувсизлантирувчи таъсирга эга бўлиб, терининг қуришига, ажинлар тез пайдо бўлишига сабаб бўлади. Албатта, қаҳвадан тўлиқ воз кечиш шарт эмас, аммо ҳар бир истеъмолдан кейин бир стакан сув ичишни одат қилинг. Бу оддий ҳаракат сизнинг терингизни нам ва ёруғ сақлашда ёрдам беради.

Тозалик ҳам меъёрда бўлиши керак

Кўпчилик эрталаб юзини чуқур тозалаш учун кечқурунги косметик воситаларни яна ишлатади. Лекин мутахассислар айтишича, бу терига оғирлик қилади. Энг яхшиси — илиқ сув билан ювиниш ва енгил намловчи крем ёки гель қўллаш. Бу нафақат терини соғлом сақлайди, балки уни ортиқча стрессдан ҳимоя қилади.

Ҳаракатсизлик — ёшга ёпишган шаффоф соя

“Aging Cell” журналида эълон қилинган тадқиқотларга кўра, жисмоний фаолликнинг етишмаслиги ҳужайраларнинг қариш жараёнини тезлаштиради. Бошқача айтганда, ҳаракатсиз кунлар — эрта ажинларнинг дастлабки сабабчиларидан. Кунлик 20–30 дақиқа сайр ёки енгил машқлар ҳам терини фаол, тиниқ ва ёш сақлашга ёрдам беради. Фаол ҳаракатлар қон айланишини яхшилайди, бу эса терининг тоза нафас олишига имкон беради.

Сивороткалар — эркин радикалларга қарши қалқон

Кўпинча терини намлаш ва қуёшдан ҳимоя қилиш ҳақида ўйлаймиз, аммо антиоксидантларга бой сивороткалар ҳақида унутиб қўямиз. C ва E витаминлари, ферулик кислотаси, кўк чой экстракти, ликопин каби моддалар терига салбий таъсир кўрсатувчи эркин радикалларга қарши курашади. Бундай сивороткаларни эрталаб намловчи кремдан олдин қўллаш, кун бўйи терини ҳимоя қилиб туради. Бу одатни шакллантириш орқали теридаги янгиланиш жараёнларини рағбатлантириш мумкин.

Кўз атрофини эътибордан четда қолдирманг

Инсон юзида энг нозик ва тез қарийдиган жой — кўз атрофи. Майда ажинлар, осилган тери ва қора доғлар кўзларингизни ёшдан каттароқ кўринишига сабабчи бўлади. Гиалурон кислотаси, кофеин ёки пантенол асосидаги махсус кремлар бу муаммоларнинг олдини олади. Қўшимча равишда, қуёшдан ҳимоя қилувчи кўзойнаклардан фойдаланиш ҳам жуда муҳим. Чунки кўз атрофи териси қуёшнинг зарарли нурларига тез таъсирчан бўлади.

Хулоса
Кунини қаҳва билан бошлайдиган, юзини “чуқур” тозалайдиган, спортдан узоқ юрадиган ва сивороткаларни унутадиган инсонларнинг териси тез қаришга мойил бўлади. Агар терингизни соғлом, ёш ва тиниқ кўринишда сақламоқчи бўлсангиз, эрталабги одатларингизни қайта кўриб чиқишга тўғри келади. Сиз одатларингизни ўзгартирсангиз, терингиз ҳам ўзгаради — яхши томонга.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Фойдали » Эрталабки одатларингиз терингизни тез қаритиши мумкин