15:35 / 11.12.2016
14 919

Шоҳрух номи шахмат билан боғлиқ…ми?

Шоҳрух номи шахмат билан боғлиқ…ми?

Соҳибқирон Амир Темур шатранж (шахмат)га шунчаки эрмак ёки вақтини хуш ўтказиш учунгина эмас, балки ҳозирги замон тили билан айтганда, тактик назарий билимларни мустаҳкамлаш воситаси сифатида ҳам қарагани манбаларда келтирилган. Саркарда шахмат ўйнашни зинҳор канда қилмаган, атрофидагиларни ҳам шунга ундаган, ўргатган. Темурийлар саройидаги бу анъана йиллар ўтиб унинг авлодлари ҳаётига кўчган.

АМИР ТЕМУР СЕВГАН ЎЙИН


Аслида ҳам шахмат ўйинининг тараққий этишида Марказий Осиё халқлари муҳим ўрин тутган. Масалан, Абу Райҳон Берунийнинг “Ҳиндистон”, Абдураззоқ Самарқандийнинг “Матлаи Саъдайн ва мажмаи баҳрайн”, Алишер Навоийнинг “Мажолис ун-нафоис”, “Лисон ут-тайр”, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома”си ва бошқа тарихий асарларда шахматга доир қимматли маълумотлар келтирилган. Амир Темур даврида эса кучли шатранжчилар рўйи замин сайқали — Самарқандда жамланган, бир-бирлари билан дона сурган. Темур ташкил этган мусобақаларда кўп бор ғолибликни қўлга киритган табризлик аш-Шатранжий (Оловиддин ат-Табризий) шатранж ҳақида китоб ёзиб, унда ўзи ҳамда ХИВ асргача Марказий Осиёда яшаган кўплаб олия (гроссмейстер)лар ҳақида маълумот берган. У ҳаттоки Соҳибқироннинг ўзи билан ҳам шатранж ўйнаб турган.

Икки йилча аввал Францияда нашр этиладиган “Ле Фигаро” кундалик газетасида “Жаҳон тарихидаги буюк саркардалар. Амир Темур” сарлавҳали мақола эълон қилинди. Унда мақола муаллифи — франциялик тарихшунос олим Арно Блин давлатчилик қурилиши, илм-фан, маърифат ва маданият тараққиётига улкан ҳисса қўшган буюк саркарда ва давлат арбоби тўғрисида диққатга сазовор фикрларни баён қилади. Жумладан, мақолада шахмат ўйинининг моҳир устаси бўлган Амир Темур ҳарбий юришлари чоғида, жанг жараёнини тўлақонли ва аниқ идрок эта олиш, мураккаб вазиятларда тўғри қарорлар қабул қилиш қобилиятига эга бўлгани айтилади. Дарҳақиқат, Амир Темур шахмат ўйинининг ишқибози бўлган, уни жуда қадрлаган. У муҳим масалаларни шахмат тахтаси атрофида ҳал этган. Тарихий манбаларнинг шоҳидлик беришича, буюк саркарда ҳаддан зиёд банд бўлишига қарамай, доимо шахмат учун вақт ажрата олган. Мисол учун, давлат ишлари, оила ташвишлари билан банд бўлганида ҳам ёки олис мамлакатларга сафарлари, аёвсиз жанглар оралиғида ҳам шахмат билан ҳамнафас бўлган. Чунки шахмат билан машғул бўлган вақтлари ўзида руҳий хотиржамлик ва ишончни ҳис қилган, қолаверса, бўлажак тактик юришлари режа ҳамда ғояси айни шу онларда туғилган экан. Манбаларда айтилишича, Соҳибқирон умрининг сўнгги кунларига қадар деярли ҳар куни шахматга вақт ажратган.

Шахматга меҳр унда ёшликдан бошланган. Даставвал “ақл чархи”нинг қонун-қоидаларини отасидан, кейинчалик устози шайх Шамсиддин Кулолдан қунт билан ўрганади. Темурнинг кучли хотираси унинг қисқа вақт ичида шахматнинг моҳир устаси бўлишида муҳим ўрин тутади. У усулларни, қайси рақиб билан қандай ўйнаш кераклиги ва шахмат психологиясини кучли ўзлаштиради. Шамсиддин Кулол ёш шогирдига шахмат орқали узоқни кўра олиш, режали, мулоҳазакор ва тадбиркорлик билан иш юритиш, шахмат ўйини ва ҳақиқий ҳаёт ўртасидаги масофани ажрата олиш ва ўз навбатида, улардаги ўзаро ўхшаш жиҳатларни пайқашни ўргатади. Шу боис унинг тарихий ғалабаларида шахматнинг ўрни юқори, дейиш мумкин.

Соҳибқирон шахматда муҳим юриш олдидан одатига кўра, қуюқ соқолини ўйчан сийпаларди, бу одат унга керакли комбинацияни танлаш, бор имкониятларни чамалаш ва ҳисоблаб чиқишда ёрдам берган. Эътиборлиси, у ҳар доим қора доналарда ўйнаган. Сабаби у “қора”ларда ўзига хослик ва чуқур теранликни ҳис қилган. Маълумки, Амир Темур бирор душманга ҳужум қилиш олдидан ўша юрт ҳукмдори билан дипломатик муносабатлар ўрнатишга, зиддиятни тинчлик йўли билан ҳал қилишга уринган. Чунки шахматда ҳам ўйинни “қора”лар эмас, аксинча, “оқ”лар бошлайди. Оқ доналар ташаббус ва имтиёзга эга бўлади, “қора”лар эса уларнинг зарбасига қарши жавоб қайтаради. Темурни бу ҳолат қаноатлантирган. Шу боис у кўпинча оқ дона сурган рақибига ҳужум қилишига, мақсади ва ниятини очиқ-ойдин кўрсатишига имконият берган. Саркарда агарда қора доналар орқали мустаҳкам мудофаа йўлга қўйилса, “оқ”ларнинг ҳар қандай ҳужуми муваффақиятсизликка учрайди, деб ҳисоблаган.

БУЮК САРКАРДАНИНГ «ПИЁДА»ЛАРИ


Айрим муаррихларнинг ёзишича, ҳарб илми ва шатранжда тенгсиз Соҳибқирон Амир Темур одатдаги шахматнинг қонун-қоидаларини ислоҳ қилиб, мураккаб шахмат турини яратган ва унга “Шатранжи комил” ёки “Шатранж ал-кабир”, деб ном берган. Бу ўйин Соҳибқирон ҳукмронлиги даврида Форсда, Ўрта Шарқда аҳоли орасида кенг тарқалган. Бу қанчалик ҳақиқатлиги маълум эмас. Бироқ ишончли манбаларда мазкур шахмат тури ҳозирга қадар Темур номи билан боғланади.

Аслида 1658 йили форс олими ҳожи Халифа илк бор Амир Темур шахмати, унинг қонун-қоидалари ҳақида ёзиб қолдиради. Аммо у ҳам мазкур маълумотларни бошқа бир муаллиф, яъни Соҳибқирон саройида яшаган машҳур шахмат устаси Али аш-Шатранжий номидан келтиради. Яна шунингдек, Амир Темурнинг шахматга қаттиқ меҳр қўйганини тарихчи Ибн Арабшоҳнинг асарларидан ҳам ўқиш мумкин. Европада эса Темур яратган мураккаб шахмат тури ҳақида биринчи марта 1860 йили англиялик тилшунос олим Дункан Форбс “Шахмат тарихи” китобида маълум қилади.

Маълумки, 1360 йилдан бошлаб темурийлар империяси ва Олтин Ўрда ўртасида жиддий қарама-қаршиликлар юзага кела бошлаган. Амир Темур Тўхтамишхон қўшинига қарши бир қанча юриш қилиб, ғалабага эришган. Аммо Тўхтамишхон ҳар сафар яна бош кўтараверади. Ниҳоят, 1395 йили у батамом мағлуб этилди. Энг қизиғи, манбаларда айтилишича, айнан шу йиллар мобайнида Мўғулистонда “Амир Темур шахмати” халқ орасида жуда оммалашиб кетган.

Бир куни Амир Темур ўзи яратган 112 катакли шахмат тахтасида мулозимлари билан дона суриб ўтирганида, чопарлар унга иккита қувончли хабар келтиришади. Биринчи хабар, у ўғил фарзанд кўргани, иккинчиси эса унинг амри билан Сайхун бўйида барпо қилдирилаётган шаҳар битгани ҳақида эди. Саркарда бу икки хушхабарни шахматда рақибига эндигина рух билан шоҳ берган пайти эшитгани учун ўғлига Шоҳрух, шаҳарга эса Шоҳрухия деб ном беради. Бу ҳақда Георгий Александрович ва Ефим Столярнинг шахмат тарихига оид ёзилган “Кўпқиррали Каисса” тўпламида ҳам айтиб ўтилган.

Хўш, буюк саркарда яратган шахмат ўйини замонавий шахматдан нимаси билан фарқланади? Аввало, “Темур шахмати” тахтаси бир хил рангда бўлиб, ўн қатор, ўн бир устун ва 112 катакдан иборат (замонавий шахмат эса 64 катак ва 8 устун ҳамда қаторга бўлинган). Эътиборлиси, шахмат доскасига иккита қўшимча катак ҳам қўшилган. Улардан бири чапдаги ўнинчи қаторда, иккинчиси эса ўнгдаги иккинчи қаторда. Бу қўшимча иккита катак ўйин давомида суянч “қўрғонча” вазифасини ўташи кўзда тутилган ва у мазкур шахмат турида жуда муҳим ўрин тутган. Бошқача қилиб айтганда, “қўрғонча” “шоҳ” учун бошпана ёки чекиниш йўли функциясини бажарган. “Шоҳ”дан ташқари, бошқа сипоҳлар “қўрғонча”га кириш ҳуқуқига эга бўлмаган. Аҳамиятлиси, ўйин давомида қайсидир шахматчи ўз “шоҳ”ини рақибнинг “қўрғонча”сига жойлаштирса, ўйин дуранг натижа билан якунига етган.

Маълумки, одатдаги шахматда “пиёда”ларнинг имконияти ҳам, юриш қоидалари ҳам бир хил. “Амир Темур шахмати”да эса “пиёда” сипоҳлар ҳам бир-биридан фарқ қилади. Масалан, “пиёда-шоҳ”, “пиёда-вазир”, “пиёда-қўмондон” каби, шунингдек, “пиёда-пиёда” сипоҳи ҳам мавжуд эди. Аммо мазкур шахмат тури қайсидир даврда изсиз йўқолиб кетган, бугун эса шахмат усталари ва мухлисларига унинг айрим қонун-қоидалари маълум, холос.

Ҳозирга қадар мазкур мураккаб шахмат турини буюк саркарда яратган ёки яратмаганига оид мавзу ҳамон баҳсли. Аммо кўплаб ишончли манбаларда бу шахматни айнан Соҳибқирон ўйлаб топгани айтилади. Зеро, Амир Темур ўз даврининг етук саркардаси бўлиши билан бирга кўпгина дунёвий илмларни ҳам чуқур эгаллаган зукко шахс бўлган. Шу боисдан мазкур гапга ишонса бўлади. Негаки, бунга унинг салоҳияти ҳам, беназир ақл-идроки ҳам етарли эди…


Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Шоҳрух номи шахмат билан боғлиқ…ми?