date

Илк марта ота бўлган эркак миясида ажойиб ўзгаришлар аниқланди

Илк марта ота бўлган эркак миясида ажойиб ўзгаришлар аниқланди

Америкалик олимлар янги тадқиқот орқали илк бор ота бўлган эркаклар миясида содир бўладиган ҳайратланарли жараёнларни очиб берди. Лос Анжелес ва Шимолий Каролина университетлари олимлари ўтказган тажриба натижалари Human Brain Mapping журналида эълон қилинди ва катта қизиқиш уйғотди.

Тадқиқот доирасида 32 нафар ёш оталар иштирок этди. Болалари туғилганидан саккиз ой ўтгандан кейин улар функционал МРТ орқали текширувдан ўтказилди. Жараён давомида эркакларга турли кўринишдаги видеолар намойиш этилди:

  • ўз фарзандларининг қисқа видеолари;

  • бегона чақалоқлар суратлари;

  • ҳомиладор турмуш ўртоғининг видеолари;

  • нотаниш аёл тасвирлари.

Натижалар шундан далолат бердики, оталар ўз фарзандини кўрганида миянинг орқа қисми (posterior cingulate cortex) ва фронтал қисми (orbitofrontal cortex) кучлироқ фаолликка эга бўлади. Бу соҳалар инсонда эмоцияларни назорат қилиш, бошқалар ҳис-туйғуларини англаш ва уларга жавоб қайтариш тизими билан чамбарчас боғлиқ. Қизиғи шундаки, бегона чақалоқ ёки ҳатто ҳомиладор турмуш ўртоғи видеоларидан кўра, айнан ўз боласини кўрган пайтда оталарда мия фаоллиги анча кучли бўлган.

Олимлар фикрича, бу ҳолат оддий ижтимоий реакция эмас, балки ота ва фарзанд орасидаги чуқур психологик боғланишни намоён этади.

Шу билан бирга, ота бўлиш эркак организмида гормонал ўзгаришларни ҳам келтириб чиқаради:

  • тестостерон даражаси пасаяди;

  • окситоцин ва пролактин миқдори кўпайди.

Бу гормонал ўзгаришлар отанинг болага меҳрини янада оширади, эмоционал алоқани мустаҳкамлайди ва ғамхўрлик туйғусини кучайтиради.

Тадқиқот шуни кўрсатдики, ота бўлган эркакларда миянинг эмоцияларни бошқариш, ҳис-туйғуларни англаш ва фарзанд эҳтиёжларини сезиш билан боғлиқ тармоқлари фаолроқ ишлай бошлайди. Бу эса уларнинг болага эътибори ва ғамхўрлиги ортишига хизмат қилади. Олимлар фикрича, эркаклар миясидаги бундай ўзгаришлар узоқ муддат давомида сақланиши мумкин.

Мазкур тадқиқот ота-она ва фарзанд муносабатларига доир билимларимизни янада тўлдирди. Агар аввал асосий эътибор кўпроқ она ва бола алоқасига қаратилган бўлса, эндиликда оталикнинг ҳам мия фаолиятини тубдан ўзгартириши исботланди. Энди олимлар бу жараённи янада чуқур ўрганиб, ота-бола муносабатини мустаҳкамлаш ва оилавий психологик соғлиқни яхшилаш йўлларини топишни мақсад қилишмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Фойдали » Илк марта ота бўлган эркак миясида ажойиб ўзгаришлар аниқланди