Хурмо инсоният томонидан асрлар давомида истеъмол қилиб келинаётган, нафақат мазаси, балки шифобахш хусусиятлари билан ҳам машҳур бўлган мевалардан биридир. Унинг таркибида турли витамин ва минераллар, шунингдек, фойдали антиоксидантлар жуда кўп. Шу сабабли у соғлом овқатланиш таркибий қисми сифатида тавсия этилади.
Мутаҳассислар таъкидлашича, хурмо аввало организмни антиоксидантлар билан таъминлайди. Ушбу моддалар эркин радикаллар билан курашиб, турли касалликларнинг олдини олишга ёрдам беради. Шу билан бирга, С витаминининг кўплиги туфайли иммунитет тизимини мустаҳкамлаб, шамоллаш ва грипп каби касалликларга қарши қувват беради.
Хурмо толаларга бойлиги билан ҳам аҳамиятли. У овқат ҳазм қилиш жараёнини енгиллаштиради, ич қотишини олдини олади ва ичак фаолиятини тартибга солади. Шунингдек, паст гликемик индекси туфайли қон шакарини назорат остида ушлаб туришда ёрдамчи бўлади. Бу эса қандли диабетдан азият чекаётганлар учун жуда муҳим омил ҳисобланади.
Юрак-қон томир саломатлигида ҳам хурмонинг ўрни катта. У қондаги зарарли холестеринни камайтиради, қон босимини барқарорлаштиради ва юрак ишини енгиллаштиради. Шунингдек, унинг таркибидаги калий ва магний моддалари стрессни камайтиради ҳамда асаб тизимини тинчлантиради.
Калсий моддаси эса суяклар мустаҳкамлиги учун катта аҳамиятга эга. Хурмо мунтазам истеъмол қилинса, суяк касалликларининг олдини олишга кўмак беради. Шу билан бирга, А витамини кўз саломатлигини сақлайди, теридаги қариш белгиларига қарши самарали таъсир кўрсатади ва соғлом чиройни таъминлайди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!