5300 йиллик мумиёдан топилган ачитқи ёрдамида нон тайёрлашга муваффақ бўлинди

Тахминан 5300 йил аввал Алп тоғларида яшаган ва музликлар орасида табиий равишда сақланиб қолган Öтзи исмли «Муз одам» яна бир бор олимлар эътиборига тушди. Бу сафар унинг мумиёланган танасидан топилган микроорганизмлар ёрдамида ачитқили нон тайёрлашга муваффақ бўлинди.
Öтзи милоддан аввалги 3300 йиллар атрофида яшаган. Унинг жасади 1991 йилда Италия ва Австрия чегараси яқинидаги Ötztal Алп тоғларидан топилган. Европадаги энг машҳур қадимий мумиёлардан бири бўлган бу топилма ўнлаб йиллардан бери турли илмий тадқиқотларга асос бўлиб келмоқда.
Яқинда Италиянинг Болзано шаҳридаги Eurac Research илмий маркази олимлари Öтзининг микроорганизмларини ўрганишди. Тадқиқотчилар унинг териси, ички аъзоларидан олинган намуналар ҳамда муз эриши натижасида ҳосил бўлган суюқликларни текширишди. Натижада совуқ муҳитга мослашган бир нечта ачитқи штаммлари аниқланди.
Олимлар ушбу микроорганизмларни лаборатория шароитида кўпайтириб, улардан хамир учун ачитқи тайёрлашга уринишди. Дастлаб кутилган натижага эришилмади: ачитқи унли муҳитга мослаша олмади. Шундан сўнг тадқиқотчилар уни бир неча ой давомида мунтазам янгилаб, аста-секин мослаштиришди.
Ниҳоят, тажриба муваффақиятли якунланди: тайёрланган хамир тахминан 24 соат ичида кўтарилди. Олимлар ундан ачитқили нон ҳам пиширишди. Лойиҳа иштирокчиларидан бири, микробиолог Муҳаммад Сарҳан дастлабки натижани ижобий баҳолаган бўлса-да, ноннинг сифати янада яхшиланиши мумкинлигини қайд этди.
Тадқиқотчилар яна бир муҳим жиҳатга эътибор қаратмоқда: топилган ачитқилар Öтзи тириклигида унинг танасида бўлган микроорганизмлар эмас, балки у вафот этганидан кейин музлик муҳитидан танасига тушган бўлиши эҳтимол қилинмоқда. Генетик таҳлиллар уларнинг жуда қадимий келиб чиқишига ишора қилмоқда.
Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм
Мавзуга оид янгиликлар

































Изоҳлар0
…