Нам салфеткалар ҳозирда ҳар бир оилада бор десак, муболаға бўлмайди. Улар қулай, вақт тежайди ва гигиена учун ёрдамчи ҳисобланади. Бироқ, ҳамма нарсада бўлгани каби, уларнинг ҳам фойдали ва эҳтимолий зарарли томонлари мавжуд.
Фойдали жиҳатлари:
-
Чақалоқлар учун қулай – подгузник алмаштиришда ёки йўлда тозалик сақлашда ёрдамчи.
-
Катталар учун ҳам асқотади – сафарда, ресторанда ёки ишхонада қўл тозалаш учун яхши вариант.
-
Айримлари тери учун мулойим – гипоаллергеник, спиртсиз ва табиий экстрактлар асосида ишлаб чиқилганлари терида қаттиқлик қилмайди.
Зарарли жиҳатлари:
-
Таркибидаги моддалар – кўплаб нам салфеткаларда парфюм, спирт ва парабен, пропиленгликоль, феноксиэтанол каби консервантлар бўлади. Улар тери орқали организмга ўтиб, айрим ҳолларда аллергия ёки сезгирликни кучайтириб терини қизаришига олиб келиши мумкин.
-
Чақалоқлар терисида эҳтиёткорлик керак – педиатрлар чақалоқларга ҳар доим ҳам нам салфетка ишлатишни тавсия қилмайди. Асосан тоза сув ва мулойим мато яхши. Кўп ишлатилса, тери қуруқлашиши ёки тошмалар чиқиши мумкин. Нам салфеткалар эса фақат йўлда ёки фавқулодда ҳолатларда ишлатиш учун мақбул.
-
Экологияга таъсири – кўплаб нам салфеткалар биоэмас, чиримайди ва чиқиндилар орасини кўпайтириб юборади. Айрим нам салфеткалар канализацияга ташланганда қувурларни тўсиб қўяди. 2017 йилда Лондонда нам салфеткалар тўпланиб, қувурларда 130 тоннали “гигант тўсиқ” ҳосил қилган. Шу сабабли Европа мамлакатларида биоэмас салфеткаларни чеклаш масаласи кўтарилмоқда.
-
Тери муаммолари – айрим одамларда узлуксиз нам салфетка ишлатиш натижасида экзема, тошма, қуруқлик пайдо бўлиши мумкин.
Ишлатиш қоидалари:
-
Салфеткани фақат бир марта ишлатиш керак.
-
Ҳар доим терини салфеткадан кейин ҳаво билан “дам олдириш” зарур.
-
Яхшиси, уйда сув ва совундан фойдаланиш.
Нам салфеткалар ҳаётимизни енгиллаштиради, лекин улардан меъёрда ва тўғри шароитда фойдаланиш муҳим. Айниқса, чақалоқлар учун таркибида спирт ва кучли атир моддалари йўқ, гипоаллергеник турларини танлаш тавсия этилади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!