Эстония ўрмонида эртаклардаги каби ҳақиқий яккашох топилди

Эстониянинг Сааремаа оролида табиат ҳимоячилари эртаклардаги яккашохни эслатувчи ғайриоддий кийикни камерага муҳрлади. Ёввойи ҳайвонларни кузатиш учун ўрнатилган яширин камерада пешонасининг қоқ ўртасида битта шохсимон ўсимтаси бўлган кичик кийик пайдо бўлди. Ноодатий манзара кўпчиликнинг қизиқишини уйғотди. Бу ҳақда Bild нашри хабар берди.
Қизиғи, Lutreola Foundation табиатни муҳофаза қилиш ташкилоти ходимлари камерани бу кийик учун эмас, балки йўқолиб кетиш хавфи остида турган Европа норкасини кузатиш мақсадида ўрнатган эди. Бироқ тасвирларда кутилмаганда бошқа бир жонивор — ғайриоддий шохли кийик пайдо бўлди.
Аввалига у чанқоғини қондирди. Кейин эса атрофга қизиқиш билан назар ташлаб, камера объектига яқинлашди. Айнан шу пайтда унинг пешонаси ўртасида жойлашган битта шохсимон ўсимта яққол кўринди.
Бу манзара худди эртаклардаги яккашох ўрмон бўйлаб сайр қилиб юргандек таассурот уйғотди. Табиат ҳимоячилари ҳам ноодатий топилмага ҳазиломуз муносабат билдириб, Facebook саҳифасида қуйидаги изоҳни қолдирди:
«Сааремаада яккашох топилди! Кичкина қизалоқларнинг орзулари ниҳоят ушалди!»
Кийик пешонасидаги битта шох қандай пайдо бўлган?
Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу ғаройиб жонивор аслида Европа кийигининг (Capreolus capreolus) эркаги ҳисобланади. Германия Табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи (NABU) эксперти Юлиан Ҳаерманн Bild нашрига берган изоҳида мазкур ҳолатнинг табиий сабабларини тушунтирган.
Одатда бундай эркак кийикларда иккита шох ривожланади. Бироқ айрим камёб ҳолатларда шохларнинг ўсиши ва шаклланишида ўзгаришлар юз бериши мумкин.
«Агар шох ўсадиган асосий қисм шикастланган ёки нотўғри шаклланган бўлса, фақат битта шох ривожланиши мумкин», — деб изоҳлаган мутахассис.
Қизиғи, пешонасида фақат битта шох бўлиши кийикнинг кундалик ҳаётига жиддий тўсиқ туғдирмайди. У ҳам ўрмондаги бошқа турдошлари каби доимий равишда озуқа излайди. Асосан дарахт барглари, куртаклар, ёш новдалар, ўт-ўланлар ва бошоқли ўсимликлар билан озиқланади.
Бироқ бошқа эркак кийиклар билан рақобатга киришганда унинг ғайриоддий шохи ноқулайлик туғдириши мумкин. Экспертнинг фикрича, иккита шохли бошқа эркак кийиклар билан ҳудуд ёки жуфт танлаш учун бўладиган тўқнашувларда у устунликка эга бўлмаслиги эҳтимолдан холи эмас.
Бундай кийиклар аввал ҳам учраганми?
Зоологик нуқтаи назардан, бир шохли кийикнинг пайдо бўлиши жуда кам учрайдиган, аммо илгари ҳам қайд этилган табиий ҳодиса ҳисобланади. Бу ҳақда ёввойи ҳайвонлар бўйича берлинлик эксперт Дерк Элерт Bild нашри сўровига жавобан маълум қилган.
Хусусан, 2008 йилда Италиянинг Тоскана ҳудудидаги табиат боғида яшовчи бир шохли эркак кийик ҳам халқаро оммавий ахборот воситалари эътиборини тортган эди. Ўша вақтда ҳайвоннинг ғайриоддий кўринишига генетик ривожланишдаги нуқсон сабаб бўлган бўлиши мумкинлиги тахмин қилинган.
Юлиан Ҳаерманн ҳам бундай ҳолатлар бутунлай истисно эмаслигини, бироқ жуда кам кузатилишини таъкидлаган. Шу каби шохларнинг ғайриоддий ривожланиши фақат кийикларда эмас, балки буғулар ва бошқа шохли ҳайвонларда ҳам учраши мумкин.
Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм
Мавзуга оид янгиликлар
































Изоҳлар0
…