Бобурнинг икки кўзи эшикда: ойим ана келади, мана келади, деб йўл пойлаб ўтирибди. Опасини олиб қочишганини қандай айтишни билмай сиқилади. “Ойим келмаса яхши бўларди”, хаёлидан ўтказди у. Гўё унинг кўнглидагини уқиб олгандай онасидан дарак бўлавермади. Эшикка термилган кўйи Бобурнинг кўзи илиниб кетаверди. Шу зайлда кун ўтди. Уч марта ҳамшира, бир марта бош врач кириб чиққанини айтмаганда, палатага ҳеч ким қадам босмади. Бобур Миркомил билан озгина суҳбатлашган эса-да, унга ўрганиб қолган экан, “практикант”нинг ҳам қораси кўринмаётганидан юраги баттар сиқилди.
Эртасига ҳам аҳвол ўзгармади, фақат бир янги гап айтилди, холос. Бош врач бошини сарак-сарак қилиб, беморнинг кўз қорачиғига тикилиб туриб айтди бу гапни:
— Мен сенга ўхшаган касални биринчи кўришим. Жароҳатларинг жуда тез битаяпти, ақли бовар қилмайди кишининг. Шу кетишда ўн беш кунга қолмай тузалиб кетасан.
Бобурнинг юраги ҳаприқиб кетди, қанийди ҳозироқ ўрнидан сакраб турса. Бироқ иложи йўқ.
— Раҳмат, — миннатдорлик билан чекланди у.
Кечга томон Миркомил пайдо бўлди.
— Қалайсан, ошна? — деди эшикдан кирибоқ, — отдай бўп кетдингми?
Бобурнинг юзига табассум югурди.
— Сиздан ошна чиқмайдиганга ўхшайди, — деди у ҳазиллашиб.
— Нега?
— Ошна дегани шу ерда ишласа, бир кунда бўлмаганда бир марта хабар олади-да.
— Оғайни, — Миркомил беморнинг каравотига ўтирди, — ўқиганингда билардинг-да. Бу ҳисоботлар, назорат ишлари, домлаларнинг эзмалигидан ташқари, шу ернинг қариялари ҳам иш буюраверса, талаба эзилиб, суви чиқиб кетади-да. Тирик юрганимгаям баъзан шукур қиламан… Бўпти, бошинг қотмасин. Соғлиқ қалай, шундан гапир?
— Бош врач тез тузалаяпсан, деди. Шу кетишда ўн беш кунда бу ердан чиқиб кетарканман… Менга қолса, ҳозироқ кетсам. Ётиш жонга тегди… Икки кундан бери ойимдан дарак йўқ. Бунақа одатлари йўқ эди.
Миркомил ўйга толди, ўзини Бобурнинг ўрнига қўйиб кўрди-да, унинг иродасига қойил қолди. Бу кўргиликларга одам боласининг чидаши мушкул. Бироқ Миркомил унга онасини бошқа касалхонага олиб кетишганини айтишга мажбур бўлди.
— Ошна, битта гапни сенга айтай. Фақат бардам бўл…
— Ним-ма?! Ойимга нима бўлди?! — бақирди кўзидан ўт чақнаб Бобур.
— Унча ваҳимали эмас.
— Чайналмасдан гапир! — бу сафар Бобур сенсираб юборди.
— Хуллас…
— Эркакмисан! Тирикми ойим?!
— Нега бунча ҳовлиқасан?! — Миркомилнинг жаҳли чиқди. — Тирик… Фақат опангни опқочишганини эшитиб бироз тоби қочибди. Қўрқма, мен оғзимдан гуллаганим йўқ. Дўхтирларам айтмаган. Фаррошлар бир-биридан суюнчи тилашаётганида эшитиб қолибди.
— Қаерда?! — Бобурнинг қўллари мушт бўлиб тугилди.
— Ҳозир бошқа касалхонада. Аҳволи яхши экан. Сенинг сўрашингни билганим учун бориб кўриб келдим.
Бобурнинг кўзлари шифтга қадалди, кўзларидан оққан ёш ёноқларини ювиб тушди. Миркомилнинг ичи эзилиб кетди. Оғзида гап турмагани учун ичида ўзини койиди. “Икки дунёдаям мендан прокурор чиқмайди”, кўнглидан ўтди унинг.
— Ошна, кўп куюнаверма, ойинг соғайиб кетади, — деди Миркомил бошқа гап тополмаганидан.
— Бор, чиқ, кет! Ёлғиз қолгим келаяпти… — деди Бобур унга қарамай.
Миркомил Бобурнинг аҳволига ачинди, ўрнидан туриб, жимгина ташқарига чиқиб кетди.
Бобур анча вақт ўз ёғига ўзи қоврилиб ётди, юрагидаги ўч олови энди гуркураб ёнди, бу олов тафти шу қадар баланд эдики, ҳозир тўрт мучаси соғ бўлганида, кўп жойнинг кулини кўкка совурарди. Ҳаяжондан у кучга тўлиб кетаётганини ҳис этди, ҳужайралари ҳам жадаллик билан ишлаб, бош шифокор айтганидай, жароҳатли аъзоларида оғриқ сезмади. Аслида Бобурнинг танасида табобатда камдан-кам учрайдиган ҳодиса рўй бераётганди. Ўрнидан турса, Наргизани олиб қочганларни тилка-пора қилиб ташлашга қодир куч вужудига қуйилаётганини у сезди.
* * *
Бобур соғайиб, кучга тўлган сари онасининг аҳволи орқага кета бошлади. Фаррошларнинг шумхабаридан кейин, аввал, ўғли ётган касалхонада биринчи ёрдамни олди. Аммо бу касалхона дўхтирлари аёлни ҳушига келтира олишмади, дарднинг дамини бирозгина қирқишди, холос. “Тез ёрдам” Анбар опани бошқа касалхонага етказганда унинг аҳволи оғирлашган, нафас олиши сусая бошлаганди. Дўхтирлар зудлик билан зарур муолажаларни қилишди. Беморнинг юраги секин ураётган бўлса-да, бир маромга тушди-ю, бироқ дўхтирларнинг умидланишига ҳеч қандай асос йўқ, Анбар опа еру осмонни билмай, беҳуш ётарди. Бемор танини жон тарк этганди гўё.
…Аёл бедаво дардга чалиниб, тим қора сочларининг бевақт оқаришига сабабчи бўлган эрини кўрди. Эри ёшгина, одатича, костюмини елкасига ташлаб аллақаёқдан келаётир. Анбар опа уни кўриши билан пешвоз югурди. Хаёлида: “Адажониси, сизсиз қийналиб кетдим. Нега мени ёлғиз ташлаб кетдингиз? Одам севгилисини ҳам шу кўйга соладими? Қийналиб кетдим. Ҳали ўғлингизнинг ташвиши, ҳали қизингизники…”, демоқчи эди. Бироқ гаплари бошқача чиқди:
— Чарчамадингизми? Ишингизам бор бўлсин-да. Тиним билмайсиз. Болаларингиз ҳали ёш бўлса… Уларга кўп нарса керакмас. Фақат меҳрингизни кўпроқ берсангиз етади.
Эри ҳар доимгидай унинг саволларига жавоб қилмасмиш.
— Аччиққина чойингдан опкел, — дея сўрига чиқиб ёнбошлабди.
Анбар опа ҳайрон: “Сўри қайдан келди? Домимизда сўри қўядиган жойнинг ўзи йўқ-ку! Э-ҳа, эрим ўлган-ку. Ёки тушимда шундай бўлганмикан… Хайрият-э, тирик экан. Ўзим ёмонман-да, мудом қаердаги хаёлларга бориб юраман. Ҳозир тез бориб, чой дамлай. Бечора бола-чақасини ўйлайвериб, роса чарчабди…”. Шу ўй билан ошхонага кирди-ю, қўрқиб кетди. Чойгумда биқирлаб… қон қайнар, ўғли билан қизи эса тиржайишиб қараб туришарди.
— Вой, ўлмасам! — деди Анбар опа ортига тисарилиб. — Нима қип турибсилар?
— Бизми? — деди Наргиза кўзи чақнаб. — Бекинмачоқ ўйнаяпмиз. Роса қизиқ бўлаяпти, ойижон, сиз ҳам ўйнанг.
— Бекинмачоққа бало борми? Аданг чарчаб келган, чой олиб бориш керак. Кап-катта қиз, ўйин билан оворасан… Нега қон қайнаяпти? Кимнинг қони?
— Ойижон, биз — Наргиза иккаламизнинг қонимиз икки хил экан! Қайнатсак қўшилиб, бир хил бўп кетар-а?
— Ним-ма?! — қичқириб юборди Анбар опа. — Сенларнинг қонларинг?!
Шу дам унинг кўзи тиниб, оёғи сирпанди-ю, пастликка шувиллаб эниб кетди. Тубсиз жарликка қулади гўё. Тепада ўғли билан қизи қараб турибди. Бирови ёрдам берай, деб қўл чўзмайди. “Эй-й, — афсусланди Анбар опа, — меҳрсиз қилиб тарбиялабман-да… Хўжайин… Адасига чой обормадим-ку. Наргизанинг эсига келармикан…” Шу тобда тепадан ўзи томон оппоқ кийимда эри яшин тезлигида учиб кела бошлади.
Нуриддин ИСМОИЛОВ
(Кейинги қисмларни яқин соатларда ўқийсиз)
Манба: hordiq.uz “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Немис журналисти Алишер Усмоновга қўйилган айбловларнинг ишончсизлигини тан олди