04:04 / 31.10.2017
7 135

Ҳаётингизни ўзгартирувчи 10 савол

Қулай фурсатда берилган тўғри савол сизни ўзгартириши, тинчлантириши ёки таянч бўлиши мумкин. Ҳатто дарҳол жавоб топа олмасангиз ҳам, саволнинг ўзи ҳаётга бошқача қарашга туртки бериши мумкин. "Лайфхакер" ҳаётингизни ўзгартириши мумкин бўлган 10 савол билан бўлишди.

1. Вақтимни кимлар билан ўтказяпман?

Агар бола ҳеч нимага интилмайдиган тенгдошлари билан дўстлашса, у ҳам ҳеч нимага эриша олмайди, деб ҳисоблаймиз. Бироқ нима учундир бунинг катталарга таъсири ҳақида ўйламаймиз. Сизнинг дўстларингиз тишини тишига қўйиб, ўзига ёқмайдиган ишда ишласа ёки носоғлом ҳаёт тарзини тутса, ҳойнаҳой сиз ҳам шунга ўхшаш қарорлар қабул қила бошлайсиз. Дўстларингиз ва ҳамкасбларингиз ҳақида ўйлаб кўринг: улар сизни қўллаб-қувватлаб, илҳом бағишлайдими ёки аксинча, орқага тортишадими?

Бу сиз ўқиётган, кўраётган, ўйлаётган нарсаларингизга ҳам тааллуқли. Вақт ўтган сайин бизнинг ҳаётимиз атрофимиздаги муҳитга монанд бўлиб боради, шунинг учун унга эътиборли бўлинг.
Ҳаётингизни ўзгартирувчи 10 савол
2. Бунга таъсир ўтказа оламанми?

Эпиктетнинг сўзларига кўра, файласуфнинг асосий вазифаси — нимани назорат қила олиш мумкин, нимани эса йўқ - шуни фарқлай олиш керак.

Одатда кўп вақтимизни бизга боғлиқ бўлмаган нарсаларга сарф қиламиз. Биз ўз хатти-ҳаракатларимиз, фикрларимиз, ҳиссиётларимизни назорат қила оламиз. Бошқа одамлар, об-ҳаво, ташқи ҳодисаларни эса - йўқ. Бироқ одамларга, об-ҳавога ва ташқи ҳодисаларга муносабатни назорат қилиш мумкин. Буни фарқлашни ўргансангиз, назорат сизнинг ҳукмингизда эмаслигидан кўнглингиз чўкмайди.

3. Мукаммал куним қандай ўтиши керак?

Буни билмасдан, графикингизни қулай қилиб режалаштира олмайсиз. Ҳаётингиздаги энг завқли кунларингизни эсланг. Нималар қилгансиз? Ишингиз, шахсий ҳаётингиз ва уйингиз имкон қадар шундай кунлар кўпроқ бўлишига хизмат қилиши керак.

Ўзингизни бахтли ҳис қилиш имконини берувчи, бошқача қиёфага киришга мажбур қилмайдиган турмуш тарзига риоя қилинг.

4. Бўлиш ёки қилиш?

Ҳарбий стратег Жон Бойд ўзининг салоҳиятли ёрдамчиларига шундай савол берди. Қандай йўл тутасиз? Муваффақиятга интиласизми ёки янада баландпарвоз мақсадларни кўзлайсизми? Ўз лавозимингиз, маошингиз билан чекланиб қоласизми ёки диққатингизни ҳақиқатда аҳамиятли ютуқларга қаратасизми? Шу кунга қадар қандай танловни амалга оширгансиз?

5. Ташвиш ва қўрқувга вақт кетказиб, нимани ўтказиб юборяпман?

Ҳаётдаги турли муаммолар бизда қайғу, ташвиш ва қўрқув уйғотади. Бу муаммоларни енгиб ўтишнинг ягона йўли - бундай ҳис-туйғуларни назорат остида ушлаш. Шунинг учун келаси сафар салбий ҳиссиётлар қамраб олганини сезганингизда бу учун ҳисоблашишга тўғри келишини унутманг. Зеро уларга чалғиб, ҳаётда ҳақиқатда муҳим аҳамиятга эга нарсаларни ўтказиб юборасиз.

6. Мен ўз ишимни қиляпманми?

Бу қандай иш эканини биласизми? Тиним билмай, ҳолдан тойгунча ишлаб, барибир ўз ишингизни бажармаслигингиз мумкин. Биз кўпинча майда ишларга чуқурлашиб кетамиз, ўзимизга ёт бўлган нарсалар билан шуғлланамиз. Буларнинг бари бандлик ҳиссини уйғотади, бироқ бизни ўзимиз учун муҳим бўлмаган нарсаларга яқинлаштиради.

7. Мен учун энг муҳими нима?

Агар сиз учун нима муҳимлигини билмасангиз, унга етарли вақт ва куч сарфлаяпсизми ёки йўқ - била олмайсиз. Бу нима бўлмасин - оилами, пулларми ёки иш - буни билишингиз ва қабул қилишингиз керак. Фақат шундагина ўзингизни умуман бошқа мақсадли кишилар билан таққослашни бас қиласиз. Фақат шундагина "муваффақият пойгаси"дан воз кечиб, Сенека "йўлингизни кесиб ўтаётган одамларнинг кетидан қараб, тўғри йўлдалигингиз, қоқилмаслигингиз учун ишонч" деб атовчи хотиржамлик ҳолатига эришишингиз мумкин.

8. Буларнинг бари ким учун?

Бирор нарса яратаётганингиз, сотаётганингиз ёки одамларни жалб этишга уринаётганингизда албатта шу саволга жавобни билишингиз керак. Ўз аудиториянгизни билишингиз зарур. Ўйлаб кўринг: "Бу одамлар нима хоҳлашади? Уларга нима керак? Уларга нима таклиф қилишим мумкин?" Омадга умид қилманг. Шу саволни беринг ва унга аниқ жавоб топишга ҳаракат қилинг.

9. Бу ҳақиқатда муҳимми?

Ҳаётнинг тезкорлигини инобатга олганда, ҳозир мен ўйлаётган, хавотир олаётган, баҳслашаётган нарса умуман қандайдир аҳамиятга эгами? Афсуски, бу саволнинг жавоби кўпинча "йўқ" бўлади.

Вақтни зое кетказмаслик учун ўзингизга ўзингиз шу саволни беришни унутманг. Марк Аврелийдан ибрат олинг ва ўзингизга айни дамда ҳаётдан кўз юмишингиз мумкинлигини эслатиб туринг. Бу сизнинг хатти-ҳаракатларингиз, фикрларингиз ва сўзларингизни белгилаб беради.

10. Мен ўзим истаган одамманми?

Бизнинг кимлигимизни қилаётган ишларимиз белгилаб беради. Шунинг учун бирор нима қилаётганингизда ўзингиздан сўранг: "Бу менинг қандай инсон эканлигимни акс эттирадими? Ўзим истаган одамманми?"

Бирор нимани қандай қилаётганимиз қолган нарсаларни қандай қилишимиз ва биз кимлигимиздан далолат беради. Шунинг учун ҳар бир хатти-ҳаракатингиз, ҳар бир фикрингиз, ҳар бир сўзингизда орзуингиздаги инсонга хос иш қиляпсизми ёки йўқ - яхшилаб ўйлаб кўринг.

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Ҳаётингизни ўзгартирувчи 10 савол