11:30 / 19.11.2017
7 795

Эркак зотининг заиф томони...

Эркак зотининг заиф томони...
Оға-инингиздан қачон узоқлашганингизни биласизми? Йўқ, албатта! Уларга аввалгидай эмаслигингизни ҳис этиб турасиз. Аммо сабабини топмайсиз, ҳатто гоҳида хаёлингиздан «уларнинг нимасига бу қадар меҳр қўйган эканман, ёшим катталашиб, кимнинг қандайлигини энди билдим шекилли», деган ғофил ўйлар ҳам ўтади. Аслида эса сиз уйланганингизан бери шундай бўлиб қолдингиз.

Келинг, буни ёйиброқ тушунтирай: маълумки, «амаки-тоға», «амма-хола» деган тушунчалар бор. Энди сиз холис айтинг, амма билан амакига нисбатан хола ва тоға юракка яқинроқ туради, шундайми? Фикримга қўшилмасангиз, болаларингизнинг суҳбатига қулоқ тутинг: ҳадеганда холаси билан тоғасини гапираверади. Уларникига чопқиллаб бораверади. Танангизга ўйласангиз, ўзингиз ҳам ўз тарафингиз билан эмас, қайнбўйнилар билан борди-келдида аллақачон қуюқлашиб кетибсиз. Бу сўзсиз аёлингизнинг шарофатидир.

Чунки у чой устида, нон устида ҳали бу опаси, ҳали бу синглиси, гоҳ акаси, гоҳ укасининг таърифидан сўзлайверади. Улар ёпиб келган ноннинг ширинлиги, сизга совға қилган кўйлагининг сифати тозалиги ва… шунга ўхшаш нарсалар хусусида жойини топиб гап қистираверади. Шу тарзда болалар ҳам, сиз ҳам уларга исигандан исиб борасиз. Аёлингиз ўз қариндошларига жигар. Улар ҳақида сўзлагиси, эслагиси келаверади. Натижани кўриб турибсиз, болалар онасининг қариндошларига дилдан боғланиб боряпти.

Сизникиларга эса аёлингиз бор-йўғи келин! Яъни юрагида ийиб турадиган қариндошлик риштаси йўқ, таърифлай деса, авлодингизнинг туб фазилатлари, яхши-ёмонидан яқиндан таниш эмас, унинг устига тажрибаси ҳам кам! Келин ҳаргиз оға-инингизга ёмонлик раво кўрмаслиги, ғийбатини ҳам қилмаслиги мумкин, унинг айби битта — улар ҳақида кам гапиради, холос. Гапирса ҳам «келинлик тили» билан гапиради. Яъники, икки томон бир-бирига ёпишиб-қапишиб кетмайдиган қилиб гапиради. Опа ё укангизга оёғингиз тортмаётганидан акангизни соғинмаётганингиздан билинг — сизни у ёққа интилтирадиган туртки, ташвиқот йўқ. Эркак зотининг яна бир заифлигига иқрор бўлингки, кимдир, аниқроғи, аёли унинг яқинларини бот-бот эслатиб, юрагини илитиб турмаса, у ака-укалик бурчларини сал бўлмаса унутишгача боради.

Аммо қайси она ва ё қайчи мураббий, қайси тарбия даргоҳи қиз болага «жуфтинг оға-иниларидан ажраб кетмаслиги учун уни ҳар доим қариндошларига иситиб тур» деб таълим беради?! Агар аёл сабаб бўлиб ака-укалар бир-биридан ажраб кетса, бу аёлга икки дунё саодати йўқлиги, болаларидан қаттиқ азият чекиб қолиши аниқлигини, қай йўсин ва услубларда уларга уқтирсак экан?! Йигитларжон, наҳотки сизни ўз томирингиздан узилиб қолмаслигингиз учун, шунча фалсафа сўқиб, шунча изтиробга тушишимиз шарт бўлса?! Бу ўринда ўзингиз ҳушёрлик кўрсатсангиз бўлмасми?!

Агар оға-иним билан узилиб кетмай десангиз, ота-она ва Аллоҳ рози бўладиган фарзанд бўлай десангиз, қолаверса, ўзингиздан тарқаётган болаларни ҳам кейинчалик бир-бирига меҳрибон бўлишини хоҳласангиз, аёлингизнинг яхши аёл бўлишига ёрдамлашинг. Чунки у ўзи билмаган ҳолда айрим хатоларга қўл уриб қўйиш мумкин. Ёнингиздаги маҳрами жонингиз гуноҳкор бўлгунча қараб турманг, рўзғорингизнинг бошидан унга қуйидаги талабларни қўйинг ва ижросини назорат қилинг:

—Жуфтингиз ҳеч қачон сизга ака-ука, опа-сингил, ҳатто қариндош-қадрдонларингизни ёмонламасин! (Чунки эркакнинг бир мўртлиги шу, бир оғиз гап билан, айниқса, хотинининг гапи билан яқинларидан узилиб кетиши ё камида уларни ёмон кўриб қолиши ҳеч гап эмас! Бунга мисол ҳисобсиз!)

—Мабодо ўзингиз улар билан хафалашиб қолган ҳолатингизда ҳам ўтингизга керосин сепмасин!
—Ўзиникиларга қандай илтифот кўрсатса, сизнинг жигарларингизга ҳам шундай ихлос билан муносабатда бўлсин!

Аёлингиздан яна шуни илтимос қилинг, қайси ролни ўйнаса ўйнасин, не мақомга тушса тушсин, аммо сизни ҳамда болаларингизни шундай созласинки, ака-укаларингиз қошига юрагингиз ошиқиб, ўзингиз талпинадиган бўлинг.

Аёлингиз дастлаб бу шартингизни малол олиши, бош тортиши ва пайт пойлаб аксини қилишга уриниши мумкин, аммо сиз талабда қаттиқ туринг! Агар шунга эриша олсангиз, аввало аёлингизнинг ўзи ютади: қариндош-уруғларни боғлаб қўяётгани учун, биринчидан, ҳадемай, ўзининг болалари чандон иноқ бўлиб, унга роҳат келтирадилар.

Иккинчидан, жуфтини, яъни сизни «оға-инисига номеҳрибон» деган тавқи лаънатдан, катта гуноҳликдан қутқаради.

Учинчидан
, бу эзгулик оға-инилар эмас, балки бегона ҳисобланган — келиннинг саъй-ҳаракати билан бунёд бўлаётгани учун, ишшааллоҳ, Аллоҳ уни икки, балки ундан-да кўп баробарида мукофотлайди. Қолаверса, қайнона-қайнотанинг ризолигига етишади, чунки аёлингиз ҳурмат қилаётган ҳар бир жигарингизда онангизнинг мўлтираган нигоҳи, отангизнинг умидворлиги ҳамиша уйғоқ туради…
Турсуной СОДИҚОВА
«Ўғлим, келиним сенга айтаман»дан

Манба: Erk.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Эркак зотининг заиф томони...