19:13 / 19.11.2017
47 053

Мунажжимлар башорати: 2018 йили Эгизаклар буржи вакилларини нималар кутмоқда?

Мунажжимлар башорати: 2018 йили Эгизаклар буржи вакилларини нималар кутмоқда?
Эгизаклар буржи вакиллари ит йилида ўта сергак бўлишлари лозим. Ўтган йилдагидек бўшашишингиз ит йилида сира тўғри келмайди. Ҳар бир муаммони уйдагилар, дўстлар билан бамаслаҳат амалга оширинг. Жуда қийналиб қолсангиз, худонинг ўзи қўллайди.
Феврал ойида баъзи оиласизлар суюкли инсони билан турмуш қуриш ҳаракатига тушади. Март ойи охирига бориб келажак режаларни бир кўздан ўтказиб олинг. 2018 йил баҳори эгизаклар буржи вакиллари учун романтика, гуллаб-яшнаш ҳамда муҳаббат фаслига айланади. Профессионал касбингиз дориасида ҳам омад сиз тарафда бўлиши кутилади. Асосийси, ўзингизга қаттиқ ишонган ҳолда қалбингизга қулоқ тутиб иш тутсангиз бас.
2018 йилда молиявий аҳволингиз ҳам тобида бўлади. Агар оилавий бюджетни ақл билан тузиб чиқа олсангиз, катмонингиз йил бўйи пулга тўла бўлади иншооллоҳ. Тижоратчилар эса йил давомида рақобатчилар билан зимдан кураш олиб боришади. Курашнинг интиҳоси ҳам ёқимли. Даромадлар ортади.
Тоза ҳаводан нафас олиш масаласини йил бўйи эсдан чиқармаслигингиз керак. Фермер бўлсангиз, 2018 йили қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ҳосили мўл бўлиши кутилмоқда.
Ёзга бориб кимлардир тижоратга қўл уради, яна кимлардир олий ўқув юртига ҳужжат топшириш пайига тушади. Ит йили яхши ният билан ўқув юртлари остонасидан ҳатлаб ичкарига кирганларни ноумид қолдирмайди.
Оила қурмаганларнинг ошиғи олчи бўлади. Улар танлаган инсони билан муҳаббатнинг энг тотли таъмини тотибгина қолмай, тўй тараддудига ҳам тушиб кетишади. Оилалиларнинг кўпчилиги эса янги меҳмонни қарши олишади. Чақалоқ йиғиси гўё бутун дунёни тутади. Айримлар 2018 йил ёз ойларида янги уйга кўчиб ўтишлари мумкин. Баъзилар эса уй олди-сотдисида муваффақиятга эришади. Йил давомида молиявий масалада калта ўйлашга, шошма-шошарликка йўл берманг. Оғир вазиятларда ўзингизга нисбатан ёши улуғ ва тажрибаси кўпроқ яқинларингизга маслаҳат солишдан тийилманг.

МУҲАББАТИ

2018 йили сиз муҳаббатнинг қайноқ бағрида бўласиз. Учрашувлар, романтика, танишувларнинг ҳар бири бир умр ёдингизда қолади. Йил охиригача оила қурмаган дўстларимизни романтик кайфият тарк этмайди. Лекин қачонлардир ўзингиз кўнгил берган, кейинчалик характерлар ёки бошқа тафовутлар натижасида муносабатларни узган собиқ муҳаббатга қайтманг. Бу сизга бахт бера олмайди. Муаммоларингиз кўпайгани қолади.
Оиласизларнинг аксар қисми 2018 йили албатта бахтини топади. У инсонни шу қадар қаттиқ севиб қоласизки, тўй қилишга шоша бошлайсиз. Фақат бир нарса ёдингиздан чиқмасин. Муҳаббат қанчалар ўтли бўлмасин, ҳаёт қуриш бўсағасида тафаккурга суянган маъқул.
Оилалилар ҳам 2018 йили жуфти билан янада яқинроқ бўлишга, аҳил яшашга интилишлари лозим. Аммо жуфтингиз билан орангизда ўтадиган яхши-ёмон гапларни қариндошларга гуллашдан тийилинг. Бундай нарсаларни жиддий сабабларсиз бировларга айтиш аҳмоқликдан бошқа нарса эмас. Атроф тўла ғийбатчи, ҳасадгўй. Улар бир кун ўлишини, ана унда савол-жавоблар кескин бўлишини ўйлашмайди. Бугунидан нарини кўра олишмайди. Бахтингизга чанг солишдан тап тортишмайди. Шунинг учун оила сирлари ичкарида қолавергани маъқул.

ОИЛАСИ

2018 йили оилангизни ватандек қаттиқ туриб ҳимоя қилинг. Қариндошлар, жуфтингиз билан муносабатларни мустаҳкамлаш ҳаракатида бўлинг. Ёши улуғ, ўсал ётган яқинларингизга алоҳида меҳр кўрсатинг. Баъзида билиб-билмай қалтис қадам босиб қўйишингиз ҳам эҳтимолга яқин. Иложи борича шундай хатоликларга йўл қўймасликка интилинг. Фарзандлар тарбиясида айтарли муаммо бўлмайди. Фақат уларнинг юриш-туришини, ўқишини кузатиб бориш зарур бўлади.
Сиз Меркурий бошқаруви остида дунёга келгансиз. У эса оилада тартибни, хотиржамликни хуш кўради. 2018 йил бошида ва охирида кўпчиликнинг хонадонида фарзандлар дунёга келиш эҳтимоли бор. Аравача, кроват ва памперсларни ҳозирлаб бораверинг.
Йил давомида оила, шахсий ҳаёт масаласида таваккалчиликка йўл қўйманг, бунинг оқибати яхшилик билан тугамайди. Қай ишга қўл урманг, етти ўлчаб бир кесинг.

САЛОМАТЛИГИ

Агар ит йилида саломатлигингиз меъёрда бўлишини хоҳласангиз, ҳар доим овқатланиш, иш, спортга алоҳида эътибор билан ёндашинг. Овқатнинг ҳам, спортнинг ҳам ўз меъёрлари бор. Организмни беҳуда жисмоний зўриқишга мубтало этишингиз жиддий хасталик чақириши ҳеч гап эмас.
Куз ва қишда иссиқ кийинган ҳолда кўчага чиқинг, айниқса, 2018 йил қиши қаттол келиши кутилади. Буни унутманг. Иммунитетингизни кўтариш учун қиш, баҳор, куз, ёз демай мевалар истеъмолини тўхтатманг. Эмоцияни назоратда ушлашга ўрганинг. У асаб тизими ишдан чиқишида муҳим рол ўйнайди. Ўта ёқимсиз вазиятларда, жиддий талофатлар содир бўлган тақдирда ҳам барибир керагидан ортиқ ҳаяжонланиш, асабийлашиш сизга фойда бермайди. Аксинча депрессияни келтириб чиқаради.
Кўпроқ ҳаракатланинг, тоза ҳавода сайр қилинг, эрталаблар гимнастикани канда қилманг. Шамоллаганлар, грипп билан оғриганларга яқин борманг. Башарти ўзингиз ҳам шамоллаб қолсангиз, фақат халқона усуллар ёрдамида даволанинг.

МАРТАБА ВА МОЛИЯВИЙ АҲВОЛИ

Анчадан бери миянгизда пишитиб келган янги режалар 2018 йили сизга асқотиши мумкин. Мартабани ошириш, пулни кўпайтиришда ўша режа ва ғояларга қайта-қайта мурожаат этинг. Иш масаласида йил бўйи муаммолар айтарли кўзга ташланмайди. Аксинча йилнинг иккинчи чорагида қўшимча даромад келтирувчи иш топилиши киссангизни янада қаппайтириши эҳтимолдан холи эмас. Баъзилар куз ойларида лотереяга катта пул ютиб олишлари ҳам ҳақиқатга яқин.
2018 йили пул йиғишга ҳаракат қилманг, ҳатто уни пластик карточкада ҳам узоқ муддат ушлаб турманг, ҳеч кимга қарз берманг. Йирик харидларга қўл уришингиз мумкин. Бу ҳаракат муваффақиятли кечади.
Бажариб турган ишидан кўнгли тўлмаётганлар бўлса, 2018 йил бошидаёқ янги иш топиш ҳаракатига тушганлари маъқул. Шунда даромад ҳам бўлади, мартабани ошириш ҳам ўз йўлига тушади.
Умуман айтганда, эгизаклар буржи вакиллари учун 2018 йилда пул энг яқин ҳамроҳга айланиши кутилади. Олдин уни сиз қидирасиз, ёзга бориб эса пулнинг ўзи сизни қидириб кела бошлайди.

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Мунажжимлар башорати: 2018 йили Эгизаклар буржи вакилларини нималар кутмоқда?