Ўғлоним, келин келгунча уйингдагилар учун бола эдинг, унча-мунчага сендан гина қилмасдилар. Куёв бўлган заҳотинг катта кишига қандай қарасалар, сени шундай тафтиш эта бошлайдилар: энди сен учун энг қалтис жой — оиланг, яқинларинг! «Рўзғор» деган хилқатнинг ҳеч қаерда ёзилмаган қонунлари, ҳукм ва жазолари бор. Кўпинча сенинг хатоларинг учун аёлинг жавоб беради. Эҳтиётсизлигинг боис, битта ўзинг бир неча кишига зиён етказасан. Бир жон сенга турмушга чиқиб фароғат кўрмоқчи эди, кўрсин! Ота-онанг сени уйлантириб орзу-ҳавасга эришмоқчи эдилар, эришсинлар! Ҳар бир ҳаракатинг ҳисоб-китобда, кўзингни оч, ўғлоним!
Кўчадан кираркансан, сўзинг билан ҳам, кўзинг билан ҳам аввал онангни изла, отангни зиёрат қил, аҳволларини сўра, сўнггина аёлингни кўр ва болангга эътибор қил. Билгинки, ота-онангнинг битта иши қолган, у ҳам бўлса, кунда сенинг эсон-омон ишдан келишингни кутиш! Сен эса кела солиб, аёлингни сўрадинг ёки болаларингни алқашга тушдинг. Шугина хатоингнинг касрини кўр: кўзим тегмасин деб, сени ҳатто ўзидан ҳам қизғаниб ўтган она сени бутунлай эгаллаб олган келиндан қизғонмайдими?! Мувозанат бундан таранг тортади, қайнона-келин можаролари бошланади.
Оналар ҳам икки хил бўлгич. Бағри кенги айтади: «Худога шукр, болам кўчадан келса, кутиб оладиган аҳли аёли, овунтирадиган болалари бор, энди хавотир олмасам ҳам бўлади. Ҳузуримга унча югурмаяптими, демак, болам менсиз яшай олади, энди менинг тирговучлигимга эҳтиёжи қолмабди», — деб ўзини овунтирган бўлади. Болам мени камроқ ўйлаб қолди деган даҳшатли фикрни ўзидан ҳайдашга уринади. Ва ғаш кўнглига: «ҳадеганда касал бўлиб, уни ҳам чиқимдор, ҳам безовта қиляпман. Бу боламга жабр, аста кетиб қўя қолсам, унга енгилроқ бўлармиди», — деган дилгир ўйлар келади! Бола-чақаси билан ўралашиб, онадай ғаниматидан четлаб қолган ўғлоним, кўряпсанми, волиданг минг ризолик билан ўзига ўлим сўрай бошлади…
Бағри тор она айтадики: «Бу келиннинг иши! Кеча келиб, бугун ўғлимни ҳушидан жудо қилди-я, ўғлимнинг оғзидан ота тушмайди-я, бола туғиб бердим деб, боламни эгаллади қўйди!» …ва ҳоказо. Қарабсизки, келиннинг ҳамма иши ёмонга чиқаверади. Бу ҳолатни туғдирган сан бўлдинг, сенинг бепарволигинг бўлди!
—Уйланганингдан кейин эгачи-сингил, ака-укаларингга кўпроқ мулозаматда бўл. Кўрар кўзга ўзингни аёлингга эътибор бермаётгандай тут.
— Ҳайит-арафаларда саҳармардондан биринчи онангни йўқла, кейингина қайнонанг ва бошқаларга бор. Чўнтагинг кўтарган энг яхши нарсани ота-онангга тортиқ қил. Онанг асло совға сўрамаса ҳам, совға келтирмасликни тайинласа ҳам, ҳеч қачон ҳузурига қуруқ борма». Боланинг қўли узатган неъмат ота-онага жаннатий роҳат беради.
—Ота-онанг қай аҳволотда бўлишидан қатъи назар, атрофдагилардан орият қилма, бағрингга бос. Бемор бўлса, ҳеч кимга ишонма, ўзинг емак бер, ўзинг покизала! Қўлларингда кўтариб юр, кулиб гапир, кулиб эшит. Уларнинг бу дунёда фарзандларидан, яъни сендан бошқа харидори йўқ! Дуо қилишни билмайдиган ота-онага ҳам муҳаббат кўрсатавер, сени Яратганнинг ўзи кўкларга кўтаради. Кимки кам бўлмапти, кимки азизу мукаррамдир — ота-онасидан дуо олган инсонлардир. Ота-онангни кафтингда тутганингни болаларинг кўриб турсин, жавобига, ўғлоним, улар сени бошларида кўтарадилар!
Турсуной СОДИҚОВА
Манба: Erk.uz “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда