10:40 / 28.01.2018
6 889

Жасур билан ўзи кўнгил қўйган йигитни солиштирадиган бўлиб қолди

Жасур билан ўзи кўнгил қўйган йигитни солиштирадиган бўлиб қолди
‘‘Жасурнинг дадаси катта лавозимга кў­тарилганмиш.’’ Бу янгиликни эшитиб Унинг хаёли бўлинди. ‘‘Энди Жасурнинг ошиғи олчи. Унга тегадиган қизнинг ҳам бахти бор экан, мазза қилиб, бойвучча бўлиб яшайди…’’ Шунда У бирзум ўз келажагини тасаввур қилиб кўрди: кўнгил қўйган йигити оддийгина оиладан: дадаси – ҳайдовчи, онаси – уй бекаси, икки ука ва бир синглиси бор. Улар кўп қаватли уйда яшашади. Йигитнинг айтишича, турмуш қуришгандан кейин уларга ажратилган иккита хонанинг биттасида қайинсинглиси яшаб турармиш. Жасур эса данғиллама ҳовлида яшайди. Келинга атаб яна янги уй қуришаётганмиш. У кейинги пайтларда шулар ҳақида кўп ўйлайдиган, Жасур билан ўзи кўнгил қўйган йигитни солиштирадиган бўлиб қолди. Ва бир куни дугонасига ёрилди:

– Дугонажон, биринчи курсда ўқиётганимизда Жасурнинг менга севги изҳор қилгани ёдингдами? Ўшанда унинг севгисини бекор рад қилган эканман. Бойвучча келин бўлиб юрармидим?! Ҳали ҳам кеч эмас, у менга бошқача қараб юради. Бир имо қилсам бас, ортимдан соядек эргашиб қолади.

– Вой, қизиқ экансан-ку, Зафардек келишган, алпқомат йигитни шу жиккаккина Жасурга алмашмоқчимисан?

– Нима, Зафарнинг чиройига нон ботириб ейманми? Жасурга тегсам, маликалардек яшайман.

– Сен қиз эсингни еб қўйибсан. Гап фақат ташқи кўринишида эмас, Зафар жуда ақлли, оғир-босиқ йигит. Энг муҳими, у ўзига ишонади. Анави Жасурингдек отасининг амалига, давлатига таянадиганлардан эмас. Онасининг эркатойи, ғирт такасалтанг-ку унинг…

Қизлар узоқ тортишишди. Ниҳоят дугонаси Уни фикридан қайтара олди…

Йилларнинг етовида ойлар, кунлар ўтди. У Зафар билан турмуш қурди. Бир ўғил, бир қиз кўришди. Алоҳида уй-жойли, машинали ҳам бўлишди. Зафар каттагина фирманинг раҳбари. Эри хизмат машинасида юргани учун оиланинг машинасини У ҳайдаб юрибди. Қизини мактабга, ўғлини боғчага, кейин яна мусиқа мактабига, спорт машғулотларига олиб боради.

Бир куни мактабдан қайтаётиб, йўл четида оёқлари чалишиб, гандираклаб келаётган бир маст кишини бехосдан машинасида туртиб юборди. Қўрқиб, машинадан отилиб тушди-ю, ерга ўтириб қолган ҳалиги одамнинг ёнига югурди. Не кўз билан кўрсинки, бу ўша – курсдоши Жасур эди. Кайфи баланд бўлганиданми, йигит Уни танимади. Унга эътибор ҳам бермай, амаллаб ўрнидан турди-да, бир аҳволдаги уст-бошларини қоқа-қоқа, йўлида давом этди…

У барибир йигитга ачинди. Лекин турмуш қуриш масаласида унга тўғри йўл кўрсатган дугонасидан мамнун бўлди. Ўша пайтларда кўнглига: ‘‘Дугонам менга ҳасад қиляпти’’, деган шубҳа бир сонияга бўлса-да, соя ташлаб ўтганидан ичида хижолат тортди.
ИНЖУ

Манба: mulohaza.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Жасур билан ўзи кўнгил қўйган йигитни солиштирадиган бўлиб қолди