— Сени деб кўчага чиқолмай қолдим. Ҳатто дўстларимга ҳам қўшилолмайман. Улар мендан «Қизларинг яхшими, катта бўляптими?» деб сўрашади. Уларнинг ҳар бир гапи жонимдан ўтиб кетади. Дунёга сиғмай қоламан. Шунда ҳамма кўзимга ёмон кўриниб кетади. Ҳатто оилам ҳам…
Баъзан онам тўғри айтган экан-да, дейман. Бошида «Уйланаман, шу қизни олиб беринг», деб сени кўсатганимда волидам қаттиқ қаршилик қилганди. Онам «Унинг онаси ўғил туғмаган, олтита қизи бор. Ақлингни йиғиштириб ол, ўғил кўрмай армонда ўтиб кетма», деб огоҳлантиришига қарамай, ўз билганимдан қолмадим. Чиройингга учдим. Ҳеч нарсани ўйламай, сенга уйландим. Бахтли яшадик ҳам то биринчи қизимиз туғилгунича. Шунда ҳам ўзимни овутдим. Кейингиси ўғил бўлади, деб кутдим…
Энди-чи, энди? На юриш-туришимда, на уйқумда ҳаловат бор. Бошим эгик. Ўша куни ичмоқчи ҳам, жанжал қилмоқчи ҳам эмасдим. Фақат аччиқ устида «Қизларингни олиб кет!» дедим. Онам ҳам шуни истайди. Кунда қулоғимга қуяди: «Ўғил туғмайдиган хотинни олиб ўтирма, жавобини бер, бунча қизни нима қиласан? Сендан давомчи қолишини истамайсанми? Бошқасига уйлан, у сенга қўчқордай-қўчқордай ўғиллар туғиб беради. Бундан умид қилма, барибир, ўғил кўрмайди. Мен сенга бошиданоқ айтганман!»
Тўғриси, ўзим ҳам чарчадим. Тўртинчиси ҳам қиз бўлса, яшашимиздан нима наф? Бир кун дунёдан ўтсак, чироғимизни ким ёқиб ўтиради? Мендан хафа бўлиш ўрнига ўзинг ҳам ўйлаб кўрсанг бўларди…
Хонимлардан мактуб: «ҚИЗЛАР ДЎЗАХДАН АСРАЙДИ!..»
— Бу гапларни айтишга қандай ҳаддингиз сиғди? Озгина бўлса ҳам уялмадингизми? Ахир фарзандни Аллоҳ беради. Мунча ношукр бўлмасангиз. Ҳаётда қизга ҳам зорлар қанча? Кунда-кунора жанжал. Яна қанча чидаш мумкин? Худо бермаса, мен нима қилай?
Сиз оиламиз устунисиз. Ўғлингиз бўлишини истайсиз-у, мени истамайди, деб ўйлайсизми? Аслида, мен буни икки карра кўпроқ истайман: биринчидан, ўзим учун, иккинчидан, сизни хурсанд қилиш, бахтиёр кўриш учун! Агар бу истак амалга ошишини тақдир раво кўрмаса, мен сиздан кўра кўпроқ изтироб чекаман, сизни қувончга тўлдирмаганим учун! «Қизлар отага меҳрибон бўлади», деганлари рост. Гўёки ўғил бўлиб туғилмагани уларнинг айбидек қизларингизга эътибор бермагандирсиз-у, буни сезмагандирсиз? Балки, улар туғилганидан бери сизнинг меҳрингизни соғиниб яшаётгандир? Шу нарсалар ҳақида ҳам ҳеч ўйлайсизми?
Сиз қаердан биласиз, балки, Яратган кутганимиздек ўғил эмас, қиз фарзанд бериб, сабрингизни, шукр қила олиш-олмаслигимизни синаётгандир? Балки, бу синовдан шукроналик билан ўтсак, оиламизда ўғил фарзанд дунёга келар?.. Бесабрлик, ношукрлик қилаётганингиз етмагандек, тақдирини сиз билан боғлаган, юрак ҳовучлаб кўзларингизга мўлтираб яшаётган умр йўлдошингизни ўғил туғмаганликда азоблаб, баттар қийнаяпсиз.
Ўша кеча йиғлаб, ухлай олмадим. Тонг отмай туриб, ота уйимга йўл олдим. Хаёлларим паришон, руҳим шикаста. Қизларга она бўлиш оғир экан. Айниқса, буни отамни йўқотгач англадим. Уйга бормасдан тўғри қабристонга йўл олдим. Тўлиб тургандим, отамнинг қабрини қучоқлаб, йиғладим…
— Отажон, ёнингизга келдим, сизни жуда соғиндим! Қанийди дийдорингизга тўйсам, сизнинг маслаҳатларингиз билан тўғри йўлни танласам. Ёдингиздами, ёшлигимда ишдан келсангиз, югуриб доирани олиб келиб сизга берардим. Сиз доирани шиқирлатиб турсангиз, раққосалардек майда ўрилган сочимни ташлайман, деб доирага эгилардим. «Раққоса қизим!» деб эркалатардингиз. Мени эшитяпсизми, отажон? Ҳаммаси ёдимда… Атлас кўйлак билан дўппи олиб келиб, бирга тушган шу суратимиз бор, холос. Сизнинг дуонгиз менга етишмаяпти. Кунда салом берсам, «Мен берган тарбия билан қизим энг бахтли бўлади», дердингиз. Нега бахтли бўлмадим, отажон? Ахир биз ҳам олтита қиз эдик. Бирор марта нолимадингиз-ку! Ё биз сезмаганмидик? Нима, қизларни ўғилдай кўриб бўлмайдими?»
Қўрқиб кетдим. Ахир падаримнинг ҳам руҳини безовта қиляпман-ку! Ақлимни йиғиштириб, бошқа нолимасликка қарор қилдим. Лекин онамга-чи, унга нима дейман? Қайси юз билан уйга қайтиб бораман? Қишлоқда гап турмаса, «Фалончининг қизини ўғил туғмагани учун ҳайдаб юборишибди», деган гап-сўзларга онам қандай чидайди?
Тунов куни сиқилиб кетганимдан опамга дардиҳол қилдим. У мени қаттиқ уришди. «Одам бунчалик ношукр бўлмаслиги керак. Ахир қанчадан-қанча тирноққа зорлар бор. Ён-атрофга ҳам назар солиб тур. Бундай яшаб бўлмайди. Қизларингнинг руҳиятига ёмон таъсир қилади бу ҳолат. Сен онасан, ўзингни ўйлашга ҳақинг йўқ», дея танбеҳ берди.
Унинг гапларини эшитиб, Мубинани кузатдим. У анча катта бўлиб қолган, кўп нарсаларга ақли етади. Балки, тортишувларимизни ҳам эшитгандир?! Ўзимни ёмон кўриб кетдим. Қизларимни унутиб қўйибман. Катта қизимиз камгап, дастурхон бошида ҳам ерга қараб ўтиради. Қўшни қизлар билан ҳам деярли ўйнамайди. Бир бурчакка тиқилиб, сиз олиб берган машиналарни ўйнайди ё жим телевизор қўради. Нега унга қўғирчоқ эмас, машина олиб келасиз? Бошқа бундай қилманг! Унга қиз бола ўйнайдиган ўйинчоқлар олиб келинг.
Опам гапининг охирида зора инсоф бериб қолар дедими, билмайман, бир ривоят айтиб берди.
«Бир кишининг олтита қизи бўлиб, аёли еттинчи фарзандига ҳомиладор бўлибди. У шу фарзандининг ўғил туғилишини жуда-жуда истар, бу сафар ҳам қиз туғилиб қолишидан хавотирда экан. У киши ичида: «Агар шу сафар ҳам хотиним қиз туғса, уни талоқ қиламан», деб қасд қилибди. Ўша кеча ухлаб, тушида қиёмат-қоим бўлганини ва дўзах ҳозирланганини кўрибди. Уни дўзахга ҳукм қилишибди. Ҳар сафар уни дўзахнинг эшиги олдига олиб боришса, қизларидан бири эркакни дўзахдан ҳимоя қилар, дўзахга киришига тўсқинлик қилар экан. То олти дўзах эшигидан шундай ўтибди, ҳар эшик олдида қизларидан бири унинг дўзахга киришидан тўсишлик учун туриб олаверибди. Еттинчи дўзах эшиги олдида эса бундай бўлмабди. Яъни уни эшикдан тўсадиган қизи йўқ эди. Шу пайт эркак даҳшатдан уйғониб кетибди ва ўзи қасд қилган нарсасининг хато эканини англаб: «Эртага бутун дунёнинг Яратувчиси Улуғ Зотнинг ҳузурида нима деб жавоб бераман?» дея қилган қасдидан қаттиқ пушаймон бўлибди. У шу заҳоти Улуғ Зотга ёлвориб: «Аллоҳим, берган тақдирингга розиман, еттинчисини ҳам қиз қилиб бергин!» деб дуо қилибди…»
Фаррух ака, кўряпсизми, қиз катта қилиш қандай яхши. Ахир улар уйимизнинг фаришталари. Сиз уларсиз ҳаётимизни тасаввур қилоласизми? Хоҳласангиз, майли, биздан воз кечинг. Аммо мен учта қизим борлигидан хафа эмасман. Уларни ҳам хафа қилиб қўймайман. Бироқ қиз болага отасиз жуда оғир. Фақат ўзингизни эмас, қизларимизнинг ҳам эртасини ўйлаб кўринг. Уларни отасиз қандай узатаман? Қандай оилага узатаман?.. Уларнинг айби нима? Айби бизнинг фарзандларимиз бўлиб туғилганими?
Шаҳноза РАҲМОНОВА
ёзиб олди.
ёзиб олди.
Манба: Hordiq.uz «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Медведев: Махсус ҳарбий операция учун қуролларнинг аксарияти Россияда ишлаб чиқарилади
Максим Шацких "Истиқлол"га қарши ўйин олдидан нималар деди?
Рўзиқул Бердиев: "12 та мағлубиятсиз серия қайд этгандик, ҳозир эса кетма-кет тўртта мағлубият"
Сайхунободда қарздор отадан салкам 75 млн сўм алимент пуллари ундирилди
Мигрень, кластер цефалгия, зўриқиш... Бош оғриғининг неча тури мавжуд?
Эрон олий раҳнамоси Нетаньяхуни қатл қилишга чақирди
АҚШда 10 ёшли бола полицияга қўнғироқ қилиб, математикадан уй вазифасини бажаришда ёрдам сўради
Шимолий Корея баллистик ракеталар ишлаб чиқарувчи заводини кенгайтирмоқда