23:20 / 14.07.2018
4 354

"Сиздан миннатдорман, қалби уйғоқ азиз юртдошим!"

"Сиздан миннатдорман, қалби уйғоқ азиз юртдошим!"
Кеча ишдан қайтаётиб бозорга кирдик. Мен машинада қоладиган, турмуш ўртоғим харид қилиб чиқадиган бўлди.

Бироз муддат ўтгач, сал нарида чамаси тўрт-беш ёшлардаги болакай велосипедда йўлни кесиб ўтишга чоғлангани эътиборимни тортди. У велосипедида олдинга юрар, бироқ машиналарнинг тиғиз қатнови боис яна ортга чекинарди. Шунда менда дарров болани йўлнинг нариги бетига ўтказиб қўйиш фикри туғилди.

Шу пайт йўл чеккасида тўхтаган машинадан тушган киши тезда боланинг олдига келиб: “Йўлдан ўтказиб қўяйми?”, - деди. Болакай бош ирғади. Йўловчи атрофга боқиб, боланинг ота-онасини излади. Уйи қаерда эканини сўраганида эса у ўзи турган тарафни кўрсатди.

Шунда йўловчининг: “Қани, уйингга тез югур-чи, йўлга яқинлашсанг, нақ қулоғингни кесиб оламан-а”,- деган “пўписа”сидан кейин бола уйи томонга велосипедини “учириб” кетди.

Бир-икки дақиқа орасида юз берган бу кичик воқеани кузатиб, атрофимизда лоқайд бўлмаган, сергак, уйғоқ нигоҳли, ўзгалар фарзандини ўзиники каби авайловчи инсонлар борлигидан қалбим қувончга тўлди. Айниқса, бугун ижтимоий тармоқларда тарқалаётган дунёнинг турли нуқталарида болалар билан боғлиқ нохуш хабарлардан зада бўлган бир пайтда бу манзара кўнглимни нурафшон этди.

Агар бола йўлдан ўтказиб қўйилмаганида адашиб қолиши, беэътибор бўлинганида эса фалокатга йўлиқиши мумкин эди. Шуларни ўйлаб, дилимдан шундай кечинма ўтди:

“Сиздан миннатдорман, қалби уйғоқ азиз юртдошим!”

Манба: mahalladosh.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » "Сиздан миннатдорман, қалби уйғоқ азиз юртдошим!"