21:28 / 11.08.2018
5 040

Узоқ умр кўришнинг японча усули

Узоқ умр кўришнинг японча усули
Япония аҳолисининг узоқ умр кўриши бўйича дунёдаги энг юқори кўрсаткичга эга давлат ҳисобланади. Бугун мамлакатда 100 ёшдан ошган фуқаролар сони 20 минг нафардан ошиб кетди. Бундан қирқ йил бурун улар нари борса 100 нафарни ташкил этарди.

Бунинг сири нимада? Японлар умрини узайтиришга асос бўлган “ихтиро”ни бутун дунё аҳолиси ўртасида кенг оммалаштириш мумкинми?

Қуйида 105 ёшида ҳам беморларни операция қилишда давом этган япониялик шифокор Сигэаки Хинохаранинг инсон умрини узайтиришга оид тавсиялари билан танишамиз.

2017 йилнинг 18 июлида Сигэаки Хинохара 105 ёшида оламдан ўтди. Умрининг охирги кунигача у Токиодаги ўзи раҳбар бўлган муқаддас Лука халқаро клиникасида мижозларни қабул қилган. У ўз тадқиқотлари, тажрибалари асосида “Узоқ умр кўриб, яхши яшаш” номли китоб ёзди. Китоб тезда оммалашиб, қўлма-қўл бўлиб кетди. Ҳозиргача у бутун дунё бўйича 1 миллион 200 мингдан кўпроқ нусхада сотилди. Узоқ умр кўришнинг унда қайд этилган оддий қоидалари ҳақида қисқача маълумот берамиз.

Хушвақтлик, ҳаётдан завқланиб яшаш, ўзининг ҳамда атрофдагиларнинг муваффақиятидан қувониш, япониялик шифокорнинг таъкидлашича, умрни узайтиришнинг асосий омили экан. Шундай кўникма уйқудан ҳам, овқатдан ҳам, ҳаттоки доридан ҳам муҳимроқ ва афзалроқ. Бу ҳақда Хинохара шундай деган: “Инсон ўзи учун зарур қувватни уйқу ёки овқатдан эмас, балки қувноқлик, вақтичоғликдан олади. Эсингизда бўлса, ёшлигимизда кўчада болалар билан ўйинга шу даражада берилиб кетардикки, уйқуни ҳам, овқатни ҳам унутардик. Агар вақти чоғ бўлса, катта ёшдагиларда ҳам худди шундай бўлади”.

Меъёрида овқатланиш ҳам умрни узайтиришнинг муҳим жиҳатларидан ҳисобланади. Тўғри, Японияда ҳаддан ташқари семиз одамлар ҳам бор. Лекин уларнинг аксарияти японларнинг сумо миллий курашида қатнашадиганлар ва атайлаб семиришган. Аслида эса япон халқи, шу жумладан, император оиласи аъзолари ҳам кам овқат ейди. Улар тўғри ва кам овқатланишни ўзларининг қатъий одат тарзига айлантиришган. Нонуштага бир чашка кофе ва бир стакан апельсин шарбати ичишади. Тушликни эса киши ўзини қизиқарли бир юмуш билан шуғулланган ҳолда ўтказиб юбориши айни муддао. Жуда бўлмаса, енгилгина тамадди қилиб олиш кифоя. Кечки овқат сабзавотлар, гуруч ва балиқдан иборат бўлиши керак. Гўшт эса ҳафтада икки марта 100 граммдан истеъмол қилинса етарли бўлади, деб ҳисоблайди Хинохара.

Режали иш қилишни доимий қоидага айлантириш лозим. Ўтмишни такрорлашга уринманг. Ёшингиз ўтиб қолган бўлса-да, фақат олдинга қараб ҳаракат қилишга одатланинг. Тузган режаларингизни ён дафтарчага ёзиб борганингиз дуруст ва уларни тез-тез такрорлаб туринг. Ширин орзу-хаёлларга кўпроқ берилинг. Бу ҳақда қанча кўп ўйласангиз, уларга етишишнинг йўлларини ҳам тезроқ топасиз.

Ҳамфикр одамлар, дўстлар, оила даврасида кўпроқ бўлиб, уларнинг суҳбатидан баҳра олиш ҳам кишининг куч-қувватини, ғайрат-шижоатини ошираркан.

Шифокорнинг уқтиришича, фаол яша, дегани, бу каллангга нима қелса шуни қилавер, дегани эмас. Қаерда бўлсанг ҳам ёшингни унутма, кўрпангга қараб оёқ узат. Ғайратинг жўшиб, ёшларга тақлид қила кўрма, норғул йигитлардек сакраб рақсга тушишни ҳам эсингдан чиқар. Агар ёшинг ёдингдан кўтарилдими – худо ургани шу, демак сенинг ақлинг заифлаша бошлаган. Бу сенинг ўзинг учун ҳам, яқинларинг учун ҳам қатор муаммоларни келтириб чиқаради.

Хинохара киши шифокорларга эмас, кўпроқ ўзига ишонишни зарур деб ҳисоблайди. Вақти-вақти билан шифокор кўригидан ўтиб туриш фойдадан холи эмас, аммо улар ёрдамига суяниб қолмаслик керак экан. “Дардимизни фақат шулар енгиллата олади, деган тушунчадан йироқ бўлган дуруст. Зеро, кишининг соғлиғи унинг ўзига боғлиқ. Замонавий тиббиёт барча касалликларни даволашга ожизлик қилади. Агар шифокор сизга қон таҳлиллари топшириш ёки операция қилишни тавсия қилса, ундан шундай тавсияни ўз фарзандларингиз, хотинингиз ёки қариндош-уруғларингизга ҳам берган бўлармидингиз, деб сўраш керак. Чунки, шифокорлар ҳам сизу биздек одам, улардан мўъжиза кутманг, имконсиз нарсани талаб қилманг, дейди тажрибали шифокор. У баъзида дўстона муносабатлар, ҳайвонот дунёси билан танишиш, табиат манзараларини томоша қилиш, улардан баҳра олиш таблетка ёки жарроҳ тиғидан кўра кўпроқ фойда бериши, мўъжиза яратиши мумкинлигига ишонади.

Вақтни спорт залида ўтказиш шарт эмас. Кўпроқ пиёда сайр қилиш, сузиш, велосипедда юриш ҳам соғлиқни мустаҳкамлаш учун етарли ҳисобланаркан.

Хинохара иқрорига кўра, Инсон кўп ҳолларда бойлик изидан қувиб, соғлиғини, вақтини йўқотади. Узоқ ва хотиржам яшашни истаган одам эса меҳр-оқибат, эзгулик, ўзгаларга ғамхўрлик кўрсатиш ҳақида кўпроқ ўйлаши керак.

“Бу фоний дунёда яна қанча яшашимизни билмаймиз, йиққанларимизни эса ўзимиз билан олиб кетолмаймиз”. Хинохара шу нақлга қатъий амал қилган ва бошқаларни ҳам шунга даъват этиб, ҳушёрликка чақирган.

Хулоса шуки, инсоннинг ўзига бўлган ишончи доим юқори бўлиши керак. Ана шундагина у ҳаётда дуч келадиган турли тўсиқларни осонгина енгиб ўта олади. Хинохара умрининг анчагина қисмини асирликда ўтказган. Уни турли қийноқларга солишган, ит азобини беришган, аммо у баридан эсон-омон қутулиб чиққан. Бунга унинг метин иродаси, ўзига бўлган ишончи, сабр-бардоши ёрдам берган. У тутқунликда ҳам ўзи бажараётган ишлардан, улар қанчалик оғир бўлмасин, баҳра олишнинг уддасидан чиққан.

Манба: mulohaza.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Узоқ умр кўришнинг японча усули