“Қўша қариб, ували-жували бўлинглар!” Бу калом, бу бир оғиз сўз ёши улуғ отахон ва онахонлар тилидан ва дилидан дуо бўлиб чиқади. Замонавий табрикларга ўрганган баъзи ёшлар учун бу сўзлар, балки эриш туюлар. Аммо, йиллар ўтгач, улар ҳаётнинг пасту баландини кўриш асносида айнан шу сўзларнинг мағзини чақишади. Ҳа, қўша қариб, ували-жували бўлиш – энг катта бахт!
Ҳаёт қизиқ. Севиб-севилиб бир ёстиққа бош қўйган келин-куёвларнинг баъзилари негадир тўй ўтгач, бир-бирларини ҳозир кўраётгандек, тушунолмайдилар. Сан-манга боришади. Дарвоқе, “Сан-ман…” Нега “БИЗ” деган бир оғиз сўзни айтиш шунчалар қийин бўлса?! “Сан-ман” дейилдими, оила дарз кета бошлайди. Демак, ота-онанг, ака-уканг, опа-синглинг, хуллас, қариндошларинг сеники… Ахир, тўйдан сўнг куёвнинг ота-онаси келиннинг ҳам ота-онасидек бўлмайдими ёки ака-ука, опа-сингиллар-чи?! Ёки аксинча, куёв келиннинг ота-онасини ўз ота-онасидек кўрса, ҳурматини жойига қўйса, хизматига “лаббай!” деб турса, бунинг нимаси ёмон?
“Хотинингдан қўрқасанми?” Бу бир оғиз сўз йигитнинг ориятини қўзғайди.
“Эрингни ҳозирдан қўлга олмасанг, эртага кеч бўлади!” Бу бир оғиз сўз эса ёш келинчакка сабоқ бўлса, тамом, вассалом! Ахир ўзгаларнинг ноўрин фикрларига қулоқ солишнинг оқибати ҳеч қачон яхшиликка олиб бормаслиги катта ёшдагиларга маълум-ку!
Кейинги пайтларда интернет сайтларида ва матбуотда оилавий ажралишлар, энг ачинарлиси, ўз жонига қасд қилганлар ҳақидаги хабарларни тез-тез ўқияпмиз. Беихтиёр ёқа ушлайсиз?! Нега, нега, нега…? Беадоқ саволлар гирдобида қоласиз.
Мактабни битирганига ўн беш йил бўлган аёл синфдошлари билан “ўн беш йиллик”ни нишонлашга чоғланади. Аммо, ўзи хоҳлаган либосни ололмаганидан кўнглига қил ҳам сиғмайди. Заҳрини бир амаллаб оила тебратаётган эрига сочади. У ҳам нима қилсин. “Қўли калталиги”дан ийманади, эзилади. Ҳали бирорта яхшироқ ишнинг этагидан тутса, қўли пул кўришини, рўзғори бут бўлишини истайди. Наилож! У “Борини кийиб боравермайсанми? Сен айтадиган кийим учун фалон пул керак. Унча пулни ҳозир кимдан ҳам оламан” дейишга мажбур бўлади. Аёлнинг оғзидан:
“Юрибсан-да, эркакман деб” деган сўз найзадек отилиб, эрнинг юрагига қадалади. Эр ўзини боса олмайди, нима деяётганини, нима қилаётганини билмайди… Аёлнинг ўз жонига қасд қилганини англагач, кўзи мошдек очилади. НЕГА?!
Жаҳл устида аёл дунёдан кўз юмди. Лекин, дунё кенгайиб ёки торайиб қолмади. Эркак синди, ёлғиз қолди. Одамлар кўзига “қотил” бўлиб кўринди. Болалар-чи? Бири-биридан хушрўй, ширингина фарзандлар она меҳридан жудо бўлди. Энди уларнинг эркаликларини ким кўтаради?! Кечагина болаларининг бахти учун уларни камситган кишилар билан жиққамушт бўлган онанинг ўзи энди қоракўзларни бебахт қилди. Оила пароканда бўлди.
Агар, қимматбаҳо бўлмаса ҳам оддий матодан кўйлак тиктирса эди, уни дугоналари тушунишарди. Ахир, синфдошлар энди ёш бола эмас-ку! Ёки эр хотинига “Майли, айб менда. Ҳали кўрасан, пулдор ҳам бўламиз. Насиб бўлса, кейинги синфдошлар ўтиришида ўзим сенга хоҳлаган кийимингни олиб бераман. Дугоналарингнинг оғзи очилиб қолади” дея ишонтирганида, балки бу фожиа рўй бермасмиди?! Сабр-тоқатли инсон эзгу ниятига етиши ҳақида кўп эшитганмиз. Фақат, бу сўзга амал қилишимиз қолди, холос.
Пул топиш мақсадида чет элга кетиш, у ерларда меҳнат қилиб, ўзидан орттирган пулларни уйига, рўзғорига ташийдиган йигитларга ҳам осон эмас. Баъзи аёллар юборган пулларни, гўё эри мўмай даромад топаётгадек, ишлатади. Уйни янгилаш, иморатни кўз-кўзлаш, ўғлига сўнгги русумдаги машина олиб бериш… Узоқ муддатли сафардан қайтган эркак ўзи юборган пулларнинг сарф-харажати билан қизиқиши, табиий. Шу кезда бир-бирин тушунса-ку, нур устига аъло нур. Тушунмасачи?!
Ёки хотин эрига “Ўша ерларда бирортани топгандирсан!” деса, эр ҳам ўзининг шубҳасини айтади: “Мендан сени совутган ўша хушторингни айтасан…” Ана сизга, йўқ жойдан можаро! Бир оғиз ноўрин сўз юракни парчалади. Қайси бири иродасиз бўлса, ўйлови бўлмаса, фожиа рўй берди, деяверинг. Рашк ўтида қовурилган эр ёки аёл бу дунёдан тўяди. Энди унга яшашнинг қизиғи йўқ! Бу ёруғ олам кўзига қоронғу кўринади. Зулматдан қутулиш чораларини излайди. Эркини жиловлай олмаган, иродасиз, фикрсиз кимсага шайтон ёрдамга келади.
Ўз жонига қасд қилиш “қаҳрамонлик” эмас-ку! Бу динимизда ҳам қораланган.
Бу воқеага узоқ йиллар бўлди. Юқори синф ўқувчиси ўз жонига қасд қилди. Буни эшитган 60 ёшлардаги киши “Ахмоқ экан!” деб юборди. Ҳайрон қолдим. Бир инсон дунёдан кўз юмса-ю… Йиллар ўтиб, ҳаётни кузатиб, “Ахмоқ экан” деган сўзни англаб етдим. Ҳақиқатан ҳам, ақлли одам ўша мудҳиш ҳолга тушмаслигини англадим. Ўз жонига қасд қилган кимса, аввало, ўзининг яқинлари, қолаверса, эл-юрт учун ҳар жиҳатдан зарар келтириши аён-ку!
Эр-хотин бир-бирини тушуниб, бир-биридан меҳрини аямаса, рўзғор муаммоларини баҳамжиҳатликда бартараф этса, шириндан-шакар фарзандларни маънан ва жисмонан соғлом қилиб тарбияласа, уларни ўқитиб, ҳунарли қилиб, эл-юрт корига ярайдиган инсонлар қилиб вояга етказса, набиралар шодлигидан қувонса, ҳамма бир-биридан фақат хушхабарлар эшитса, бунга не етсин!
– Мен Сизга бахт тилайман!
– Мен ҳам…
Қаранг бир оғиз сўз. Ширин каломларни айтиб ва эшитиб яшаш ҳар биримизга насиб этсин, азизлар!
Абдулла АЙИЗОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси
Манба: soglom.uz “Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Организмда қайси турдаги витамин етишмаётганини қандай аниқлаш мумкин?
Ўзбекистонда онкологик касалликка чалинган аёллар бепул даволанади
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”
Медведев Россия НАТО ҳарбий базаларига зарба йўллаши мумкинлигини истисно қилмади