Дунёнинг энг чиройли эркаги ким ва у нега қамоққа тушган?

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- 2021 йилда ТК Кандлер томонидан дунёнинг энг келишган юзи деб топилган мянмалик актёр ва модел Пайинг Такхон ҳарбий тўнтаришга қарши намойишларда иштирок этгани учун уч йилга озодликдан маҳрум этилган эди.
- Унинг машҳурлиги Мянма чегараларидан ташқарига чиқиб, Таиландда ҳам мухлислари кўпайган, аммо 2021 йил 8 апрелда ҳарбий тўнтаришни қоралагани учун ҳибсга олиниб, уч йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Мьянмалик актёр ва модель Пайинг Такхон 2021 йилда TC Candler томонидан дунёнинг энг келишган эркак юзи деб топилган. Бироқ ушбу эътироф унга нисбатан суд ҳукми чиқарилган вақтга тўғри келди: у ҳарбий тўнтаришга қарши намойишларда иштирок этгани учун уч йилга озодликдан маҳрум этилган эди.
Пайинг Такхон 1996 йилда Мьянманинг ғарбий қисмидаги Котаун шаҳрида олти фарзандли оиланинг тўртинчи фарзанди бўлиб туғилган. Мактабни тамомлагач, мамлакатнинг энг йирик шаҳри Янгонга бориб, ўзини синаб кўришга қарор қилди.
18 ёшида у Жон Лвиннинг моделлик мактабига ўқишга кирди. У ерда суратга тушиш ва подиумда юриш сирларини ўрганди. Узун сочлари ва мушакдор тана тузилиши унинг ўзига хос қиёфасини янада ажратиб турарди.
Кўп ўтмай John Lwin’s Star & Model International агентлиги унга ҳамкорлик таклиф қилди. Реклама, мусиқий клиплар ва журналлар учун суратга тушишлар ортидан унинг карьераси жадал ривожлана бошлади.
Пайинг Такхон 2017 йилда «Ярим тун сайёҳи» фильмидаги бош роли орқали актёр сифатида ҳам танилди. Шу билан бирга, у мусиқа билан шуғуллана бошлади ва ижтимоий тармоқларда катта аудитория тўплади.

Унинг машҳурлиги Мьянма чегараларидан ҳам ташқарига чиқиб, Таиландда ҳам мухлислари кўпайди. Пайинг мамлакат туризмини тарғиб қилувчи элчи сифатида ҳам фаолият юритган.
TC Candler рейтингида у 2020 йилда 10-ўринни эгаллаган бўлса, 2021 йилда биринчи ўринга кўтарилди. Шу тариқа Пайинг Такхон дунёнинг энг келишган юзи сифатида эътироф этилди.
Монастирдаги икки ҳафта
2021 йил бошида Пайингнинг буддавий роҳиблар билан бирга тушган, сочи қирилган суратлари интернетда тарқалди. У икки ҳафта давомида монастирда яшаб, рўза, ибодат ва медитация билан шуғулланган.
Бу ҳолат унинг мухлислари орасида турли саволларни пайдо қилди. Кейинчалик маълум бўлишича, у монастирдаги ҳаёт орқали бир муддат тин олиш ва ўзини руҳан тиклашга ҳаракат қилган.
Норозилик намойишлари ва ҳибс

2021 йил 1 февралда Мьянмада ҳарбийлар ҳокимиятни эгаллаб олди. Шундан кейин мамлакатда кенг кўламли норозилик намойишлари бошланди.
Пайинг Такхон ҳам ҳарбий тўнтаришни очиқ қоралаб, ижтимоий тармоқларда ўз муносабатини билдирди ва намойишларда иштирок этди. У фуқароларнинг сайланган ҳокимиятни танлаш ҳуқуқини ҳимоя қилишга чақирди.
2021 йил 8 апрель куни ҳарбийлар уни Янгондаги онасининг уйидан ҳибсга олди. Кейинчалик уни Мьянма Жиноят кодексининг 505(а)-моддаси бўйича айблаб, уч йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилишди.
Энг қизиғи, Пайинг қамоқда бўлган пайтда TC Candler уни 2021 йилнинг энг келишган юзи деб эълон қилди. Рейтинг тақдимотида ташкилот унинг сурати ёнига «Free this man» — «Бу инсонни озод қилинг» деган чақириқни ҳам жойлаштирди.
Пайинг Такхон қамоқда қарийб 11 ой қолди. 2022 йил 2 мартда у давлат авфи асосида озод қилинди ва уйига қайтди.
Шу тариқа, модель ва актёрнинг ҳаётида қисқа вақт ичида подиум, кино, монастир ва қамоқ каби мутлақо турлича босқичлар бирлашди. Бугун эса Пайинг Такхон ижтимоий тармоқларда фаоллигини давом эттириб, мухлислари билан мулоқот қилиб келмоқда.






























Изоҳлар 0
…