18:58 / 29.08.2018
5 418

Қаноат ва ҳалоллик

Қаноат ва ҳалоллик
Абу Жаъфар Мансур (аббосий халифалардан) халифаликка сайланганда элчилар, турли мансаб кишилари унга саломларни етказгани ва халифаликка сайлангани билан табриклагани кела бошлашди.

Шу орада бир кекса киши ҳам келди. Уни кўрган Абу Жаъфар “Бу қария ҳозир бизга ўлим ҳақида гапириб, кўнглимизни дунёдан узишга чақиради. Мен ўзим у гап бошламасидан олдин бизга мавъиза қилишини сўрайман” деди ва “Эй қария, бизга насиҳат қилинг” деди. Шунда бояги киши “Эй мўминларнинг амири, сизга кўрган нарсамни гапирайми ёки эшитган нарсамними?” деб сўради. Абу Жаъфар “Кўрган нарсангизни гапиринг. Чунки, кўриладиган нарса одатда эшитиладиган нарсадан кам учрайди” деди.

Шунда ҳалиги кекса киши: “Эй мўминларнинг амири, мен Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳни кўрдим. Вафот этганда, ўзидан ўн битта фарзанд қолдирди. Фарзандларига ўн саккиз дирҳам мерос қолдирди. Ўзи беш дирҳамга кафанланди, тўрт дирҳамга қабр кавлатилди, қолган тўққиз дирҳам эса, фарзандлари орасида тақсимланди. Ҳар бир болага бир дирҳамдан камроқ улуш тегди.

Яна Ҳишом ибн Абдулмалик (уммавийлар халифаси)ни ҳам кўрдим. Вафот этганда, ортидан бир қанча фарзандлар ва тўртта хотини қолди. Ҳар бир хотинига саксон минг динор олтин мерос тегди.

(Маълумки, агар эрнинг фарзанди бўлса, хотинига мероснинг саккиздан бири тегади. Шу саккиздан бир улуш эса, тўртта хотинга тенг тақсимланади. Агар ҳар бир хотинга саксон минг динор улуш теккан бўлса, у ҳолда тўртта хотинга берилган мерос уч юз йигирма минг динор бўлади. Бу Ҳишом ибн Абдулмалик қолдирган динорларнинг саккиздан биридир. Демак, динорларнинг саккиздан бири уч юз йигирма минг динор бўлса, қолган динорлар бундан ҳам кўплиги маълум бўлади. Булар ҳали мероснинг динорлардан иборат қисмидир. Ҳишомдан яна кўчмас мулклар, боғу роғлар ва бошқа бойликлар ҳам қолган).

Орадан бир муддат ўтгач, Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳнинг ўғилларидан бирини кўрдим. У йигит отасидан бир дирҳамдан камроқ мерос олган эди. Шу йигит ўз молидан Аллоҳ йўлида жанг қилиш учун юзта чавандозни от-улов, кийим-кечак, озиқ-овқат билан таъминлаганини кўрдим.

Яна Ҳишом ибн Абдулмаликнинг ўғилларидан бирини ҳам кўрдим. У қўлини очиб, одамлардан “Садақа беринглар!” деб садақа сўраётган эди”.

Отасидан миллионлаб динорларни мерос қилиб олган ўғилнинг аҳволини кўринг!
"Нозимжон Ҳошимжон" каналидан олинди

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Қаноат ва ҳалоллик