Баъзилар, эр деган йиғламаслиги керак, дейдилар. Уларнинг наздида эркак жинсига мансуб инсонлар кўз ёшлари қотиб қолган, қалблари эса тошданда қаттиқ жисмга айланган махлуқлар ҳисобланади. “Ўғил боласанку, йиғлама!” деб койиймиз гоҳида эндигина пиқирлашга тушган боламизни.
Бироқ, дунёни тийран кузатар экансиз, аёлнинг йиғисига қараганда эркакнинг йиғиси қаттиқроқ эканини биласиз. Унинг дод-фарёдидан тоғлар ларзага келади, устунлар қулайди. У уввос солганида, дунёнинг мана-ман деган кўнгилчан аёллари ҳам ҳайратдан ёқа ушлаб, бу борада эр зоти билан кураша олмасликларини англаб етишади. Чунки эркакнинг йиғиси ростакам бўлади, унинг йиғисидан ёлғон бўлмайди. Аёллар йиғлаётган бўлсалар, “ҳа, энди дардини тўкиб оляптида” дейишингиз мумкин. Бироқ, эркак кўз ёши тўкаётган бўлса, бориб қарагингиз келади унинг олдига. Чунки биласиз-ки, бу одам бекорга йиғламайди. У йиғласа, нимадир рўй берган бўлади. Камида, қуёш нурини сўндирган бўлади. Ҳайрон қоляпсиз-а гапларимга?! Ҳайрон бўлманг. Зеро бу ҳақиқат.
“Эркакни йиғлатадиган воқеалар тахминан қандай бўлади?” деб сўрашади мендан. Мен ҳаёлимга келган воқеаларни санашга ўтаман. Шуларнинг ўзиёқ сизни йиғлатиши керак.
Эркак номусга ботса йиғлайди, дейишади қадимгилар.
Баъзилар наздида, мард эр хотини хиёнат қилганида ҳўнг-ҳўнг йиғлайди. Йўқ, йўқ, “менга бепарволик қилдинг” деб, хотинининг қилган ишидан эмас, балки унга ушбу эшикни ўзи билинар-билинмас очиб берганидан йиғлайди.
Ундан ҳам қаттиқроқ йиғлайди агар қизининг фоҳиша деган ном олганини эшитиб қолган ота. “Бундан кўра ўлганим яхшимасмиди?” дейди. Аниқки, бу ота бу хўрлик ўрнига чинданда бошини кундага ҳам қўя оларди.
Боласининг тобутини кўтариб кетётган ота йиғлайди, ҳаммани ўзига қўшиб йиғлатиб. Боласига ачиниб йиғлайди, десангиз, хато қиласиз. Чунки уни йиғлатган нарса бошқа – ўғлини салоҳиятли қилиб тарбиялашга уринмагани уни йиғлатади, “энди бунинг жавоби қандай бўлади?” деган ўй отани қақшатиб йиғлатади.
Баъзан ўғил йиғлайди... отасининг тобутини кўтариб кетаётганда, демоқчимисиз? Асло! Отанинг тобути ортидан йиғлаш у қадар катта фожеа эмас, балки унданда каттароқ мусибат йиғлатади бу ўғилни. У ўртоқлари билан кулишиб уйга қайтаётганида, отасининг кўчада маст-аласт келаётганини кўриб қолганида йиғлаб юборади аламдан дод солиб.
Синглиси ҳақида кўчадан хунук гап эшитганда, уйга кириб кетадида, ҳеч кимга билдирмай йиғлайди бу “иш” нинг олдини ололмаганидан ҳўнграб бечора ака. Йўқ, йўқ, синглисининг ор-номуси, келажаги деб эмас, балки ака бўлиб бу мусибатнинг олдини ололмаганидан йиғлайди хўрланиб.
Дўст йиғлайди энг яқин биродари дўстлик номидан сўз очиб алдаб кетганида. Унинг йиғисига сабаб дўстини маломат қилиш эмас, балки “наҳот мен ҳақиқий дўст бўлишга арзимадим, наҳот мени у дўст сифатида қабул қила олмади, қусурларим шунчалик кўп эдими?” деб йиғлайди ҳақиқий биродар.
Шунча йиғиларнинг олдида бир ҳолатга бўлган йиғи кўнгилларни эритиб юборади. Бу ҳолатни тинглаш учун тайёр турган бўлсангиз, қойил қолдик журъатингизга: бир отахоннинг йиғиси-ки, бу йиғи кўнгилларни зир титратади. Ўғиллари уни ҳажга боришини таъминлашган, унга турли-туман маросимлар ташкил этишган, аммо “отам бизнинг қизил тўйларимизни кўрмай қўя қолсин!” деб ўзларининг тўйлари ўтаётганда, ресторанга олиб кетмай, уйга ёлғиз ташлаб кетишганида, отахон дардини кимга ёрарини билмай йиғлаганини эшитган эдик. Бунданда ҳасратлик кун бўлмаса керак қария одамга?!
Тахминан мана шунақа воқеалар. Бу воқеаларни давом эттирадиган бўлсак, унинг адоғи кўринмас. Бироқ, мазмун эса биттадир.
Ҳақиқий эркак йиғламайди, дейиш айни хатодир. Балки у учун дунёнинг турган-битгани йиғидан иборат. Фақат бунинг шарти – ўша биз айтаётган инсон эркак бўлиши шарт. Агар юқоридаги ҳолатлар кўз ўнгида содир бўлса ҳамки, индамайгина кетаётган ва кўз ёши қалқимаётган бўлса, хитобимиз ул кишига қаратилмаган. Ҳақиқий эркак аслида аёллардан кўпроқ йиғлайди бу дунёда.
Манба: Azon.uz “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Организмда қайси турдаги витамин етишмаётганини қандай аниқлаш мумкин?
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Ўзбекистонда онкологик касалликка чалинган аёллар бепул даволанади
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
Медведев Россия НАТО ҳарбий базаларига зарба йўллаши мумкинлигини истисно қилмади