07:45 / 28.12.2018
6 714

2019 йил Сизга нималарни ваъда қилмоқда?

2019 йил Сизга нималарни ваъда қилмоқда?
ЭГИЗАКЛАР (22. 05 — 21. 06)

УМУМИЙ ТАЪРИФ
2019 йили умумий аҳволингиз меъёрида бўлади. Пулдан у қадар қийналмайсиз. Айниқса, ижод кишиларининг кайфияти йил давомида юқори чўққиларда бўлиши кутилади. Фақат қариндош-уруғлар билан йил бўйи келишмовчиликларга барҳам бера олмай қийналишингиз мумкин.

Ёз ойларида бошқалар каби дам олиш соатларингиз мўл бўлади. Агар табассум, жилмайишларни ҳадеганда ҳайдаб солавермасангиз, ҳар бир кунингиз гармония қуршовида бўлиши тайин. Асабийлик сизга фойда бермайди. Шу жумладан, спортнинг жароҳат етказиши мумкин бўлган турлари билан шуғулланишингиз ҳам тавсия этилмайди.

Жамоат жойларига камроқ боринг. Қарама-қарши жинс вакил ё вакилалари билан ташқарида ишқий саргузаштларга берилманг. Бу жамиятдаги обрўйингизга путур етказибгина қолмай, саломатлигингизга ҳам раҳна солади.

МУҲАББАТИ
2019 йил, яъни, Тўнғиз йилида оила қурмаганларнинг ошиқ ва маъшуқалари кўп бўлади. Ҳатто, улар орасидан қай бирини танлашга ҳам ҳайрон бўлишингиз мумкин. Бундай лаҳзаларда қалбингизга қулоқ тутманг. Тафаккурга бўйсунинг. У сизга тўғри йўл кўрсатади.

Билинг, тўнғиз енгилтабиатлиликни сира хуш кўрмайди. Шуни ҳисобга олинг. Ташқи кўринишингизга алоҳида эътибор беринг. Баъзилар никоҳга тайёр бўлмаслиги мумкин. Унда бу амалга алоҳида тайёргарлик кўринг.

ОИЛАСИ
Оилавий аҳволингиз рўзғор ташвишлари ҳамда молиявий муаммоларга қандай муносабатда бўлишингиз билан боғлиқ. Қанча тиришқоқлик билан яшаш учун курашсангиз, оилангиз шунча мустаҳкам бўлади. Жуфтингиз ва яқин қариндошларга эътиборли бўлинг.

Кўпчилик дўстларимиз 2019 йили уйда капитал таъмир амалларини адо этишлари мумкин. Айримлар эса янги уй сотиб олиш ҳаракатида бўлишади. Яқин инсонлардан пулни аяманг. Совғалар харид қилишдан тийилманг.

Баъзилар хонадонида йилнинг иккинчи ярмида чақалоқ дунёга келиши кутилади. Шундай экан, ҳозирлигингизни кўриб қўяверинг. Қолаверса, 2019 йил оилалилар учун кутилмаган совғаларга бой бўлади.

МОЛИЯВИЙ АҲВОЛИ
Йил бошидаёқ омад ва бойлик сиз томон юзланаверишини ҳасадгўйлар сира ҳазм қила олишмайди. Шунинг учун йил бошидаёқ бундай ғараз ва ҳасадга қарши кураш чораларини кўринг. Ниҳоятда эҳтиёткорлик билан иш тутинг. Молиявий масаладаги сирларни бировларга асло гулламанг. Пул топишда, мўмай даромад кўришда эса ақл зарур. У сизда бор. Фақат жойида ишлата билсангиз бас, мўмай даромад сизники.

Тадбиркор бўлсангиз, таваккалчилик билан боғлиқ ишлар учун пул тикманг. 2019 йил таваккалчиликни ёқтирмайди. Хайрия амалларига кўпроқ эътибор қаратинг. Пулларингизни йил давомида жойига ишлатинг. Кераксиз харидларга зеб берманг.

САЛОМАТЛИГИ
Тўнғиз йилида овқатланиш рационингиз ва режимга амал қилинг. Тунлари оғир ҳазм бўлувчи таомлар истеъмолидан тийилинг. Сабзавотлар, мевалар, бўтқаларни кўпроқ енг.

Саломатлигингизда жиддий муаммолар кўзга ташланмайди. Лекин бу эрталаблари жисмоний машқлар қилишдан тийилиш дегани эмас.
Айримларнинг ошқозонида йил ўрталарига бориб кичик муаммолар юзага келиши мумкин.

Стрессли лаҳзалардан қочинг. Экстрасенсларга, фолбинларга қатнашдан тийилинг. Руҳий ҳолатингиз шундоқ ҳам аъло даражада бўлади. Қишда юқумли хасталикларга чалинишдан сақланинг. Компьютер қаршисида узоқ ўтириб қолманг. Кўриш қобилиятингиз пасайиб кетиши мумкин.

ТЎНҒИЗ ЙИЛИДА ТУҒИЛГАН МАШҲУРЛАР
Америкалик актёр Марк Уолберг, россиялик актёр Андрей Леонов, Михаил Пуговкин, англиялик актёр ва мусиқачи Хью Лори, хонанда Кристина Орбакайте, бастакор, продюсер Бари Алибасов

ҚИСҚИЧБАҚА (22. 06 — 23. 07)

УМУМИЙ ТАЪРИФ
Тўнғиз йилида қисқичбақа буржида таваллуд топганларнинг ташвишли лаҳзалари, ишлари кўпайгандан кўпаяди. Йилнинг биринчи ярмида моддий жиҳатдан аҳволингиз янада яхшиланиши, қўшимча даромад келтирадиган ишлар юзасидан янги таклифлар келиб тушиши кутилади.

2019 йили зинҳор ёлғизликда иш бажарманг. Сизга асосан жамоавий тарзда амалга оширилган ишлар наф келтиради. Дунёдан, жамиятдан ўзингизни олиб қочманг. Содир бўлаётган ҳодисаларга оптимист назари билан боқинг. Унутманг, ҳаракат — бу тўнғиз йилидаги сизнинг сокин ва бахтли ҳаётингиз.

МУҲАББАТИ
Қисқичбақа буржи остида таваллуд топганлар муҳаббатсиз яшай олишмайди. Лекин бу бебаҳо туйғуга меҳр билан ёндашинг. Вақтинчалик хушомадлар, мақтовларга учиб ҳаётингизни заҳарга қориштирманг.

Оила қурмаган бўлсангиз, ҳақиқий муҳаббатни қидиришдан тўхтаманг. Сиз 2019 йил феврали ва марти оралиғида тақдирингизни боғласангиз арзийдиган одамни учратасиз ва танишув лаҳзаларини бошдан кечирасиз.

Ташқи кўринишингизга йил давомида алоҳида эътибор қаратинг. Собиқ суюклингизга қайтишни хаёлингизга ҳам келтира кўрманг. Шунда тўнғиз йили сиз учун муҳаббат бобида ҳам омадли кечади.

ОИЛАСИ
2019 йилда рўзғор ва хўжалик ишларига жиддий муносабатда бўлинг. Агар уйингизни таъмирлаш зарур бўлса, баҳор ойларида бу муаммони ҳал этишга ҳаракат қилинг. Айримларнинг хонадонида тўнғиз йилида янги меҳмон дунёга келиши кутилади.

Йил давомида кўпчилик оила, рўзғор ташвишлари, учрашувлар, оила боқиш учун қўшимча даромадли ишларни амалга ошириш билан банд бўлади. Оиласизлар ҳам йил бошидаёқ ҳаракатларини қилиб, оила қуриш пайида бўлганлари маъқул. Бунинг учун қайсарлик одатингиздан воз кечишингизга тўғри келади.

МОЛИЯВИЙ АҲВОЛИ
2019 йили моддий аҳволингиз худди булутсиз осмон каби беғубор бўлади. Мўлжалдаги пулларни осон йўллар билан тўплай биласиз. Ана унда кимдир саёҳатга отланиши, бошқа биров янги уй сотиб олиши, яна кимлардир оила қурмаган бўлса, шу ниятини амалга ошириши мумкин бўлади. Фақат пул топишда қонунни четлаб ўтишга уринманг. Тадбиркор бўлсангиз, янги шартномаларга имзо чекаётганда, сергакликни қўлдан бой берманг. Ҳасадгўйлар йўлингизга бузиб ўтиб бўлмас тўсиқлар қўйиши ҳам эҳтимолдан холи эмас.

Молиявий масаладаги янги ғояларингиз амалга ошишида яқинларингиз, дўстларингиздан ёрдам оласиз.

САЛОМАТЛИГИ
2019 йили бел қисмингизни мустаҳкамловчи машқларга эътибор қаратинг. Медитация, йога ҳам ортиқчалик қилмайди. Ошқозон-ичак йўлларида жиддий муаммо туғилишини хоҳламасангиз, овқатланиш меъёрларига ва режимга амал қилинг. Тўйиб ухлашни ҳам одат қилинг. Нонуштага бўтқа ва мевалар енг.

Айримлар йил давомида руҳий жиҳатдан муаммоларга дуч келишлари мумкин. Врач кўригига боришдан тийилманг. Касалликнинг олдини олиш фойдалироқ бўлади.

ТЎНҒИЗ ЙИЛИДА ТУҒИЛГАН МАШҲУРЛАР
Украиналик боксчи ва сиёсий арбоб Виталий Кличко, актриса Наталья Варлей, хонанда Алсу, ёзувчи ва журналист Эрнест Хемингуэй, россиялик актёр Илья Олейников, немис физиги Густав Людвиг Герц.

Манба: "Ҳордиқ"

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » 2019 йил Сизга нималарни ваъда қилмоқда?