11:00 / 16.02.2019
5 869

Биз нега маъракабозликни яхши кўрамиз?

Биз нега маъракабозликни яхши кўрамиз?
"Қизиқарли харита" каналига пост тайёрлаш асносида рўпарамдан қўйидаги харита чиқиб қолди. Бу харитада Европа мамлакатларида неча фоиз аҳоли ҳожатхонага кириб қўл ювмай чиқиб кетиши фоизларда кўрсатилган экан.
Турли мамлакатларда кўрсаткичлар турлича. Кўрсаткичлар мени ҳайрон қолдирмади.

Харитага эътибор берсангиз аҳолисининг аксарияти мусулмон бўлган Туркия, Босния, Албания ва яна бир неча Болқон яримороли мамлакатларида натижа яхшироқ. Италия, Германия, Россия кабиларда эса пастроқ натижа.

Албатта, европаликларнинг ҳожатга кириб чиққанларидан кейин қўл ювмасликлари ҳақида олдиндан бироз тасаввурга эгаман.
Бу ҳақда ўқиганман, эшитганман, кўрганман. Фақат статистик маълумотни(гарчи у мутлақ тўғри бўлмаса ҳам) энди кўраяпман.

Юқорида "кўрганман" дедим, узоқ йиллар Тошкентда яшаб юрганимда турли жамоат ҳожатхоналарида европоидларнинг қўлини ювмасдан ҳожатхонадан тўғри кўчага чиқиб кетганларини кўп марта гувоҳи бўлганман.

Мени икки нарса ажаблантиради. Бири, ўрта асрлардан бери ҳанузгача энг маданиятли одамлар сифатида талқин қиладиган европаликларнинг ҳожатхонага кириб чиқиб қўлини ювмай кетавериши бўлса. Иккинчиси...

Иккинчиси бироз оғриқли мушоҳадалар. Ислом динидан озгина хабари бор одам билади бу дин поклик, тозалик устига қурилган. Диннинг талабларидан бири ҳам ҳам кўнгил поклиги(маъжозий маънода), тана поклиги, либос поклиги, яшаш ўрнининг(хона,ҳовли дегандай) поклиги ҳисобланади. Ана шу учун ҳам мусулмон кишига энг камида ҳафтада бир ювиниш, танасининг маълум жойларини тукини тозалаш, тирноқларни олиш(тирноқ остида энг паразит микроблар тўпланади), ибодат учун доим ҳожатдан сўнг авратни ювиш, сўнгра оғиз, бурун, юз, қўл тирсаккача ва оёқларни ювиш талаби бор. Ҳатто, ёнидагиларга озор бермаслик учун оғиздан бадбўй ҳиди келиб турадиган маҳсулотларни еб одамлар орасига қўшилмаслик талаби ҳам бор.

Қисқаси мусулмон одам доим тоза, покиза юриш керак. Эски бўлса ҳам либосини тоза тутиши керак. Ўтирган, яшаётган жойини тоза сақлаши керак.

Аммо, назаримда биз ана шу талабларни бажаришни унутдик. Йирик шаҳарларда эътибор бераман, ёши катта инсонлар, чоллар бирмунча озода юришади. Чунки хоҳлаган пайтида ювиниб олиш шароити бор. Аммо, қишлоқ жойларида бундай деб бўлмайди. Турли ёшдаги инсонларни сочлари, тирноқлари ўсиб, кийимлари кир бўлиб юрган ҳолатларни кўп кўраман. Бу ҳолат масжидга чиқаётган чолларда ҳам кўп учрайди. Умуман олганда кўпчилик тозаликка, покликка жудаям бефарқ бўлиб қолган.

Қиш фаслида қишлоқ жойларида уйни иситиш муаммо бўлганда ҳаммомни иситиб тез-тез ювиниб олиш кўпчиликка малол келади.
Аммо, қиш совуқ десак ёзда ҳам аҳвол шундай. Одамларимиз(ўзим ҳам) тозаликка эътиборсиз бўлиб қолишган.

Қолаверса, қишлоғимдан келиб чиқиб ёзаяпман, кўпчиликни уйида тузукроқ ҳаммом ҳам йўқ. "Ҳа энди одамларни қўли калта, ҳаммом қуриб, уни ичини тузукроқ қилиб жиҳозлаб олишга пули йўқ, нима қилсин? дейишингиз мумкин. Мен эса бундай деб ўйламайман. Чунки, бу халқни турли маъракалар еб битираяпти ва аксарият одамлар фарзандининг соғлом ўсиши учун лозим бўлган шароити яхши ҳаммом қурмайди, лекин боласининг суннат тўйини қарз олиб бўлса ҳам тўрт маҳаллани чақириб ош беради.
Мен тахминий ҳисоблаб кўрганман. Ҳозир ўртача жиҳозланган бир ҳаммом учун биз томонларда мутлақо кераксиз бўлган ўртача бир маъракани пули етади. Аммо, бу халқ ўша кераксиз маъракани ўтказса ўтказади, лекин уйда ҳаммомини ўртача жиҳозлаб қўймайди. (Энди боласига дарсхона, кутубхона қилиб бериш ҳақида умуман гапириб ўтирмай).

Умуман олганда биз тозаликка бефарқ бўлиб қолганмиз. Аксарият иллатларимиз эса(ризқнинг торайиши, турли касалликлар) тозаликка, эътиборсиз бўлиб қолганимиз, етарлича риоя этмаётганимиз ортидан чиқиб келаяпти.

Юқорида мусулмонликликнинг асосий талабларидан бири поклик экани ҳақида ёздим. Ўзбекистоннинг аксарият аҳолиси ўзини мусулмон ҳисоблайди. Шундай экан энди поклик ва тозаликка ҳамэътиборлироқ бўлсак яхши бўлар эди. Маъракаларга келсак, улар тугамайди. Олдин ҳаммом қуриб ёки жиҳозлаб олавериш керак.
Ғайрат Йўлдош

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Биз нега маъракабозликни яхши кўрамиз?