Менимча, миллат даражасини шу миллат аёлининг даражаси белгилайди. Чунки халқ аёлидан баланд бўлолмайди. Негаки, халқ аёлнинг маҳсулидир. Худдики, мева оғочидан ортиқ бўлолмаганидек, фарзанд ҳам онасидан узоққа кетолмайди. Ўзбекдаги: «Алпни ҳам, олимни ҳам она туғади», деган ҳикмат бежиз эмас. Аёлнинг ўзи-ку ҳар қаерда ҳам табиатнинг бир сирли хилқати, яратиғи. Лекин ўзбек аёли бугун қай сирлар пардаси тагида. У дунёдаги кўпгина халқларнинг аёлидан тамомила фарқ қилади. Ўзбек аёли ҳар қандай муҳит ва шароитда яшаб кета олади.
Шу боис ҳам буткул нотаниш хонадонга келин бўлиб тушган қиз бир неча ойнинг ичида ўша ўтбошига сингишиб, бирини «ота», бирини «она» қилиб олади, бир умр шу уйда яшагандай уларнинг ўзиники бўлиб кетадигина эмас, балки бу уйдагиларни ўзиники қилиб олади ҳам. Энди бирор сабаб билан келинчагининг хонадонида яшашга мажбур бўлган ҳар қандай эркак ҳолатини тасаввур қилинг. У умрининг охирига қадар ҳам бегона жойга сингишмайди, ўзининг «сиғинди» эканини бир дақиқа бўлсин унутолмайди. Мен қуйида сиртдан қараганда нозиккина, аммо сирли қудратга эга ўзбек аёли маънавияти қирралари борасидаги қараш ва орзу-ўйларимни баён этишга ҳаракат қиламан.
* * *
Нима учун Шарқ аёллари азал-азалдан бутун дунё эътиборини тортиб келган? Унинг ечими йўқ тенглама, осон бошқариладигандай туюлса-да, аслида бошқариш имконсиз бўлган мураккаб хилқат саналиши сабаби нимада? Феминизатсиянинг оммавийлиги жинслар ўртасидаги мутлақ ҳуқуқий тенгликни таъминлаган Ботиш (Ғарб) оиласида эру хотин «қўш ҳўкиз» эмас, уларнинг муносабатида шахсий манфаат ва қонунга мувофиқлик биринчи ўринда туради. Мазкур тенглик қонун доирасида белгилангани ва унга амал қилиш ҳуқуқий муаммо бўлгани учун у ердаги аёлларнинг эрни «бошқариш»га уринишлари зуғум тусини олади. Зеро, тенг кучга эга томонларнинг хатти-ҳаракатларига фақат қонун ҳакамлик қилиши мумкин. Бу ўринда маънавий қарашлар тизими четга суриб қўйилади.
Ўзбек аёли эса қонунда белгилаб қўйилган тенгликнида даъво қилиб ўтирмайди, ўзига алоҳида эътибор кутмайди. Лекин эридан ҳеч нарсани талаб қилмагани ҳолда ҳамма соҳада унга ўз таъсирини ўтказа билади. Чунки аёлнинг мартабаси бизда юридик муаммо эмас, балки маънавий актдир. Шу боис ҳам ўзбек оиласида деярли ҳамиша аёлнинг айтгани бўлади. Чин эркак мавқе талашмаган, тенглик даъво қилмаган «ожиза» билан қонунлашиб юришни ўзига эп кўрмай, аёл айтганига кўниб қўя қолади. Ростдан ҳам, ожизлигини, заифлигини ўзи тан олиб турган одам билан тортишишнинг нима кераги бор?
Қудратли саналган кишида ожизни аяш туйғуси кучли бўлади. Бу туйғу одамни юксалтиради. Бутун куч-қудрати ожизлигида эканини яхши англагани туфайли ўзбек аёли ожиз кўрина олиш санъатини пухта эгаллашга ҳаракат қилади. Ва ўзбек аёли маънавиятининг айнан шу қирраси миллатдошларимиз ҳаётига ўзгача маъно, ўзаро муносабатларига ўзгача жозиба бахш этади. Шунинг учун ҳам айрим гендерчи фаоллар томонидан келинларнинг бирор жойга куёвларидан рухсат сўраб боришлари инсон ҳуқуқларининг топталиши тарзида талқин этилиб, оилада ҳеч ким ҳеч кимга бўйсунмаслиги кераклигини тарғиб этилиши миллий қадриятларни билмаслик, уни оёқости қилиб, миллий ўзига хосликни йўқотишга уриниш, ўзбек оиласи мустаҳкамлигига зарар етказишдан бошқа нарса эмас.
Қозоқбой ЙЎЛДОШЕВ
Манба: Azon.uz “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Эрон Исроил билан кенг кўламли урушга тайёрлигини маълум қилди
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
100 млн сўмгача бўлган кредитлар соддалаштирилган тартибда ажратилади
Германия разведкаси раҳбари: “Россия яқин йилларда НАТОга ҳужум қилиши мумкин”
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”