20:40 / 12.10.2019
5 383

Ҳолливудни забт этган Тошкентлик стилист Шириннинг Лос-Анжелесдаги ҳаёти ҳақида (фото)

Ҳолливудни забт этган Тошкентлик стилист Шириннинг Лос-Анжелесдаги ҳаёти ҳақида (фото)
О, Ҳолливуд, Ҳолливуд.. Барчани ўзига ром этувчи сирли олам. Орамизда ҳеч бир кимса йўқки, бир бора бўлса ҳам ўша машҳур “Юлдузлар аллея”сидан ўтишни орзу қилмаган, таниқли юлдузларни тасодифан бўлса ҳам ҳаётда учратишни хоҳламаган ёки дунёдаги энг машҳур медиа-студиянинг кўнгилочар боғларига боришни истамаган!

Бироқ астойдил ният қилинса, албатта, инсон орзулар амалга ошади. Худди, Лос-Анжелеснинг таниқли стилистларидан бири Ширин Ғуломованинг орзулари каби. Ўзбекистонлик ҳамюртимиз мана бир неча йиллардан бери Американинг энг олди ва обрўли ҳудудида ўз услубига эга стилист сифатида фаолият олиб бормоқда. Ҳозирда у кўплаб моделлар ва юлдузларнинг севимли стилисти ҳисобланади.

Ширин Ғуломова билан яқинроқ танишамиз: Ширин Тошкент шаҳрида таваллуд топган. 2005 йилда Грин карта орқали Нью-Йоркка келади. Бироқ Америкада яшаш оиласига ёқмаганлиги сабаб икки ойдан сўнг Ўзбекистонга қайтиб келади. 18 ёшида Ширин Америкага қайтади. Бу сафар у Нью-Йоркда эмас, балки Лос-Анжелесда яшашга қарор қилади.

Ширин Калифорнияга келганида ҳеч бир иши, таниши йўқ эди. Ҳаттоки, инглиз тилида сўзлашишни ҳам билмасди. Ҳозир эса у - моҳир стилист, “Shirin Nova” гўзаллик студиясининг раҳбари, кўплаб шогирдларнинг устози. Хўш, қаҳрамонимиз бу даражага қандай эришди? Муваффақиятга эришиш йўлида унга кимлар ва нималар туртки бўлди? Чет элда яшашнинг қийинчилик ва афзалликлари нималардан иборат? Биз бугун Ширин билан шу ва бошқа кўплаб мавзуларда суҳбатлашамиз.


Ҳолливуднинг гўзаллик оламига илк қадам...
Тошкентда “Лазокат” гўзаллик салонида илк бор соч турмаклашни ўрганганман. Ўша вақтлар телевизор орқали жаҳоннинг таниқли юлдузлари, айниқса, Женнифер Лопеснинг қўшиқларини эшитганимда, “бир кун шу аёлни кўраман ва сочларини ўзим турмаклайман” деб орзу қилардим. Лекин қандай қилиб бу орзу амалга ошади? Қандай қилиб Ўзбекистонда бўла туриб Америкага бора оламан? Бу ҳақида умуман ўйламаганман. Ёшликда қилинган ҳар бир ният, албатта, ижобат бўлади, деб бежиз айтишмас экан.

Илк бор Нью-Йоркка келганимда, шаҳар айланаётиб, катта бир салон диққатимни тортди. Салон ойнасида ичкарига қараганимда, мен учун шиддатли ҳаёт худди тўхтаб қолгандек бўлди: одамлар хурсанд, бахтиёр, мусиқа жаранги... Шу онда ичимда эйфория бўлиб, ўз-ўзимга айнан шу соҳада ишлашим керак, шу ерда қолишим керак, деганман.


Онажоним қароримни қўллаб-қувватлаган
Мен онамга ўз мақсадларимни айтганимда, улар мени астойдил қўллаб-қувватлайдилар. Аксарият ота-оналар ҳуқуқшунослик, шифокорлик, ўқитувчилик каби соҳаларни муҳим касб деб билишади. Мени онам эса “сенга нима ёқса, шу иш билан шуғуллангин” деб айтганлар. Мен буни ҳеч қачон унутмайман.

Ўз студиямни очганимга икки йил бўлди. Унга қадар, Пол Митчел гўзаллик мактабида таҳсил олдим. Кейин икки йил давомида Ҳолливуднинг таниқли стилистлари Френк Галассо ва Скот Барнас қўлида шогирд бўлиб ишладим. Оллоҳим мени шунчалар сийладики, барча ниятларимга етдим. Бу инсонлар билан ишлаш мен учун катта мактаб бўлди. Шу қадар кўп юлдузлар билан учрашаман деб, ҳеч ҳам ўйламаганман. Қандай қилиб оддий қиз бўла туриб, бу орзу амалга ошириш мумкин, бу ҳақида умуман ўйламаганман (кулади).

Лос-Анжелесга мослашишдаги қийинчиликлар
Бу ерда мен учун тилни билмаслигим – энг катта муаммолардан бири бўлган. Бироқ менда бир хислат бор, менимча бу кўплаб ўзбекларга хос одат: билмаган нарсани ҳам биламан деб айтамиз. Бу яхши одат, деб ҳисоблайман. Шу сабабли, қийинчиликни осон енгиб, тилни янада тез ўрганишга муваффақ бўлганман. Иккинчи қийинчилик – яхши жой ва иш топиш. Чунки бу ерда ҳаммага ҳам ишониб бўлмайди, сиздан фойдаланувчи, алдаб кетувчи инсонлар жуда кўп.

“Америка орзуси”дагиларга маслаҳатлар
Ўзимдан келиб чиққан ҳолда шуни айтаманки, менинг орзуларим қисқа ва лўнда бўлган, яъни яхши стилист бўлиш, машҳурликка эришиш ва ўз салонимни очиш. Ҳаётда ўзингиз учун қисқа ва аниқ мақсадни танлашингиз керак. Америка, ёки умуман бошқа бир давлатга келишдан аввал, ўз соҳангиз ва йўналишингизни танланг. Ана шунда сизга қайси йўлдан бориш кераклигини танлаш ва диққатингизни бир ерда ушлаш осонроқ бўлади.


Аёл кишининг оилада тутган ўрни
Мен учун аёл киши жуда бир нозик хилқат тимсолидир. Биламан, кўп аёллар бизнес соҳасига кириб, бошлиқ сифатида ўзларини тутишга ўрганиб қолишади. Албатта, тадбиркорлик билан шуғулланиш, кун-у тун меҳнат қилиш осонмас. Лекин оилангиз бағрига қайтганингизда, худди устингиздаги “жаҳлдор, жиддий, оғир характерли” костюмингизни кўчага ташлаб, “нозик, нафис” либосни кийиб, уйга умуман бошқа аёл бўлиб, ҳақиқий уй бекаси сифатида киришингиз керак. Чунки ҳар бир хатти-ҳаракатингиз фарзандларингизга ўрнак бўлади. Турмуш ўртоғингиз эса “Аёлим шу бизнесни олиб борса ҳам, оилада нақадар назокатли, лобар” дея сизга бошқача кўз билан қарайди.

Оилам ҳақида
Турмуш ўртоғим билан ҳақиқий дўстлигимиз – оиламизни мустаҳкам қилиб турувчи устунлардан биридир. Биз бир-биримиздан ҳеч нимани беркитмаймиз. Ҳали ҳам ўзимизни илк учрашган дамларимиздагидек, 18 ёшдек ҳис этамиз. Ҳеч қачон улардан ўзимдаги қайсидир хислатларимни беркитишга уринмаганман. 4 ёшли ўғлим бор. Менинг ҳам, турмуш ўртоғимнинг ҳам ўз бизнесларимиз борлиги учун дам олиш кунларини ҳаммамиз биргаликда ўтказишга, саёҳат қилишга, океан томонга боришга ҳаракат қиламиз. Турмуш ўртоғим билан эса ҳафтада бир маротаба, албатта, учрашувга чиқамиз. Биргаликда ресторан, кино, кўнгилочар боғга бориб, суҳбатлашишга ҳаракат қиламиз.

Лос-Анжелесда фарзанд тарбияси
Ўғлим Юсуф ҳозирда рус тилига ихтисослашган боғчага боради. Ўғлимни рус ва ўзбек тилларини мукаммал билишини жудаям хоҳлайман. Уйда фақат ўзбек тилида гаплашамиз. Юсуфни насиб қилса, Ислом мактабига берамиз. У ерда Ислом дини, маданияти ҳақида жуда ҳам бой маълумотларни беришади. Араб тилида ҳам дарслар бўлади. Ўғлим ўз дини, унинг тарихи ҳақида билишини истайман. Шунингдек, мазкур муассаса дунёнинг турли давлатларида ўтказилувчи анжуманларда фаол иштирок этади. Болалар эса бошқа дин вакиллари билан учрашган ҳолда улар билан турли динлар ҳақидаги муҳокамаларда иштирок этиб, ўз динига содиқ қолишни ўрганишади.


Инсон учун зарур бўлган 5 фазилат
1. Сабр. Ёмон кунда ҳам, шу кунга позитив қараб, бундан-да ёмон бўлиши мумкин эди, деб ўзини қўлга олиш.
2. Ҳар доим вазиятга бутунлай бошқа томондан қараб ҳам баҳо бериш.
3. Аллоҳ борлигига ишониш. Сиз ёлғиз эмассиз. Ҳар доим сизни қўллаб-қувватлайдиган, куч берадиган Парвардигор борлигини ёддан чиқарманг.
4. Ҳаётга ишониш. Бу ҳаётда келадиган ҳар бир нарса вақтинчалик. Агар имкон берилса, бу нарсадан дарҳол фойдаланишга ҳаракат қилинг. Сабаби, бари вақтинчалик, бу имкон бошқа берилмаслиги мумкин.
5. Шукроналик. Яхши кун учун ҳам, ёмон кун учун ҳам шукур қилиш!

Лос-Анжелесда яшашнинг афзалликлари ва камчиликлари нимада?
Бу ерда қиш йўқ. Куз, баҳор ёз... Калифорниянинг об-ҳавоси жуда ҳам ёқади. Кейин инсонларнинг ҳаётга бўлган дунёқараши, эркинлиги ёқади. Бу ерда манманлик, ўзини кўз-кўз қилиш йўқ. Шунингдек, хоҳлаган касбингиз билан шуғулланиш имкони мавжуд.

Ёмон томони – бу ердаги мактабларда ёши катталарга ҳурматда бўлиш, ўқитувчиларни эъзозлаш, деган тушунчалар йўқ. Яна бу ерда бир жинсли никоҳга ҳам рухсат этилган. Шунинг учун бу ерда фарзанд тарбиясига жиддий эътибор қаратиш жуда муҳим.

Азиз қизларга чин қалбдан тавсия ...
Ҳаёт шунчалар қизиқ ва ширин. Ҳеч қачон умидингизни узманг. Ҳаётга шундай қарангки, ёшлигингизда қандай ниятлар қилган бўлсангиз, шу орзуларни юрагингизда сақлаб қолинг. Сиздан буни ҳеч ким тортиб ололмайди. Қалбингиз қанчалик пок бўлса, атрофингиздаги инсонлар ҳам шунчалик тоза бўлади. Сиз ўзингизни юрагингиздасиз, сиз улуғсиз, сиз ширинсиз. Сиз шу ўзлигингизни сақлаб қолсангиз, атрофингиздаги одамлар, турмуш ўртоғингиз, адажонингиз, дўстларингиз сизга мутлақо бошқа кўзда қарай бошлашади. Тўғри, ҳаётда жуда ҳам кўп нарсани бой беришингиз мумкин. Лекин ҳар сафар ухлашдан аввал, қалбингиздаги кичик умидга ишониб, уни янада бойитсангиз, ҳаётингиз албатта ўзгаради.

Келгусидаги ниятларим
Келажакда салонимни янада кенгайтиришни ва шогирдларим сонини оширишни истайман. Шундай комюнити (community) очишни истайманки, инсон ташриф буюрганида соч турмаклаш, пардоз, юз парваришлаш, массаж хизматларидан фойдаланиши ва руҳан тетик бўлиб кетсин. Шунингдек, аёлларга психологик ёрдам кўрсатиш, қандай қилиб ўз аёллик хислатларини сақлаб қолиши ва ўзини доим аъло ҳолатда ушлаб туришини ўргатувчи семинарлар ўтказишни истайман.

Айнан, шу каби семинарлар, маҳорат дарсларини Ўзбекистондаги аёллар учун ҳам ўтишни мақсад қилганман. Юртимизга профессиональ даражадаги соч бўяш ва турмаклаш услубини олиб киришни истайман.
Феруза Авазова суҳбатлашди

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Ҳолливудни забт этган Тошкентлик стилист Шириннинг Лос-Анжелесдаги ҳаёти ҳақида (фото)