00:30 / 08.02.2020
4 145

Фаранг хоним сабаб асл исломни топдим...

Фаранг хоним сабаб асл исломни топдим...
Мисрлик Сузи Мазҳар йигирма йилдан бери Аллоҳнинг ҳақ динига чақириш йўлида юрган даъватчи аёл. Унинг исми Аллоҳга қайтиб, тавба қилган санъаткор аёлларнинг исмлари билан боғлиқ, шунингдек, улар орасида Исломиятга даъват борасида анчайин аҳамиятли ўрни бор. Сўзи ўз тавбаси ҳақидаги қиссасини шундай ҳикоя қилади:

"Университетнинг адабиёт факультети журналистика бўлимини тамомлаганман. Бувимнинг қўлида вояга етдим. Санъат устаси, артист Аҳмад Мазҳар амаким бўлади. Кўп вақтларимни театр ва концертлар томошасида ўтказардим. Эркинлик ва ҳурлик деб аталмиш тушунча билан атрофимдаги ҳайвоний кўзлар олдида ўзимни жамолимни кўз-кўз қилиб юрар эдим. Бувим менга қаттиқ турмасдилар. Ота-онам ҳам шу каби эдилар. Ўзи кўпгина зодагон одамлар ва уларнинг фарзандлари шу каби ҳаёт кечиришади. Улар ҳайвонлар каби, балки, улардан баттароқ бўлган турмушда яшашади.

Ҳақиқатда, Ислом ҳақида унинг номидан бошқа ҳеч нарсани билмас эдим. Лекин, мол-дунё ва обрў-эътиборли бўлсамда, менда бир нарсадан қўрқув бор эди… Мен газ ва электрдан чиқадиган ёнғинлардан жуда қўрқардим. Аллоҳ мени қилаётган маъсиятларим туфайли бир куни ўтда ёндириб юборади деган гумон мени қўрқитарди. Эртага Аллоҳнинг азобидан қандай нажот топаркинман, деб ичимда ўйлардим. Баъзида, виждонимнинг бу каби маломатларидан қочиб уйқуга ғарқ бўлар, баъзида эса театр ёки кинога чиқиб кетардим.

Вақти соати етиб, турмушга чиқдим. Турмуш ўртоғим билан "асал ойи" ни ўтказиш учун Францияга, Парижга саёҳат қилдик. Сафарда бир нарса мени эътиборимни тортди. Римда юрган чоғимизда Ватиканда бўлгандик. Рим Папасининг музейига кирмоқчи бўлганимизда, эшикбон эгнимга катта қора халат кийиб олишимни, акс ҳолда киргизмаслигини айтиб туриб олганди… Улар ўзларининг бузилган диёнатларини мана шундай ҳурматлашади…

Шу онда пичирлаб, ўзимга савол бердим: "Бизга нима бўлди, Исломимизни шунчалар ҳурмат қилмай, беэътибор бўлиб қолибмиз?!"
Сунъий бахтиёрлигимнинг энг авжи кечаётган ўша кунларнинг бирида эримга, неъматларига шукрона рамзида Аллоҳ учун икки ракаат намоз ўқиб қўймоқчиман, дедим. У: "Нимани истаётган бўлсанг, шуни қилишинг мумкин, бу сени эркинг!" деди.

Бир куни узун кўйлак ва рўмол олдимда, Париждаги катта жомеъ масжидга кирдим…. Икки ракаат намоз ўқидим…
Масжиддан чиқар эканман, бошимдаги рўмолни ва узун кўйлакни ечиб, энди сумкамга солмоқчи эдим, кутилмаган бир воқеа содир бўлди…

Олдимга кўк кўзли бир француз қиз яқинлашди. Бу кўзларни унутмайман… Бир умр унутмайман… Эгнида исломий либос-ҳижоб… Келиб, қўлимдан оҳиста тутди ва елкамга қўлини қўйиб, паст овозда:
"Опажон, ҳижобингизни нега ечаяпсиз? Ахир, бу Аллоҳнинг буйруғи эканини билмайсизми!!!" дея шивирлади.

Унинг бу сўзларидан донг қотиб қолдим. Кейин, ўзи билан бир неча дақиқага масжидга киришимни илтимос қилди. Рад этмоқчи бўлдиму, лекин, қизнинг чиройли одоби, латиф муомаласи мени ичкарига киришга мажбур қилди…

У: "Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ эканига гувоҳлик берасизми? Ушбу шаҳодат калимаси - "Ла илаҳа иллаллоҳ" нинг маъносини тушунасизми? Улар фақат тилдагина айтиладиган калималар эмас, балки, уни тасдиқлаш ва унга амал қилиш ҳам кераклигини-чи?" деб саволлар ёғдира кетди.

Ўша куни қиз менга ҳаётдаги энг қисқа дарсни таълим берди… Қалбим титраб кетди… Унинг сўзларидан ҳис-туйғуларим юмшаб, таъсирланиб кетдим…
Қисқа суҳбатимиз ниҳоясига етиб, хайрлашар эканмиз, қиз қўлимдан тутиб: "Опажон, динга (Исломга амал қилиш билан) ёрдам беринг…" деди. Масжиддан атрофимда нималар бўлаётганини сезмаган ҳолда, ўй-фикрларимга кўмилиб чиқдим.

Ўша куним эрим билан тунги клублардан бирида кўнгилчоғлик қилиш учун жой буюриб қўйган эдик. "Кабаре" деб номланадиган то тонггача маишат бўладиган ушбу маконда эркагу аёл бирга рақсларга тушишади. Улар мусиқа оғушида, куй оҳангида аста-секин, бўлаклаб-бўлаклаб бир-бирларини кийимларини ечишади… Шармандагарчиликлар авжига минади… Худди ҳайвонлар каби, йўқ, балки ҳайвонлар ҳам қилмайдиган, қилишга ор қиладиган уятсиз ишлар у ерларда то тонггача давом этади…

Томоша қилиб ўтириб, бирдан улардан нафратланиб кетдим… Залолатга чўмган нафсим улардан жирканиб кетди… Улардан юзимни буриб тескари ўгирилиб олдим… Атрофимда ким борлигини сезмай бошладим… Ҳаво етишмаётгандек бўлди… Эримдан нафас олиш учун ташқарига чиқишимизни талаб қилдим…

Эртасигаёқ Қоҳирага қайтиб кетдим. Келасолиб, биринчи ишим Ислом билан танишиш бўлди. Гарчи мен шу вақтгача дунё неъматларига бурканиб яшаган бўлсамда, хотиржамлик ва оромни билмай яшаганман. Лекин, ўша сакийнатни, оромни мен Исломга яқинлашганимдан сўнг, намоз ўқиб, Қуръон тиловат қила бошлаганимдан кейингина топдим.

Атрофимдан жоҳилий ҳаёт чекинди ва мен энди куну-тун Қуръон мутолааси билан банд бўлдим… Ибн Касийр, Саййид Қутбларнинг тафсирларини топиб ўқидим. Хонамда ўтириб олиб, узун соатларни завқ ва шавқ билан китоб ўқишга бағишладим…. Кўп ўқидим… Тунги ўтиришлар, кино-театрлар, маишатлар билан тўлган залолат ҳаётимдан ҳижрат қилдим… Муслима аёллар билан таниша бошладим…

Аввалда, эрим ҳижоб ўрашим, уларнинг жоҳилий ҳаётларидан чекинишим, қариндош ва бошқа эркаклардан ўзимни тортишим, номаҳрам эркаклар билан қўл бериб кўришмаслигим каби ҳатти-ҳаракатларимга қаттиқ туриб қаршилик қилди…

Буларнинг бари Аллоҳ томонидан менга бўлаётган имтиҳон ва синовлар эди. Лекин, иймоннинг илк қадамлари Аллоҳга тўлалигича таслим бўлиш, Унинг кўрсатмаларига бўйсуниш ҳамда Аллоҳ ва Расулини барча бошқа нарсалардан ортиқроқ яхши кўриш билан қўйилади.

Кўпгина муаммолар бошимдан ўтди. Эрим билан ажрашишгача борай дедик…

Лекин…. Кичкинагина уйимизга Исломнинг киришини амр этган Аллоҳга ҳамд бўлсин… Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло эримни ҳам Исломга ҳидоят этди… Ҳозир у мендан кўра яхшироқ мусулмон кишига айланган…. Ҳозир у Аллоҳнинг Ҳақ динига даъват этувчи мухлис кишилардан бири… Майли, мен уни шундай деб ҳисоблайман ва Аллоҳга бирон кишини мақтамайман...

Касалликлар, дунёвий мушкулотлар ва биз дучор бўлаётган бир қанча мусибатларга қарамасдан биз ҳозир бахтиёрмиз… Биз бу мусибатларимиз дунёмиздагина эканидан ва шукрким, динимизда эмаслигидан жуда бахтиёрмиз…"

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Фаранг хоним сабаб асл исломни топдим...